Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Реал» Алонсони ишдан бўшатди: класикодаги мағлубият кечирилмади
Жамоани энди Алваро Арбелоа бошқариб туради.
Фото: AFP
Испания Суперкубоги учун бўлиб ўтган ўйиндан кейин 24 соат ўтмасдан Ҳаби Алонсо Мадриднинг «Реал» клуби бош мураббийи лавозимини тарк этди. Аллақачон унинг ўрнини ким эгаллаши маълум – клубнинг бошқа бир собиқ футболчиси Алваро Арбелоа.
Барча учун кутилмаган хабар
Истеъфодан бироз олдинроқ AS нашрида мураббий клубда қолиши ҳақида хабар берилганди. Аммо кўп ўтмай «Қироллик клуби» расмий сайтида ушбу мутахассис билан ҳамкорлик тўхтатилгани ҳақида маълум қилинди.
«„Реал“ футбол клуби Ҳаби Алонсо билан ўзаро келишув асосида жамоа бош мураббийи сифатидаги фаолиятини якунлаш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилади. Ҳаби Алонсо доимо „Реал” мухлисларининг меҳри ва ҳурматига сазовор бўлади, чунки у „Реал” афсонаси ҳисобланади ва ҳар доим клубимиз қадриятларини ўзида мужассам этди. „Реал“ Мадрид ҳамиша унинг уйи бўлиб қолади.
Клубимиз Ҳаби Алонсо ва унинг бутун мураббийлар штабига ушбу даврдаги меҳнати ва садоқати учун миннатдорчилик билдиради ҳамда ҳаётларининг янги босқичида уларга омад тилайди», – дейилган расмий баёнотда.
Шундан кейин турли-туман инсайдлар ёғила бошлади. Хусусан, El Chiringuito нашри футболчилар Ҳабининг истеъфосидан «шокка тушгани» ҳақида ёзди. Бунга параллел равишда «Барселона» билан класико баҳсидан (2:3) кейин мураббий ва жамоа футболчилари ўртасида навбатдаги зиддият юзага келгани ҳақида хабар пайдо бўлди: гўёки мураббий рақиб учун фахрий йўлак ташкил қилиш кераклигини айтган, аммо футболчилар Килиан Мбаппега эргашиб, майдондан чиқиб кетишган.
Журналист Пепе Алвареснинг инсайдлари нисбатан ҳаққоний кўринади. Унинг сўзларига кўра, Алонсонинг ўзи «футболчилар томонидан ҳурматсизликни ҳис қилгани ва уларнинг худбинлигидан чарчагани» учун истеъфога чиққан.
Расмий версияга кўра, шартнома «ўзаро келишув асосида» бекор қилинган.
Алонсога барибир ишонишмади
Ҳабига илк саволлар ёзда, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтидаёқ туғилганди: ўшанда «Реал» яримфиналда «ПСЖ»га 0:4 ҳисобида ютқазган, мадридликлар 24-дақиқага келибоқ учта гол ўтказишга улгурганди. Ўшанда мураббий жамоада мавсумолди йиғинларини ўтказмасдан, жангга ташлангани ҳам инобатга олинмаганди.
Иккинчи огоҳлик қўнғироғи сентябр ойида «Атлетико»га қарши ўйин бўлди, ўшанда Мадрид дербиси 2:5 ҳисобида бой берилганди. Аммо шундан кейин «Реал» олти ғалабадан иборат серия қайд этди (шундан биттаси класикода) ва мураббийнинг истеъфоси ҳақидаги гаплар бир муддатга тинчиди.
Учинчи инқироз эса деярли бир ой давом этди – ноябр бошидан декабргача. Бу оралиқда Мадрид клуби етти ўйиндан фақат иккитасида ғалаба қозона олди. ЕЧЛда «Манчестер Сити»дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин Алонсога вазиятни ўнглаш учун учта ўйин борлиги хабар қилинди. Ва испаниялик мутахассис «Алавес», «Севиля» ва «Бетис»га қарши ўйинларда ғалабага эришиб, яна бир бор ўз лавозимини сақлаб қолди.
Бунга параллел равишда медиада мураббий ва футболчилар ўртасидаги зиддият ҳақида хабарлар чиқиб турди. Хусусан, The Athletic Винисиус айнан мураббий билан келиша олмаётгани туфайли шартномасини узайтиришдан бош тортаётгани маълум қилинди. Шу билан бирга, бразилиялик вингернинг ўзи қаторасига 19 ўйинда гол ура олмаганди, у голсиз сериясини фақат Суперкубок учун баҳсда тўхтатди (аммо бу гол натижа учун етарли бўлмади).
Ва якунда Алонсонинг илк иш кунидан бошлаб ёзиб келинган воқеа содир бўлди.
«Реал» янги Зиданни топишга уринмоқда
Карло Анчелотти ишдан кетгач, Ҳаби Алонсо бозордаги ягона мос вариант бўлиб турганди. Ҳозир ҳам ишсиз юрган топ-мураббийлар кўпайиб қолгани йўқ, шунинг учун клуб раҳбарият яна ўз академиясига мурожаат қилишига тўғри келди. У ерда эса Алваро Арбелоа ишлаётганди.

Ушбу 42 ёшли мутахассис ўтган йил ёзидан «Реал Мадрид Кастиля» жамоасини бошқаришга киришганди. Унинг бошқарувида Мадрид клуби ўринбосарлари 19 ўйинда 31 очко жамғаришган ва Примере федерасион (мамлакатнинг учинчи дивизиони) турнир жадвалида тўртинчи поғонада бормоқда.
Ўз вақтида Зинедин Зидан ҳам шундай йўлни босиб ўтганди. У ёшлар жамоасидан асосий жамоа бошқарувига ўтказилгач, бу жамоа билан қаторасига уч марта Чемпионлар лигасида ғолиб чиқади.
Алонсо шунчалик ёмонмиди?
Аниқ айтиш муминки, йўқ. Унинг бошқаруви даврида жамоа барча турнирлар доирасидаги 34 ўйиндан 24 тасида ғалабага эришди, урилган голлар сони ўтказиб юборилган голлар сонидан икки баравар кўпроқ бўлди. Қаймоқранглилар Примера турнир жадвалида «Барселона»дан кейинги иккинчи ўриинда (орада 4 очколик фарқ) бормоқда.
Чемпионлар лигасида эса «Реал» асосий гуруҳ босқичида кучли саккизликдан ўрин олган («Барселона» эса у ерда 15-поғонада).
Алонсо ҳам ўтган мавсумда бирорта ҳам соврин қўлга киритмаган жамоага келганди. Шундай экан, у ярим мавсумдаёқ вазиятни тубдан ўзгартириши мантиққа тўғри келмасди. Бугунги янгилик шуниси билан кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.
Мавзуга оид
14:09 / 09.02.2026
«Реал» чемпионлик пойгасида қолди, «Интер», «Бавария» ва «ПСЖ» рақибларини йўқ қилмоқда
12:33 / 02.02.2026
«МЮ»да камбэк, «Сити» дарвозасига йил голи, «Реал» амаллади. Кун ўйинлари
16:33 / 30.01.2026
«Реал» яна «Бенфика»га қарши ўйнайди. ЕЧЛ ўтиш босқичига қуръа ташланди
13:37 / 29.01.2026