Жаҳон | 11:15 / 21.01.2026
3154
2 дақиқада ўқилади

Оқ уй: Трамп самолёти электроникадаги носозлик сабаб ортга қайтди

Трамп самолёти эҳтиёт чораси сифатида Эндрюс ҳарбий базасига қайтган. У ерда АҚШ президенти ва уни кузатиб бораётганлар бошқа самолётга ўтиб, Давосга йўлни давом эттиради.

Фото: Axel Schmidt/REUTERS

АҚШ президентининг Air Force One самолёти Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумига парвоз давомида электроника ишидаги “катта бўлмаган” носозлик сабабли ортга қайтишга мажбур бўлди. Бортида АҚШ президенти Доналд Трамп бўлган самолёт эҳтиёт чораси сифатида Эндрюс ҳарбий базасига (Joint Base Andrews) қайтарилганини Трамп матбуот котиби Каролин Левитт сешанба, 20 январ куни маълум қилди. У ерда Трамп ва унинг ҳамроҳлари бошқа самолётга ўтиб, сафарни давом эттиради.

Трампнинг Давос форумидаги чиқиши чоршанба куни соат 14:30 га режалаштирилган — бу Гренландия атрофидаги инқироз фонида бўлиб ўтади. Жўнаб кетишидан олдин Трамп Давос сафари қандай ўтишини “умуман билмаслигини” айтган.

Чиқишдан кейин АҚШ президенти Жаҳон иқтисодий форумининг йиллик йиғини доирасида бир қатор давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашишни режалаштирмоқда. Муҳокамаларда АҚШнинг Гренландия бўйича режалари ҳам кўтарилиши кутилмоқда. Бу йил АҚШ Давосда одатдагидан анча катта делегация билан қатнашмоқда.

Трампнинг яқинда Гренландияни қўшиб олиш бўйича даъволарига қарши чиққан, ўзи “рақиблар” деб атаган саккизта Европа мамлакатига нисбатан божлар жорий этиш таҳдиди кескин танқидга сабаб бўлган. Франция президенти Эммануэл Макрон бу таҳдидларни “қабул қилиб бўлмайдиган”, айниқса “ҳудудий суверенитетга босим ўтказиш воситаси сифатида қўлланганда” мутлақо номақбул деб атаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид