Жаҳон | 23:20 / 15.01.2026
1131
4 дақиқада ўқилади

Гренландияни АҚШдан ҳимоя қилишнинг учта варианти бор – The Economist

Европада орол атрофидаги кескинликни камайтириш учун вариантлар изланмоқда ва АҚШни тийиб туриш чоралари кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, Европа Иттифоқи Трамп шунчаки Гренландиядан совиб, бошқа нарсага ўтишига умид қилмоқда.

Фото: Martin Finnedal

Европа учун Гренландияни АҚШ таҳдидларидан ҳимоя қилишнинг учта варианти бор: кескинликни юмшатиш, тийиб туриш ёки президент Доналд Трампни бошқа нарсага чалғитишга уриниш, деб ҳисоблайди The Economist. Нашр маълумотларига кўра, сиёсатчилар шошилинч равишда эҳтимолий ҳаракатлар стратегиясини изламоқда.

Агар АҚШ Гренландия устидан назорат ўрнатмаса, буни Россия ёки Хитой амалга оширади, деган АҚШ раҳбарининг хавотирини камайтиришга уриниш Европа Иттифоқининг устувор вазифаси ҳисобланади.

Европалик сиёсатчилар Трампнинг хавотирларини бартараф этиш мумкинлигини исботламоқчи. Хусусан, Дания ТИВ раҳбари Ларс Лёкке Расмуссен АҚШ хавотирлари 18 январ куни «юқори даражадаги ишчи гуруҳда» муҳокама қилинишини айтди.

The Economist нашри билан суҳбатлашган экспертлар Трампнинг орол хавфсизлиги борасидаги хавотирлари бўрттириб кўрсатилганини қайд этган. Аввалроқ Bloomberg Германия Гренландияни ўз ичига олган Арктикани ҳимоя қилиш учун НАТО «Арктика қўриқчиси» қўшма миссиясини тузишни таклиф қилиши ҳақида хабар берган эди. Хавотир учун жиддий асос йўқ, деди Ослодаги Фритйоф Нансен институти Арктика бўйича мутахассиси Андреас Остхаген. Гренландия атрофидаги сувлар «Россия ва Хитой кемалари билан тўлиб-тошгани» ҳақида далиллар жуда кам. Аввалроқ дипломатлар Трампнинг даъволари ёлғон эканини маълум қилганди.

Чеклов чоралари сифатида Европа яқинда имзоланган Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги савдо келишувининг айрим элементларини тўхтатиб қўйиши, шунингдек, Америка технология компанияларига нисбатан назорат босимини кучайтириши мумкин. Янада радикал ғоялар Европадаги АҚШ ҳарбий базаларини ёпиш ёки АҚШ ғазначилик облигацияларидаги Европа активларини оммавий сотишни назарда тутади.

Халқаро алоқалар бўйича Европа кенгашининг тадқиқотлар бўйича директори Жереми Шапиро Европа Иттифоқи бундай чораларни қабул қилиш учун кўпчилик овоз тўплай олишига шубҳа қилди, уларнинг аксарияти тийиб туришдан кўра кўпроқ қасосга ўхшайди. Унинг фикрича, Европа қўшинларини Гренландияда жойлаштириш ва уларни ротация қилиш имкониятини кўриб чиқиш оқилона бўлар эди. Яна бир вариант - маҳаллий ҳокимият рухсатисиз Гренландия ресурсларини ўзлаштириш билан шуғулланадиган Америка компанияларига қарши санкциялар.

Учинчи вариант Трамп шунчаки Гренландиядан чалғиб, бошқа нарсага ўтиб кетишига умид қилишдан иборат. Нашрга кўра, оролнинг куч билан босиб олинишини америкаликларнинг атиги 4 фоизи қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, АҚШ президентининг бундан ҳам муҳимроқ ташвишлари бор: 2026 йил ноябр ойида бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар ва Эрондаги вазият.

«Эҳтимол, Венесуэладаги операциядан кейинги эйфория йўқолгач, у ўзига бошқа мақсад топади. Унинг қатъий риторикаси данияликларни хавфсизлик ёки ресурсларни қазиб олиш бўйича ён беришга мажбурлаш учун мўлжалланган музокара усули бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, Европа шунга умид қилмоқда», деб хулоса қилди The Economist.

15 январга ўтар кечаси Трампнинг Гренландияни аннексия қилиш ҳақидаги таҳдидлари фонида Европанинг олти давлати, жумладан Франция, Германия, Швеция ва Норвегия оролга ўз қўшинларини юборишга қарор қилгани маълум бўлди. Дания ТИВ раҳбари Расмуссеннинг айтишича, унинг мамлакати қўшимча маблағ ажратиш орқали минтақа мудофаа қобилиятига қўшган ҳиссасини ҳам оширди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид