Охирги йилларда Ўзбекистоннинг Жанубий Кавказ мамлакатлари билан муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, давлат раҳбарининг Гуржистонга амалга оширган ташрифи давомида ўзаро муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Томонлар товар айирбошлаш ҳажмини 1 млрд долларга етказиш мақсадини белгилади. Расмий Тбилиси билан алоқаларнинг яхшиланиши геоиқтисодий мустақилликни мустаҳкамлаш, экспорт ва транзит йўналишларини диверсификация қилиш нуқтаи назардан ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзаро алоқаларнинг ривожланиши
Ўзбекистон ва Гуржистон ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил 19 августда ўрнатилган. 1990 йилларнинг иккинчи ярми сиёсий мулоқотнинг юқори интенсивлиги билан ажралиб туради. 1995 йил сентябр ойида Грузия парламенти раиси (кейинчалик президент ҳам бўлган) Эдуард Шеварднадзенинг Тошкентга ташрифи муҳим воқеа бўлади. Ушбу ташриф давомида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги таянч шартнома, шунингдек, ҳозирги кунга қадар иқтисодий алоқаларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилаётган эркин савдо тўғрисидаги битим имзоланди. 1996 йил май ойида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг Гуржистонга расмий ташрифи божхонани тартибга солиш, икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш ва ҳаво қатнови соҳаларида меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантиришга олиб келади.
1999 йилда Ўзбекистон GUAM (Гуржистон, Украина, Озарбойжон, Молдова) минтақавий алянсига қўшилиб, уни GUUAM’га айлантирди. Расмий Тошкентнинг асосий мақсади Европа–Кавказ–Осиё транспорт йўлагини ривожлантириш ва эркин савдо зонасини шакллантириш эди. Бироқ ушбу интеграция даври узоқ давом этмади. 2003 йилда Грузияда юз берган "Атиргул инқилоби" ва постсовет ҳудудидаги геосиёсий ўзгаришлар икки томонлама муносабатларнинг кескин совуқлашишига олиб келди. 2003−2005 йилларда Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда содир бўлган “рангли инқилоблар”дан сўнг Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатини ўзгартира бошлади. Расмий Тошкент 2005 йилда GUUAM’нинг Кишинёвдаги саммитида иштирок этишдан бош тортди ва ушбу бирлашмадан тўлиқ чиқиб кетади. Шундан кейин ўн йилдан ортиқ вақт давомида ҳамкорликнинг институционал механизмлари, жумладан, ҳукуматлараро комиссия мажлислари музлаб қолди. Алоқалар минимал савдо операциялари билан чекланди. Шундай бўлса-да, Гуржистоннинг Тошкентдаги элчихонаси сақлаб қолинди, Ўзбекистоннинг Гуржистондаги манфаатлари эса мамлакатнинг Бокудаги элчихонаси орқали ҳимоя қилиб келинди.
Прагматик шерикликнинг тикланиши
Муносабатларнинг қайта тикланиши 2017 йил сентябр ойида БМТ Бош ассамблеяси доирасида Шавкат Мирзиёев ва Гуржистон бош вазири Георгий Квирикашвили ўртасидаги учрашувдан














