Жамият | 09:41
2268
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар АҚШда 10 ойгача қишлоқ хўжалигида ишлаши мумкин

Ўзбекистон фуқаролари АҚШнинг H-2A дастури орқали 10 ойгача қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаш имкониятига эга бўлиши мумкин. Бу йўналишда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилмоқда.

Бу ҳақда Американинг USA Farm Labor компанияси асосчиси ва бош директори Мануэл Фик биринчи Тошкент халқаро миграция форуми доирасида маълум қилди.

Унинг айтишича, компания Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда ўзбекистонликларни АҚШдаги қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш устида иш олиб бормоқда.

“Бу ҳамкорлик АҚШдаги иш берувчилар учун ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш, шу билан бирга, ўзбекистонликларга хорижда меҳнат қилиб, даромад топиш ва турмуш шароитини яхшилаш имконини беради”, — деди Мануэл Фик.

Унинг таъкидлашича, АҚШда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кучли тизим шаклланган. Мамлакатда ишчилар хавфсизлигини таъминлаш, эксплуатация ва инсон савдосининг олдини олишга қаратилган қонунлар амал қилади.

Шу сабабли, АҚШга мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига борадиган ўзбекистонликлар муносиб меҳнат шароитлари ва ҳуқуқий кафолатлар билан таъминланиши айтилмоқда.

Мануэл Фикнинг сўзларига кўра, америкалик иш берувчилар Ўзбекистондан келадиган ёш, меҳнаткаш ва инглиз тилини биладиган малакали ишчиларга қизиқиш билдирмоқда.

Унинг фикрича, мазкур ҳамкорлик нафақат иқтисодий фойда келтиради, балки икки давлат ўртасида тажриба ва касбий кўникмалар алмашинувини ҳам кучайтиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид