Жаҳон | 13:13
568
3 дақиқада ўқилади

Германия НАТОнинг кенг кўламли машқларини қабул қилмоқда

НАТО 2026 йилдаги энг йирик ҳарбий машқлар — Steadfast Dart 26'ни ўтказмоқда. Бу ҳақда пайшанба куни, 15 январда Шимолий Атлантика алянси хабар берди. Машқларнинг асосий майдони Германия ҳудуди бўлиб, у машқларни қабул қилувчи давлат сифатида ҳам, шунингдек, уларнинг логистика маркази сифатида ҳам иштирок этмоқда.

Фото: Vadim Ghirda/AP/dpa/picture alliance

Манёврлар қўшинлар ва техникани тез ҳамда мувофиқлашган ҳолда кўчира олиш қобилиятини текширишга қаратилган. Шунингдек, кўп миллатли бўлинмаларни қайта жойлаштириш бўйича тайёргарлик ҳам назарда тутилган.

Италия ҳарбийларининг биринчи контингенти, шунингдек ускуналар, жиҳозлар ва транспорт воситалари 15 январ куни Германиянинг Шарқий Фризиядаги Эмден порти (Қуйи Саксония)га етказилиши керак. Италия генерали Никола Мандолезининг Эмденда айтишича: “Бугундан бошлаб Германияга тахминан 10 000 нафар аскар келади”. Dpa агентлиги хабар беришича, Severine юк кемаси шаҳарга аллақачон 2200 тага яқин ускуна ва материални, жумладан, ўнлаб ҳарбий юк машиналари, ёнилғи ташувчи автоцистерналар ва жипларни олиб келган.

НАТОнинг тезкор жавоб кучлари — Allied Reaction Force'нинг бошқа қисмлари ҳам Германияга қуруқлик ва ҳаво орқали колонналар тарзида етиб келади, деди алянс вакили.

Мандолези қўшимча қилди: “Бу машқлар орқали НАТО жанубдан шимолга ва ғарбдан шарққа тез кўчиш қобилиятини намоён қилади ҳамда унинг ягона, самарали ва умуман олганда ҳаракатга тайёр алянс эканини кўрсатади”.

Машқларда 11 та мамлакат иштирок этяпти: Италия, Греция, Германия, Чехия, Испания, Литва, Болгария, Туркия, Франция, Белгия ва Буюк Британия. АҚШ манёврларга қўшилмаган.

Қуруқлик қўшинлари, ҳаво ва денгиз кучлари, шунингдек, космос ва кибербўлинмалар жалб этилган. Техника ҳам кўп миқдорда иштирок этмоқда: 1500 тадан ортиқ ҳарбий транспорт воситалари (жумладан, танклар ва ракета қурилмалари), 20 тадан ортиқ самолёт ва қирувчи, 17 та ҳарбий-денгиз бўлинмаси (десант кемалари, фрегатлар, сувости кемалари ва бошқалар).

Феврал ойида машқларнинг марказий жойи Қуйи Саксониядаги Люнебург чўл-ўтлоғи ҳудудида жойлашган Берген полигони бўлади. Машқлар бошқа ҳудудларда ҳам ўтказилади — масалан, Шлезвиг-Голштейндаги Болтиқ денгизи соҳилларида. Путлос ҳарбий полигонида ҳарбийлар амфибия (денгиз орқали) қўнишини намойиш қилишни режалаштирмоқда.

Бундесвер қабул қилувчи томон сифатида қўллаб-қувватлайди: овқатлантириш, яшаш жойи, тиббий ёрдам, техник қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маслаҳат ва иттифоқчи қўшинларни қўриқлашни таъминлайди. Халқаро иштирокчиларнинг келиши ва кетиши учун Бремен аэропорти ҳам жалб этилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид