Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кучли бўрон остидаги АҚШ, Хитой армиясида «тозалаш» ва рекордларни ураётган олтин – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ кучли бўрон остида қолди
Шу кунларда АҚШ бўйлаб хавфли қишки бўрон кузатилмоқда. Миллий об-ҳаво хизмати маълумотига кўра, «ҳаёт учун хавфли» шароитлар туфайли мамлакат бўйлаб мактаблар ва йўллар ёпилди, кўплаб авиақатновлар бекор қилинди. Луизианада камида икки киши гипотермиядан вафот этган. АҚШ бўйлаб бўрон билан боғлиқ камида 7 та ўлим ҳолатлари қайд этилган.
Якшанба куни тушдан кейин 800 мингдан ортиқ уй хўжалиги электрсиз қолган, шу билан бирга, 11 мингдан ортиқ рейс бекор қилинган.
Бўрон бир неча кун давом этиши мумкин ва у 180 миллионга яқин америкаликни, яъни АҚШ аҳолисининг ярмидан кўпроғини қамраб олиши айтилмоқда.
«Қор ва муз жуда секин эрийди ва яқин орада йўқолмайди. Бу эса ҳар қандай тикланиш ишларига жиддий тўсқинлик қилади», деди миллий об-ҳаво хизмати метеорологи Аллисон Санторелли.
Ню Йорк шаҳри мэри Зоҳран Мамдани шанба куни шаҳарда камида беш киши вафот этганини ёзди, бироқ ўлим сабаблари ҳали аниқланмаган. Ню Йорк штати губернатори Кети Ҳокул ҳам аҳолини уйда қолишга ва йўлларга чиқмасликка чақирди.
Мутахассислар бўроннинг энг катта хавфларидан бири муз эканини таъкидламоқда. Муз дарахтларга зарар етказиши, электр узатиш тармоқларини узиши ва йўлларни хавфли ҳолга келтириши мумкин.
Канадада ҳам кучли қор ёғиб, юзлаб авиарейслар бекор қилинди. Расмийлар Онтарио провинциясида 30 смгача қор ёғиши кутилаётганини баҳоламоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, кучли бўронга қутб гирдоби — ҳар йили қишда Арктика устида шаклланадиган ва ниҳоятда совуқ ҳавони ўзида тутиб турувчи кучли ғарбий шамоллар халқаси сабаб бўлган.
Рафаҳ очилиш учун шарт
Исроил ҳарбийлари Ғазодаги сўнгги гаровга олинган шахснинг жасадини топиш учун «кенг кўламли амалиёт» олиб бормоқда. Исроил томонига кўра, ушбу миссия якунлангачгина Миср билан чегарадаги Рафаҳ ўтиш пункти қайта очилади.
Бу баёнот — АҚШнинг юқори мартабали элчилари Бинямин Нетаняҳу билан учрашиб, Ғазога ёрдам кириши учун ушбу чегарани қайта очишга ундаганидан бир кун ўтиб янгради.
Исроил илгари ҳам Гвили бўйича қидирувлар олиб борган бўлса-да, бу сафар одатдагидан кўпроқ тафсилотлар ошкор қилинди. Ҳарбийлар Ғазонинг шимолида, «сариқ чизиқ» яқинидаги қабристонда қидирув олиб борилаётганини маълум қилди.
Аслида Рафаҳ чегараси ўтган йил октябрда — Доналд Трампнинг урушни якунлаш режаси дастлабки босқичидаёқ очилиши керак эди. Исроил ўтиш пунктини қайта очишни Ҳамас томонидан гаровга олинганларнинг барчасини қайтариш билан боғлаган.
Ҳамас якшанба куни берган баёнотида гаровдаги жасад қолдиқлари бўйича ўзида мавжуд бўлган барча маълумотларни тақдим этганини, лекин Исроил қидирув олиб боришга тўсқинлик қилаётганини айтди.
Аввалроқ янги Фаластин қўмитаси раҳбари Али Шаат Рафаҳ ўтиш пункти шу ҳафта очилишини айтган эди. Ғазода яшовчи 2 миллиондан ортиқ аҳолининг деярли барчаси учун ягона кириш-чиқиш йўли 2024 йилдан бери Исроил ҳарбийлари назорати остида.
Бу орада Шарқий Қуддусдаги Фаластин қочқинлари бўйича БМТ агентлигининг ёпиб қўйилган штаб-квартираси ҳам ёқиб юборилди. Исроил булдозерлари бир неча кун олдин мажмуанинг бир қисмини вайрон қилганди.
Хитой армиясида яна «тозалаш»
Хитой шанба куни икки юқори мартабали ҳарбий «интизом ва қонунларни жиддий бузишда» гумон қилиниб, тергов қилинаётганини эълон қилди. Улардан бири Си Жинпингнинг энг яқин ҳарбий иттифоқчиси сифатида кўрилган — Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари Чжан Ëухя ва яна бир юқори мартабали ҳарбий генерал Лю Чженли.
Агар Чжан лавозимидан четлатилса, бу 1989 йилдаги намойишлардан бери Хитой армиясидаги энг йирик кадрлар алмашинуви бўлади.
