Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди
Регуляторнинг изоҳлашича, инфляция пасайишда давом этаётган бўлса ҳам, талабнинг юқорилиги билан боғлиқ хизматлар инфляцияси ҳамон юқорилигича қоляпти. Қолаверса, айрим озиқ-овқат товарларининг таклифи билан боғлиқ хатарлар ва “қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар” келгуси ойларда нарх-наво ошишига сабаб бўлиши мумкин. МБ 2026 йилда 6,5 фоизлик инфляцияни прогноз қилмоқда.
Фото: Kun.uz
Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 28 январ кунги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди.
Регуляторнинг изоҳлашича, 2025 йилда иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори даражада шаклланди ва бу жараёнда барқарор ялпи талаб омиллари устувор бўлди. Инфляция пасайиш динамикасида давом этиб, товарлар нархлари ўсиши секинлашиши кенг қамровли хусусият касб этмоқда.
Шу билан бирга, талаб омиллари таъсирида хизматлар инфляциясининг нисбатан юқори сақланиб қолиши, шунингдек, айрим озиқ-овқат товарлари нархлари ўсиши умумий инфляциянинг барқарор пасайишига муайян хатарлар туғдирмоқда. Ушбу шароитда пул-кредит сиёсатининг жорий қатъий даражада сақлаб қолиниши инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида шаклланишини таъминлайди.
Келгуси чоракларда ҳам инфляция ва инфляцион кутилмалар барқарор пасайишда давом этган тақдирда, тартибга солинадиган нархлар ўзгаришидан келиб чиқиб, пул-кредит шароитлари қатъийлигини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайиш томонга кўриб чиқиш имкониятлари юзага келади, дейилади расмий релизда.
Марказий банк батафсил шарҳи:
2025 йил декабр ойида умумий инфляция прогноз доирасида шаклланиб, йиллик 7,3 фоизгача пасайди. Инфляциянинг пасайишига қатъий пул-кредит шароитлари, алмашув курсининг мустаҳкамланиши ва импорт нархлари таъсирларида базавий инфляциянинг секинлашиши ҳисса қўшди. Хусусан, декабр ойида базавий инфляция йиллик ҳисобда 5,7 фоизгача пасайди.
Хизматлар инфляцияси маълум даражада секинлашганига қарамасдан, талаб омиллари таъсирида умумий инфляциядан юқори даражада сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, иқтисодиётдаги инфляцион кутилмалар пасайиш тенденциясидан тўхтаб, декабр ойида бироз ўсиши қайд этилди.
Ушбу омиллар инфляцияни таргет даражасигача барқарор пасайтириш учун пул-кредит шароитларини узоқроқ муддат қатъий сақлаб қолиш зарурлигини кўрсатади.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Юқори инвестицион фаоллик, фискал харажатлар ва пул ўтказмаларининг ортиб бориши иқтисодиётда даромадлар ўсиши ҳамда истеъмол талабини жорий йилда ҳам рағбатлантирувчи омил бўлади.
Бундан ташқари, айрим асосий озиқ-овқат товарлари таклифи билан боғлиқ хатарлар ҳамда қиш мавсумида таъминотдаги узилишлар келгуси ойларда озиқ-овқат ҳамда хизматлар нархларига оширувчи таъсир кўрсатиши мумкин.
Ташқи иқтисодий муҳитда ноаниқликлар сақланиб қолишига қарамасдан умумий таъсирлар нисбатан мўътадил бўлиши кутилмоқда. Асосий савдо ҳамкор мамлакатларда инфляция пасайиш трендига ўтди, жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари кутилганидан юқори шаклланди.
Қимматбаҳо металлар нархларининг юқори даражада ўсиши келгусида ҳам экспорт тушумлари ва бюджет даромадлари таркибида салмоқли улушга эга бўлиши прогноз қилинмоқда.
Ички валюта бозорида хорижий валюта таклифининг экспорт тушумлари, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари ҳисобига қўллаб-қувватланиши 2025 йилда сўмнинг 6,9 фоизга мустаҳкамланишига хизмат қилди. Бу, импорт инфляцияси босимини камайтиришга ва долларлашув даражасини пасайтиришга ёрдам берди ҳамда ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтирди. Келгуси ойларда ҳам ташқи шароитларнинг нисбатан қулай ва реал самарали алмашув курси динамикасини мувозанатли даражада шаклланиши бўйича кутилмалар мавжуд.
Жорий иқтисодий ва инвестицион фаоллик фонида йил якуни бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 6,5-7 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Банк тизимида ликвидлик профицитининг сақланиб қолиши фонида ликвидликни жалб қилиш операцияларини жадаллаштирилиши пул бозори ставкалари асосий ставкага яқин 13,5-13,8 фоиз атрофида шаклланишини таъминлади. Натижада, ижобий реал фоиз ставкалар иқтисодиётда миллий валютадаги жамғармаларни рағбатлантириб, пул-кредит шароитларини қатъийлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда.
Юқори ялпи талаб омиллари хусусан, фискал рағбатлантиришлар ҳамда юқори чакана кредитлаш суръатлари шароитида асосий ставкани жорий қатъий даражада сақлаб қолиш инфляцион хатарларни жиловлашга хизмат қилади.
Марказий банк келгусида ҳам инфляция динамикаси, инфляцион кутилмалар, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради.
Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати инфляцияни ўрта муддатда 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва аҳолининг харид қобилиятини сақлашга қаратилган бўлиб қолади.
Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 18 март кунига белгиланган.
Мавзуга оид
15:31 / 27.01.2026
Газ берилмаётгани сабабли метан-шохобчаларда узундан-узун навбатлар сақланиб қоляпти
15:15 / 27.01.2026
Газлидаги конлар “Ўзбекнефтгаз”да қоладиган бўлди
11:23 / 26.01.2026
5 граммли олтин қуймасининг нархи 10 миллион сўмдан ошди
14:26 / 25.01.2026