Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ энг йирик гиёҳвандлик империяларидан бирини яратган собиқ спортчини қўлга олди
44 ёшли Уэддинг «Синалоа» картели аъзоси бўлиб, Мексикада ўн йилдан ортиқ вақт давомида яшириниб юрган ва бир вақтнинг ўзида «гиёҳванд моддалар савдоси бўйича трансмиллий операцияни бошқарган».
Фото: FBI
Канаданинг собиқ сноубордчиси Райан Жеймс Уэддинг 22 январ куни кечқурун Мексикада ҳибсга олинди, деб хабар берди NBC News. Бу ҳақда ФҚБ директори Кэш Пател маълум қилди.
АҚШ расмийларига кўра, 44 ёшли Уэддинг «Синалоа» картели аъзоси бўлиб, Мексикада ўн йилдан ортиқ вақт давомида яшириниб юрган ва бир вақтнинг ўзида «гиёҳванд моддалар савдоси бўйича трансмиллий операцияни бошқарган».
Пателнинг айтишича, Уэддинг Колумбиядан юзлаб килограмм кокаинни Мексика ва Жанубий Калифорния орқали АҚШ ва Канадага олиб ўтган. ФҚБ директори уни марҳум колумбиялик наркобарон Пабло Эскобар ва Мексиканинг «Синалоа» картелининг раҳбари Хоакин «Эл Чапо» Гусман билан таққослади. Бош прокурор Пэм Бондининг айтишича, Уэддинг АҚШга олиб кетилган ва суд олдида жавоб беради.
2025 йил март ойида Уэддинг ФҚБ томонидан энг кўп қидирилган ўн нафар жиноятчи рўйхатига киритилди, унинг жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 15 миллион доллар мукофот пули белгиланди. 2024 йил сентябр ойида у қотилликка уриниш ва гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ бошқа жиноятларда айбланди.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, Уэддингнинг жиноий фаолияти 2008 йилда - Солт-Лейк-Ситидаги қишки Олимпия ўйинларида Канада вакили бўлганидан олти йил ўтиб бошланган. 2009 йил ноябр ойида у кокаин тарқатиш учун тил бириктирганликда айбдор деб топилди ва 48 ойлик федерал қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2011 йил декабр ойида озод қилинди. Озодликка чиққач, ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, у ўзининг жиноий гиёҳвандлик империясини яратган.
Ўтган ойда Мексика ҳукумати Уэддингга тегишли деб тахмин қилинаётган, умумий қиймати 40 млн долларга яқин бўлган ўнлаб мотоциклларни мусодара қилганди. Шунингдек, Мехиконинг турли жойларида иккита Олимпиада медали, иккита автомобил, гиёҳванд моддалар, санъат асарлари ва бошқа буюмлар мусодара қилинган. Расмийлар Уэддинг «Синалоа» картелининг ҳимояси остида Мексикада яширинган деб тахмин қилган эди.
Мавзуга оид
22:44 / 23.01.2026
«Бош режа бор, "Б" режа йўқ» – АҚШнинг Янги Ғазо режаси тафсилотлари
22:37 / 23.01.2026
АҚШ расман ЖССТ таркибидан чиқди
14:35 / 23.01.2026
«Россия кемаларини худди Қримдагидек Гренландияда ҳам чўктириш мумкин» – Зеленский
11:09 / 23.01.2026