The Washington Post нашрининг ёзишича, Чжаннинг вазифадан четлатилиши ХХР раиси қўлида ҳарбий ҳокимиятнинг мисли кўрилмаган даражада жамланишини англатади. Хитой армиясидаги коррупцияга қарши терговлар натижасида Марказий ҳарбий кенгашда атиги икки киши қолган, улардан бири ҳам Хитой раҳбари.
Тайван эса Хитой армияси раҳбариятидаги ўзгаришларни «ғайритабиий» деб атаб, диққат билан кузатмоқда. Тайван мудофаа вазири Вэллингтон Гунинг маълум қилишича, Хитойнинг эҳтимолий ниятларини «англаб етиш» учун қўшма разведка ва кузатув маълумотлари алмашинувидан фойдаланилади.
Хитой Тайванни ўз назорати остига олиш учун куч ишлатишдан воз кечмаган ва ўтган ойнинг охирида орол атрофида навбатдаги ҳарбий машғулотлар ўтказганди.
Олтин нархи тарихий ўсишда давом этмоқда
Олтин нархи тарихда илк бор бир унция учун (тахминан 31 грамм) 5 000 доллардан ошди. Бу қимматбаҳо металл нархи 2025 йилда 60 фоиздан кўпроқ қимматлашган тарихий ўсишда давом этмоқда.
Бу ҳолат АҚШ ва Европа ўртасида юзага келган кескинлик, шунингдек, молиявий ва геосиёсий ноаниқликлар кучайиб бораётган бир пайтда содир бўлди. АҚШ президенти Доналд Трампнинг божлари ва ноаниқ савдо сиёсати ҳам бозорларда хавотир уйғотмоқда. Бундан ташқари, одатдагидан юқори инфляция ва АҚШ долларининг заифлашуви ҳам бунга туртки бўлган.
Шу билан бирга, олтинни фақат инвесторлар сотиб олаётгани йўқ. Ўтган йили марказий банклар ҳам юзлаб тонна олтин қуймаларини ўз захираларига қўшган.
Олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар — инвесторлар ноаниқлик даврида сотиб оладиган «хавфсиз бошпана» сифатида қаралади. Ўтган ҳафта кумуш ҳам тарихда илк бор бир унция учун 100 доллардан ошди, унинг ўтган йилдаги қарийб 150 фоизлик ўсиши давом этмоқда.
Олтиннинг энг катта жозибаларидан бири — унинг нисбий камёблиги. Жаҳон олтин кенгаши маълумотига кўра, ҳозиргача жами 216 минг 265 тонна олтин қазиб олинган. АҚШ Геологик хизматига кўра, ер ости захираларидан яна 64 минг тонна олтин қазиб олиш мумкин. Бироқ келгуси йилларда олтин таклифи ўсиши барқарорлашиши кутилмоқда.
Филиппинда паром ҳалокати
Филиппиннинг жанубий соҳиллари яқинидаги сувларда бортида 350 нафардан ортиқ йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган паром чўкиб кетди. Оқибатда камида 15 киши ҳалок бўлди.
Қидирув-қутқарув гуруҳлари кемада бўлган 316 кишини қутқаришга муваффақ бўлган, камида 28 киши ҳануз бедарак йўқолган.
Юк ва йўловчи ташувчи ушбу кема душанба куни маҳаллий вақт билан соат 01:50 да фалокат сигнали юборган. Расмийларнинг айтишича, чўкиш сабаблари бўйича тергов олиб борилмоқда.
«Баъзи омон қолганларнинг сўзларига кўра, ҳодиса пайтида ҳудуддаги сувларда тўлқинлар жуда кучли бўлган», - деди Филиппин Соҳил қўриқлаш хизмати вакили.
Аввалги паром ҳалокатларида техник хизматнинг ёмонлиги ва ортиқча юкланиш асосий сабаб сифатида кўрсатилган. Шунга қарамай, арзонлиги туфайли кўплаб филиппинликлар ҳануз паромлардан фойдаланишда давом этмоқда.
Ҳиндистонда бедаво вирус тарқалмоқда
Ҳиндистон ҳукумати хавфли Нипах вируси тарқалишини тўхтатишга уринмоқда.
«Ҳиндистон Ғарбий Бенгалия штатида касаллик юқтириш билан боғлиқ бешта ҳолат тасдиқланганидан сўнг Нипах вируси тарқалишининг олдини олишга уринмоқда», - дейилади қисқа хабарда.
Маҳаллий ОАВларга кўра, юзга яқин киши карантинга жойлаштирилган, беморлар Калкуттадаги шифохоналарда даволанмоқда. Бир беморнинг аҳволи оғирлиги айтилмоқда.
Нипах вируси ўлимга олиб боради ва ҳозирча унинг давоси топилмаган. У кўршапалаклар ва зарарланган мевалар орқали юқиши мумкин.
Мавзуга оид
15:40 / 24.01.2026
БААда муҳокама қилинаётган Украина ерлари, Эрон томон йўл олган флот ва Покистондаги тўйда теракт – кун дайжести
14:59 / 23.01.2026
АҚШнинг «Янги Ғазо» режаси, Украина билан музокараларга киришаётган Россия ва Японияда қайта ишга туширилаётган АЭС – кун дайжести
14:30 / 22.01.2026
Гренландия борасида Европа билан келишган Трамп ва Ғазода журналистларни ўлдирган Исроил – кун дайжести
15:01 / 21.01.2026