Жаҳон | 07:45
1937
4 дақиқада ўқилади

Аляска, Флорида, Луизиана: АҚШ тарихидаги энг катта харидлар

АҚШ тарихининг дастлабки бир ярим асри давомида мамлакат фақат урушлар ва кўчиришлар ҳисобига эмас, балки том маънода — катта ҳудудлар учун чек ёзиб тўлаш орқали ҳам кенгайган. Америка экспансияси тарихи кўп жиҳатдан йирик битимлар тарихи ҳам бўлган.

Қуйида бу қандай кечгани ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Луизиана хариди (1803): мамлакатни икки баробар катталаштирган битим

АҚШ тарихидаги энг йирик ер битими Наполеоннинг Европадаги муваффақиятсизликлари фонида тузилган. 1803 йилда президент Томас Жефферсон Францияга 15 миллион доллар тўлашга рози бўлиб, Луизиана деб аталган улкан ҳудудни сотиб олган. Бу харид ёш давлат ҳудудини деярли икки баробар кенгайтирди ва Ғарбга томон кейинги силжишга пойдевор бўлди. Миссисипи дарёсидан Қоятош тоғларигача чўзилган ерлар кейинчалик 15 та ҳозирги штат таркибига тўлиқ ёки қисман кирган.

Флоридани сотиб олиш шартномаси (1819)

Орадан ўн йилдан сал кўпроқ ўтиб, АҚШ диққати жанубга қаратилди. Адамс—Онис шартномасига кўра, Испания Флоридани АҚШга берди, Америка ҳукумати эса ўз фуқароларининг Испания тожига қўйган даъволари бўйича тахминан 5 миллион доллар тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Битим стратегик аҳамиятга эга ҳудуд устидан назоратни таъминлагани баробарида, чегараларни ҳам аниқлаб, икки собиқ колониал давлат ўртасидаги кескинликни пасайтирган.

Фото: World Visualized

Мексика цессияси (1848)

Мексика—Америка уруши 1848 йилда Гваделупе-Идалго шартномаси билан тугади. Натижада Мексика ҳозирги Калифорния, Невада, Юта, Аризона, шунингдек Колорадо, Вайоминг ва Ню-Мексиконинг айрим қисмларини ўз ичига олган улкан ҳудудларни берган. Расман бу “харид” ҳисобланмаса-да, АҚШ 15 миллион доллар тўлаган ва бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Кўлами жиҳатидан бу АҚШ тарихидаги энг катта ҳудудий кенгайишлардан бири бўлган.

Гадсден хариди (1854)

Жанубий трансконтинентал темирйўл қуриш ва Мексика билан чегара баҳсларига нуқта қўйиш мақсадида АҚШ дипломатлари Гадсден битимини тузди. 10 миллион доллар эвазига АҚШ ҳозирги Аризона ва Ню-Мексико жанубий ҳудудларида жойлашган 77 минг км² дан ортиқ ерни сотиб олди ва қитъавий АҚШ чегаралари якуний шаклланди.

Аляска хариди (1867)

Энг машҳур ва дастлаб танқид қилинган битимлардан бири — Аляска хариди. 1867 йилда АҚШ Россиядан 1,72 миллион км² ҳудудни атиги 7,2 миллион долларга сотиб олган — тахминан ҳар акр учун икки центдан. Замондошлар буни “Сюарднинг аҳмоқлиги” деб атаган, аммо кейинчалик бу ернинг ресурс ва стратегик қиймати улкан экани тасдиқланиб, Аляска АҚШнинг 49-штатига айланган.

Виргин ороллари (1917)

АҚШнинг харидлари қитъадан ташқарида ҳам юз берган. Биринчи жаҳон уруши авжида, 1917 йилда АҚШ Даниядан Дания Вест-Индиясини (ҳозирги Америка Виргин ороллари) 25 миллион доллар олтин эвазига сотиб олди. Бу харид АҚШга Кариб денгизида муҳим ҳарбий-денгиз таянч нуқтасини берди ва мамлакатнинг сўнгги йирик ҳудудий хариди бўлиб қолди.

Бу битимлар тарихи шуни кўрсатадики, АҚШ харитаси фақат жанг майдонларида эмас, балки музокара столлари атрофида ҳам — шартномалар, имзолар ва катта пуллар ёрдамида шаклланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид