Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Россия яна «Орешник» отди
Россия якшанба куни Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларга юзлаб дрон ва ракеталар билан зарба берди. Бу тўрт йилликда шаҳарга қилинган энг кучли бомбардимонлардан бўлди.
Украина расмийларига кўра, Россиянинг бир неча соатлик шиддатли ҳужуми оқибатида Киевда икки киши ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна икки киши ҳалок бўлган, 100 га яқин киши жароҳатланган. Бошқа ҳудудларга ҳам зарба берилган, жанубий Херсонда икки киши ҳалок бўлди.
Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг маълум қилишича, Россия жами 90 та ракета ва 600 та дрон учирган. Киев яқинига «Орешник» гипертовушли ракетаси отилди.
Бу уруш бошланганидан бери Россия Украинага қарши учинчи марта «Орешник» ракетасини қўллаши ҳисобланади.
Таҳлилчилар Орешник зарбаси тасвирланган кадрларини таҳлил қилиб, ракетанинг жанговар каллаги 36 та кичик ўқ-дорига — кассетали қисмларга бўлинганини маълум қилди.
Россия ҳужумлари Киев шаҳар марказидаги кўплаб тарихий биноларга зарар етказган. Украина Вазирлар Маҳкамаси ва ташқи ишлар вазирлиги бинолари ҳам енгил шикастланган. Зарбалардан бири Чернобил ядровий ҳалокатига бағишланган янги очилган музейни вайрон қилди.
«Бу Россия учун оқибатсиз қолмаслиги жуда муҳим», деди президент Володимир Зеленский Украинанинг иттифоқчиларини ҳаракат қилишга чақириб.
Европа етакчилари Киевга қилинган ҳужумни қоралади. Буюк Британия ва Германия ядровий каллакларни ташишга қодир бўлган «Орешник» ракетасининг қўлланишини «эскалация» деб баҳолади.
Расмий Москва ушбу зарбалар – Киевнинг Россия фуқаролик объектларига берган зарбаларига жавоб эканини айтди ва ҳужумда «Орешник», «Искандер», «Кинжал» ва «Циркон» ракеталаридан фойдаланилганини билдирди.
Россия мудофаа вазирлиги зарбалар Украина қўмондонлик объектлари ва ҳарбий разведка фойдаланадиган ҳудудларни нишонга олганини билдирди.
АҚШ–Эрон музокаралари
















