Қарийб ярим асрдан бери — отаси, Эроннинг сўнгги шоҳи тахтдан ағдарилганидан сўнг — Ризо Паҳлавий АҚШда муҳожирликда яшаб келади. Сўнгги йиллардаги беқарорликлар, жумладан 2026 йил бошидаги воқеалар фонида у намойишчиларни янада фаол ҳаракат қилишга чақирган, ўзини дунёвий ва демократик Эрон тарафдори сифатида намоён этган ҳамда режим алмашиши ғоясини қўллаб-қувватлаган.
Паҳлавий муҳожирликдан ватанига “илк имконият туғилиши билан” қайтишга тайёр эканини ва бундай режаси борлигини билдирган. Шунингдек, у оятуллоҳлар режими ағдарилган тақдирда Эронни бошқариш учун “ўтиш даври жамоаси”ни шакллантириш нияти ҳақида ҳам айтган. Axios маълумотига кўра, АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф Ризо Паҳлавий билан махфий учрашув ўтказган.
Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий ва унинг рафиқаси Фараҳнинг катта ўғли 1960 йилда туғилган. 1967 йилда — отасининг тож кийиш маросимида, етти ёшига бир неча кун қолганда у расман валиаҳд шаҳзода деб эълон қилинган.
Бироқ 1979 йилда Ғарбга мойил монархия ағдарилди ва Эронда бугунгача сақланиб келаётган режим ўрнатилди. Ислом инқилоби Ризо Паҳлавийни АҚШда — у ерда қирувчи самолёт учувчиси бўлиш учун таҳсил олаётган вақтда “кутиб олган”. Кейин у Жанубий Калифорния университетининг сиёсатшунослик факултетига ўқишга кирган ва умрбод АҚШда қолиб кетган.
“Ҳаётимдаги ягона миссия — Эрон халқининг охир-оқибат эркин ва адолатли сайловлар орқали ўз келажагини мустақил белгилай олишини таъминлаш”, — деган Паҳлавий 2023 йилда DW’га. Унинг айтишича, Эронликлар сайловга чиқиб келажагини ҳал қиладиган кун унинг миссияси якунланади ва сиёсий роли ҳам тугайди.
У омма олдида халқ иродаси орқали Эроннинг келажакдаги давлат тузумини белгилаш ғоясини қўллашини айтган бўлса-да, Паҳлавий ўтиш даврида, эҳтимол, узоқ муддатли раҳбарлик ролини ҳам эгаллашга интилмоқда.
2025 йил июнида Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш пайтида Паҳлавий Теҳрондаги режим қулаган тақдирда вақтинчалик ҳукумат раҳбари сифатида ўз номзодини таклиф қилган. “Бугун мен ватандошларимга мурожаат қилиб, ўзимни тинчлик ва демократик ўзгаришлар йўлига етаклайдиган етакчи сифатида таклиф қиламан, — деган у Париждаги матбуот анжуманида. — Мен сиёсий ҳокимиятга интилмайман, балки халқимизга бу ўта муҳим паллада барқарорлик, эркинлик ва адолатга етиб олишда ёрдам беришни истайман”.
Ўшанда у Эронни демократияга олиб ўтиш бўйича режа ва стратегияларини ҳам эълон қилган: “ҳудудий яхлитлик, шахсий эркинликлар ва барча фуқароларнинг тенглиги, шунингдек динни давлатдан ажратиш” тамойилларига таянишини айтган. “Келажак демократиясининг якуний шаклини Эрон халқи умуммиллий референдумда белгилайди”, — деб таъкидлаган у.


















