Жаҳон | 19:16
5105
5 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб янги зарбалар: Киевда яна 6 мингта кўп қаватли уй иссиқликсиз қолди

Бу вақтда Зеленскийнинг Трамп билан Давосда режалаштирган учрашуви – сўроқ остида.

Фото: Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшини 20 январга ўтар кечаси навбатдаги марта Украинадаги энергетик инфратузилмасини ўққа тутди. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотига кўра, жами 339 та зарбдор дронлар, «Искандер-М» русумли 18 та баллистик ракета, X-101 русумли 15 та қанотли ракета ҳамда кемаларга қарши қўлланувчи битта «Циркон» ракетаси учирилган. Ракеталардан бештаси ҳамда 24 та дрон нишонга етиб борган, қолганлари уриб туширилган.

Зарбаларнинг асосий йўналиши Киев шаҳри бўлган. Шаҳар мэри Виталий Кличко тонгда ҳужумлар туфайли 5635 та кўп қаватли уй (бу шаҳардаги кўп қаватли уйларнинг ярмидан кўпроқ) иссиқлик таъминотидан узилганини маълум қилди. Киевда ҳозирда кучли совуқ кузатилмоқда, тунда ҳарорат –10 даражадан пастга тушмоқда.

Бу январ ойи бошидан буён Киевнинг ярми иссиқлик таъминотисиз қолиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир – шунга ўхшаш вазият 9 январ кунги ҳужумдан кейин юзага келганди. Россия қўшини шаҳар маъмурияти иссиқлик таъминотини деярли тўлиқ тиклаши билан навбатдаги зарбани бермоқда.

Киевда электр энергиясини ҳам фавқулодда ўчириш ҳолатлари давом этмоқда. ДТЭК маълумотига кўра, Украина пойтахтида 173 минг киши электр таъминотидан маҳрум ҳолда яшашига тўғри келмоқда.

Киевнинг чап соҳил қисмида 3500 га яқин уй аҳолиси сув таъминотисиз ҳам қолган, деб хабар берди бош вазир ўринбосари Алексей Кулеба. Расмийлар яқин вақтлар ичида ичимлик сув таъминотини тиклашни режалаштирган.

Электр таъминотидаги муаммолар туфайли Киев метроси бугун узилишлар билан ишлаган: хусусан, Днипро дарёсининг чап ва ўнг соҳиллари ўртасида поездлар 20-25 дақиқа оралиғи билан қатнамоқда, бир қанча бекатлар тўлиқ ёпилган.

Киевдан ташқари, тунда Киев, Винница, Днипропетровск, Одесса, Запорижжя, Полтава ва Суми областлари ҳам зарбалар остида қолган. Бу регионларнинг аксарида электрни авариявий ўчириш графиклари амал қилмоқда.

Кўп қаватли уйлардан бирида портлаш оқибатида деразалари синиб кетган квартира. 2026 йил 20 январ
Yan Dobronosov / Global Images Ukraine / Getty Images
Кафедаги кўчма электр генератор. 2026 йил 20 январ
Sergei SUPINSKY / AFP / Scunpi[/ LETA

Тинчлик музокаралари

19 январ куни бошланган ва жумагача давом этадиган Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида Володимир Зеленский ва Доналд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтиши ҳозиргача аниқ эмас.

Аввалига Трамп, Зеленский ва Европа етакчилари ўтган йил кузида Киевга урушдан кейинги хавфсизлик кафолатлари бўйича Парижда бўлиб ўтган «кўнгиллилар коалицияси» саммитида эришилган келишувларни якунлаши режалаштирилган эди. Бироқ, АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Гренландия можароси фонида Украина мавзуси иккинчи даражага тушиб қолди.

Шунингдек, ОАВ маълумотларига кўра, Украина ва АҚШ президентлари Украина иқтисодиётини тиклаш учун 10 йил ичида 800 миллиард доллар сармоя киритишни назарда тутувчи келишувни имзолашни режалаштирган.

Бугун Axios нашрининг Америкадаги манбаси Трамп ҳали ҳам Зеленский ва Европадаги баъзи давлатлар етакчилари билан учрашишни режалаштираётгани, бироқ қандайдир кескин келишувлар кутилмаётганини маълум қилди. Манбага кўра, инвестиция шартномаси ҳали ҳам такомиллаштиришни талаб қилади ва уни имзолашнинг аниқ санаси йўқ.

Зеленский эса бу вақтда ҳозирча Жаҳон иқтисодий форумига бормаслигини маълум қилди ва буни энергетика инфратузилмаси ўққа тутилиши сабабли Украинада қолиш зарурати билан изоҳлади. «Албатта, мен бу ҳолатда Украинани танлайман, иқтисодий форумларни эмас. Лекин ҳамма нарса ҳар дақиқада ўзгариши мумкин. Чунки мен ва украинлар учун бу урушни тугатиш жуда муҳим», – деди у.

Шу билан бирга, Украина президенти амалда Давосга ташриф бўйича ноаниқлик АҚШ билан музокараларда олдинга силжиш йўқлиги билан боғлиқлигини билдирган. «Албатта, Америка билан [олий даражадаги] ҳар бир учрашув Украинанинг кучайиши ёки уруш тугашига яқинлашиши учун аниқ натижалар билан якунланиши керак. Ва агар ҳужжатлар тайёр бўлса, учрашамиз», – деди Зеленский.

Ҳаво ҳужуми вақтида ерости автотураргоҳида болалари билан жон сақлаётган аёл. 2026 йил 20 январ
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA
Кўп квартирали уйда яшовчилар ҳовлида овқат тайёрламоқда. 2026 йил 18 январ
Danylo Antoniuk / Ukrinform / NurPhoto / Getty Images
Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид