Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский: Украина, Россия ва АҚШнинг янги учрашуви 1 феврал куни бўлиб ўтади
Украина президенти Володимир Зеленский Абу-Дабида РФ ва АҚШ билан бўлиб ўтган музокаралар ҳақида батафсил ҳисобот олганини ва жорий ҳафтада янги учрашув бўлишини маълум қилди.
Украина, Россия ва АҚШ делегацияларининг уч томонлама музокараларининг янги раунди Абу-Дабида 1 феврал куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 26 январ, душанба куни ижтимоий тармоқларда маълум қилди. У бу баёнотни Украина делегациясининг БAAда бўлиб ўтган икки кунлик учрашуви ҳақида батафсил ҳисоботни олганидан кейин берган.
“Узоқ вақтдан сўнг яна америкаликлар ва россияликлар билан формат тикланди. Турли масалаларни, кўпроқ ҳарбий хусусиятдаги — урушни тугатиш қадамлари ва ҳақиқий назорат, мониторинг масалаларини муҳокама қилишга улгурдик”, — деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, ҳал этилмай қолган сиёсий масалалар ҳам муҳокама қилинган.
“Кейинги учрашувга тайёрлаб борилиши керак бўлган масалалар бор. Олдиндан жамоалар яна якшанба куни (1 феврал — таҳр.) учрашиши ҳақида гаплашган эдик. Агар бу учрашувни тезлаштиришнинг иложи бўлса, яхши бўлади”, — деди у. Зеленский Украина “муҳокама қилиниши ва келишиб олиниши шарт бўлган барча нарсалар бўйича максимал даражада тайёр” бўлишини ҳам ваъда қилди.
“Украина ҳар доим тинчлик томонида бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бу уруш ҳалигача давом этаётганининг ягона сабабчиси — Россия. Дипломатиядан реал натижалар керак. Россияликлар музокаралар жараёнидан ўта қаттиқ мақсадда — Россияга таъсир қилиши мумкин бўлган янги босим чораларини кечиктириш учун — фойдаланяпти, деган таассурот қолмасин”, — деб таъкидлади Украина президенти. У ҳамкорларни Россияга босим ҳақида унутмасликка чақирди — у айтишича, РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши қарийб тўрт йилдан бери давом этяпти.
АҚШ, Украина ва Россия ўртасидаги икки кунлик музокаралар 23–24 январ кунлари Абу-Дабида ёпиқ тарзда бўлиб ўтган. Киев делегациясига Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустем Умеров раҳбарлик қилган. Музокараларда президент офисининг раҳбари Кирилл Буданов ҳам иштирок этган. Россия томонидан БААда Мудофаа вазирлиги амалдорлари — Бош штаб Бош бошқармаси раҳбари Игор Костюков бошчилигида қатнашган. Володимир Зеленский музокараларни “конструктив” деб баҳолаган, унинг айтишича, муҳокамалар урушни тугатишнинг эҳтимолий параметрлари ва Украина учун зарур хавфсизлик кафолатларига қаратилган.
Уч давлат вакиллари уруш бошланганидан бери биринчи марта АҚШнинг тинчлик режаси бўйича тўғридан тўғри маслаҳатлашувлар ўтказган. Музокаралар арафасида Москва ўзининг энг юқори талабини — Украина армиясини бутун Донбассдан, шу жумладан аввал Россия назоратида бўлмаган ҳудудлардан ҳам олиб чиқишни яна тасдиқлаган. Украина бунга қатъий рози эмас. Музокаралар фонида РФ Украинага қарши оммавий ҳужумларни давом эттирмоқда. Киевда эса Россия ракеталари, жумладан, тинчлик жараёнига қарши ҳам йўналтирилгани айтилади.