Жаҳон | 13:00 / 20.01.2026
1235
6 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқнинг Гренландия бўйича фавқулодда саммити 22 январ куни бўлиб ўтади

ГФР канцлери Фридрих Мерц ва бошқа Европа етакчилари Гренландия атрофидаги вазият сабаб АҚШга нисбатан жавоб божларини жорий этиш эҳтимолини муҳокама қилади. Европа Иттифоқининг жавоб чоралари 7 февралдан кучга кириши мумкин.

Фото: Global Look Press/Nicolas Maeterlinck

Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари 22 январ куни кечқурун Брюсселда Гренландия атрофидаги вазият бўйича фавқулодда саммитга тўпланади. Бу ҳақда душанба, 19 январ куни Европа кенгаши раиси Антониу Кошта вакили маълум қилди. Инқироз бўйича йиғилишда Европа етакчилари АҚШ президенти Доналд Трампнинг Гренландия масаласидаги позицияси учун Германия ва яна еттита Европа мамлакатига қарши 10 фоизлик бож жорий этиш таҳдидига умумий жавобни муҳокама қилади.

Европа Иттифоқи томонидан жавоб божларини жорий этиш “истисно қилинмайди”, деди иқтисодиёт бўйича еврокомиссар Валдис Домбровскис Брюсселдаги ЕИ мамлакатлари молия вазирлари учрашуви олдидан.

Еврокомиссия вакили тасдиқлашича, назарий жиҳатдан 7 февралдан Европа Иттифоқининг умумий қиймати 93 млрд евро бўлган Америка товарларига нисбатан махсус тарифлари кучга кириши мумкин. Бу божлар 2025 йилда АҚШ билан тариф низоси доирасида тайёрланган бўлиб, агар уларни “музлатиб қўйиш” муддати узайтирилмаса, автоматик равишда амалга кириши кўзда тутилган. Бундай ҳолда Европа жавоб чоралари АҚШнинг кенг турдаги товарларига таъсир қилади: самолётлар, автомобиллар, мол гўшти, ичимликлар ва цитрус мевалар шулар жумласидан.

Аввалроқ маълум бўлишича, Трампнинг иқтисодий таҳдидларидан сўнг Европа парламенти депутатлари ЕИ ва АҚШ ўртасидаги трансатлантик савдо келишувини маъқулламайди. Ушбу келишув АҚШнинг ЕИдан импортга тарифларини 15 фоиз даражасида белгилашни, эвазига Европа Иттифоқининг Америка экспортига қўйилган божлардан воз кечишини назарда тутган эди.

Der Spiegel журнали ва Reuters агентлиги Брюсселдаги манбаларга таяниб хабар беришича, Европа Иттифоқи АҚШнинг эҳтимолий янги божларига жавобан ўз ҳудудида Америка компаниялари фаолиятини чеклаш ғоясини ҳам кўриб чиқмоқда.

Можаронинг сабаби — Доналд Трампнинг ҳозирда Дания Қироллиги таркибида автоном ҳудуд ҳисобланган Гренландия устидан АҚШ назоратини ўрнатишга интилиши бўлди. Оқ уй раҳбари бу гўё АҚШ хавфсизлиги учун зарурлигини, акс ҳолда оролни Хитой ёки Россия эгаллаб олишини айтади. Дания ва бошқа Европа расмийлари эса Гренландия аллақачон НАТОнинг жамоавий мудофаа меъёрлари билан ҳимояланганини таъкидлайди. Бундан ташқари, оролда АҚШ ҳарбийларининг мавжудлиги 1951 йилги келишув билан таъминланган ва Вашингтон агар у ерга қўшимча қўшин юборишни истаса, бу ҳақда шунчаки Копенҳагенни хабардор қилиши мумкин.

14 январ куни Вашингтонда Дания ва Гренландия ташқи ишлар вазирлари — Ларс Лёкке Расмуссен ва Вивиан Моцфелдт АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс ҳамда давлат котиби Марко Рубио билан учрашди. Маслаҳатлашувлар натижасиз якунланган.

15 январ куни Германия Дания таклифига кўра НАТОдаги ҳамкор давлатга ҳарбий кўмак имкониятларини ўрганиш мақсадида, Arctic Endurance (“Арктик чидамлилик”) миссияси доирасида бундесвернинг разведка гуруҳини Гренландияга юборди. Немис аскарлари, хусусан, денгиз кузатуви соҳасида ҳарбий ёрдам имкониятларини ўрганаётгани билдирилди. Дания раҳбарлигидаги миссияда Франция, Швеция ва Норвегия ҳарбийлари ҳам иштирок этмоқда. Буюк Британия ҳам Гренландияга ўз қўшинларини юборишни кўриб чиқaётгани ҳақида хабар қилинган.

16 январ куни Трамп агар Буюк Британия, Германия, Дания, Нидерландия, Норвегия, Финландия, Франция ва Швеция АҚШнинг Гренландияга даъволарини қўллаб-қувватламаса, уларга қарши 10 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди. Эртанги куни немис бундесверининг 15 нафар аскаридан иборат гуруҳи арктик оролни тарк этди. Шу билан бирга, Европанинг саккизта мамлакати Трампга “якдил жавоб” беришини ваъда қилгани айтилди.

19 январ куни маълум бўлишича, АҚШ президенти Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёрега мактуб ёзиб, агар АҚШ “Гренландия устидан тўлиқ ва мутлақ назорат” ўрнатмаса, “дунё хавфсиз бўлмайди”, деган.

Трамп, шунингдек, Норвегия “саккизта ва ундан ҳам кўп урушларни тўхтатгани учун” унга Нобел тинчлик мукофотини “беришни истамагани” сабаб, “энди фақат тинчлик ҳақида ўйлашга ўзини мажбур деб ҳисобламаслиги”ни ҳам ёзган. Стёре жавоб тариқасида Нобел мукофотларини Норвегия ҳукумати эмас, мустақил Нобел қўмитаси тақдим этишини эслатган. 2025 йил учун Тинчлик мукофоти Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадога берилган, у 15 январ куни бу мукофотни Оқ уйда Трампга топширган.

19 январ куни AFP агентлиги хабар беришича, Норвегиянинг минглаб фуқаролари ҳарбий идорадан хат олган: унда уруш ҳолатида миллий мудофаа манфаатлари учун уларнинг уйлари, автомобиллари, қайиқлари ва бошқа техникаси мусодара қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Норвегия армияси логистика хизмати раҳбари Андерс Йернберг мамлакат “Иккинчи жаҳон урушидан бери хавфсизлик сиёсати нуқтаи назаридан энг жиддий инқироз”ни бошдан кечираётганини айтган. Норвегия НАТО аъзоси, аммо ЕИ аъзоси эмас. Шунингдек, мамлакат Шимолий Муз океани соҳилида жойлашган ва шарқ томонда Россия билан кичик чегарага эга.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид