Ўзбекистон | 21:21 / 20.01.2026
1989
2 дақиқада ўқилади

Беғараз қон донорлари сони 300 мингдан 900 минг нафарга етказилади

Президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

Фото: Getty images

20 январ куни ўтказилган тақдимотда 2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, қон маҳсулотларига талаб ортиб бораётгани инобатга олиниб, хизмат имкониятларини кенгайтириш ва даволаш муассасаларининг қон ҳамда қон маҳсулотларига эҳтиёжини тўлиқ таъминлашга қаратилган мақсадли чора-тадбирлари ишлаб чиқилган.

Жумладан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида ҳар минг нафар аҳолига қон топширишларнинг (донациялар) сонини 10 тадан 30 тагача ошириш, жами донацияларнинг сонини 1 миллионтагача кўпайтириш орқали тайёрланадиган қон захирасини 150 минг литрдан 450 минг литрга етказиш, беғараз қон донорларининг сонини 300 минг нафардан 900 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

Етакчи халқаро тажриба асосида қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган стандарт операцион жараёнлар, хавфсизлик баённомалари ҳамда замонавий скрининг усуллари жорий этилади. Шу билан бирга, қон хизмати тизими ходимларининг касбий билим ва кўникмалари оширилади, моддий-техник базаси мустаҳкамланади ҳамда беғараз донорлик ҳаракати қўллаб-қувватланади.

Қон билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш учун “эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжирида жараёнларни бошқариш тизими жорий этилади.

Рақамли платформа доирасида “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” ахборот тизими жорий қилиниб, қон ва унинг таркибий қисмлари ҳаракатини назорат қилиш, шошилинч тиббий ёрдам билан интеграцияланган ҳолда буюртма бериш, муассасаларнинг захирасини онлайн мониторинг қилиш имконияти яратилади.

Қон билан ишлаш хизматини молиялаштириш учун 2026 йилда 308 миллиард сўм, 2026-2030 йилларда эса соҳани такомиллаштиришга жами 1,75 триллион сўм назарда тутилгани қайд этилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид