Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев Давосда бир қатор давлатлар ва компаниялар раҳбарлари билан учрашди
Давлат раҳбари Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва бошқалар билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросими доирасида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашди.
Етакчилар дўстона руҳда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Кўп томонлама, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев АҚШ “Blackrock” компанияси директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан учрашди.

Ушбу етакчи компания билан инвестициявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. “Blackrock” компаниясининг мамлакатимиздаги устувор лойиҳаларда иштирок этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Компаниянинг Ўзбекистондаги бир қатор корхоналар капиталига кириш, қўшма инвестиция механизмларини ишлаб чиқиш ва мамлакат инвестиция муҳитини яхшилаш учун халқаро экспертизани жалб қилиш бўйича ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашди.

Ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Банкнинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга, инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етди. 2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.
Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди. Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.