Парламент ўз раисига Люксембургдаги судга сўров юбориб, келишув юзасидан ҳуқуқий хулоса беришни сўрашни топширди. Бундай хулосани кутиш Бразилия, Аргентина, Парагвай ва Уругвай билан тузилган шартномани ратификация қилиш жараёнини сезиларли даражада секинлаштириши мумкин.
Dpa агентлиги қайд этишича, назарий жиҳатдан, агар Еврокомиссия бунга рози бўлса, суд хулосаси эълон қилинмасидан олдин ҳам келишув вақтинча қўлланиши мумкин.
Европарламентдаги социал-демократлар фракцияси раиси Рене Репази аввалроқ судга мурожаат қилиш Еврокомиссияни якуний қарорни кутмасдан, келишувнинг савдо қисмига доир бандларини вақтинча қўллашга қарор қилишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди. Еврокомиссия эса кейинги қадамларни ЕИга аъзо давлатлар ва Европарламент билан муҳокама қилиш нияти борлигини билдириб, депутатларнинг қарорини “жуда афсусланарли” деб атади.
Келишувнинг ўзи шанба куни, 17 январда Парагвайда 25 йиллик музокаралардан кейин имзоланган. У ЕИ ва Меркосур мамлакатлари ўртасида товар ва хизматлар алмашинувини рағбатлантириш мақсадида савдо тўсиқлари ва божларни камайтиришни назарда тутади.
Судга мурожаат қилиш ташаббуси асосан сўллар ва “яшиллар”дан чиққан, бироқ уни ўнг кучлар вакиллари ҳам қўллаб-қувватлаган. Танқидчилар келишувнинг сиёсий ва савдо қисмларга бўлинишига эътибор қаратмоқда: сиёсий қисми ЕИ мамлакатларининг миллий парламентларида ратификация қилиниши керак, савдо қисми эса фақат Европарламент тасдиғини талаб қилади. Даъвогарлар фикрича, бу амалда миллий қонун чиқарувчи органларни четлаб ўтишга олиб келади.
Бундан ташқари, улар Меркосур давлатларига компенсация ва зарарни қоплашни талаб қилиш имконини берувчи механизмдан, шунингдек истеъмолчиларни ҳимоя қилиш, атроф-муҳит ва ҳайвонлар фаровонлиги соҳасида ЕИ стандартлари сусайиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Европа халқ партияси ва социал-демократлар фракцияларининг расмий позицияси судга мурожаат қилишга қарши бўлганига қарамай, айрим миллий делегациялар — айниқса Франция ва Полшадагилар бошқача овоз берди. Европарламентда фракциявий интизом одатда миллий парламентларга қараганда камроқ қатъий ҳисобланади.
ГФР канцлери Фридрих Мерц Европарламент қарорини кескин танқид қилди. У Европа Иттифоқи судига мурожаатни “афсусланарли” деб атаб, бу қарор ҳозирги геосиёсий вазият ва Европанинг манфаатларини ҳисобга олмаганини айтди.
Мерцнинг сўзларига кўра, Меркосур давлатлари билан келишув — ЕИнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаши, савдо алоқаларини диверсификация қилиши ва Европанинг айрим бозорлар ҳамда етказиб берувчиларга боғлиқлигини камайтириши керак бўлган муҳим стратегик лойиҳадир. Канцлер федерал ҳукумат келишувнинг қонунийлигига ишонишини ва уни амалга ошириш учун юридик тўсиқ кўрмаётганини таъкидлади.










