Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ Эронга зарбалар берди

АҚШ кучлари Эрон жанубида миналар ўрнатишга уринаётган қайиқлар ва ракета учириш майдонларига зарбалар берганини маълум қилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги буни «мудофаа ҳаракатлари» деб баҳоламоқда.

Марказий қўмондонлик баёнотида «қўшинларни Эрон кучлари томонидан юзага келаётган таҳдидлардан ҳимоя қилиш» мақсадида янги зарбалар берилгани айтилган.

Шунингдек, 25 май куни Эрон янги ҳаво мудофааси тизими ёрдамида «душманона» кўринмас дронни уриб туширганини маълум қилди. Бироқ дроннинг қаердан учиб келгани очиқланмаган.

«Бу ҳеч қандай кўринмас дрон – энди Форс кўрфази осмонига кира олмаслигининг белгисидир», дея Фарс агентлиги исмини ошкор қилмаган расмийдан иқтибос келтирди.

Минтақадаги кескинликнинг яна бир далили сифатида бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбаларни кучайтиришини айтди. Кўп ўтмай Исроил ҳарбийлари Ливаннинг шарқий Бека водийси ва бошқа ҳудудларга ҳужум қилаётганини маълум қилди.

АҚШнинг мазкур зарбалари – Эрон бош музокарачиси ва ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Доҳада Қатар бош вазири билан эҳтимолий келишувни муҳокама қилаётган вақтда содир бўлди.

Доҳадаги музокаралар асосан Ҳўрмуз бўғози ва Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захираларига қаратилган. Шу билан бирга, якуний келишув доирасида музлатилган маблағларни муҳокама қилиш учун музокараларда Эрон Марказий банки раиси ҳам иштирок этган.

Шу кунларда АҚШ президенти Доналд Трамп кўпроқ араб ва мусулмон давлатларини Исроил билан алоқаларни нормаллаштиришга қаратилган «Иброҳим келишувлари»ни имзолашга чақирмоқда. У Саудия Арабистони ва Қатар буни зудлик билан имзолаши кераклигини, Покистон, Миср, Иордания ва Туркия ҳам улардан ўрнак олиши лозимлигини айтиб, ўзининг бу талабини мажбурий деб атади.

Нетаняҳу идораси ва араб етакчилари Трампнинг бу талаблари бўйича ҳозирча изоҳ бермади.

Россия Киевга янги зарбалар бермоқчи