Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияга қарши даъво киритган Қирғизистон, Рафаҳда лагер қураётган Исроил ва Украина йўловчи поездига ҳужум – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз
Россия Украина йўловчи поездига ҳужум қилди
Украина президенти Володимир Зеленский Россия дрони йўловчи поездга берган зарбани «терроризм» деб қоралади. Маҳаллий расмийларга кўра, ушбу ҳужум оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган, яна тўрт киши бедарак йўқолган.
«Ҳар қандай мамлакатда тинч аҳоли поездига дрон зарбаси берилиши мутлақо бир хил баҳоланади — бу соф терроризм», деди Зеленский.
У тинч аҳолига зарба бериш учун ҳеч қандай «ҳарбий асос» йўқлигини таъкидлаб, зарба теккан вагонда 18 киши бўлганини қўшимча қилди.
Украина фавқулодда хизматлари эълон қилган сурат ва видеоларда ҳужумдан сўнг камида битта вагон жиддий вайрон бўлгани ва ҳануз ёниб тургани акс этган.
Харкив вилояти прокуратураси поезд Язйкове қишлоғи яқинида нишонга олинганини маълум қилди. Битта дрон вагонга тўғридан тўғри урилган, яна икки дрон поезд яқинида портлаган.
Алоҳида ҳолатда, Россия тунда Одесса шаҳрига 50 дан ортиқ дрон учиргани, зарбалар энергетика ва бошқа фуқаролик инфратузилмасига қаратилгани айтилди.
Шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлганини ва 25 киши жароҳат олганини айтди. Зарбадан сўнг турар жой биносининг бир неча қавати қулаб тушган, яна бир қатор биноларга зарар етган.
Россиянинг кундалик ҳаво ҳужумлари 3 томонлама музокаралар ўтказилганига қарамай давом этмоқда.
Исроил яна ҳужумга тайёрланмоқда
Исроил жанубий Ғазода фаластинликлар учун лагер қуриш мақсадида ҳудудни тозалаган. Захирадаги бригада генерали Амир Авиви Reutersʼга берган интервюсида лагер Рафаҳ ҳудудида – туннеллардан тозаланган майдонда барпо этилишини, кириш-чиқишлар эса исроиллик ходимлар томонидан назорат қилинишини билдирди.
Авиви расмийлар номидан гапирмаган. Исроил бош вазири идораси Рафаҳда лагер қуриш режаси юзасидан ҳозирча изоҳ бермади.
Авивининг айтишича, лагер Ғазони тарк этиб, Мисрга ўтишни истаган фаластинликлар, шунингдек, қолишни маъқул кўрганлар учун мўлжалланади. Бу баёнотлар Исроил Ғазо–Миср чегарасидаги ўтиш пунктини «чекланган тарзда қайта очиш»га ҳозирланаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
Ғазодаги қарийб 2 миллион аҳолининг деярли барчаси Исроил қўшинлари чиқиб кетган, Ҳамас назоратини сақлаб қолган тор соҳилбўйи ҳудудига сиқиб чиқарилган.
Исроил расмийлари илгари ғазоликларни эмиграцияга ундаш ҳақида гапирган, бироқ аҳолини мажбуран кўчириш нияти борлигини рад этиб келади.
«Рафаҳда уларни қабул қила оладиган инфратузилма қуриш керак, шундан кейин улар кетиш-кетмасликни ўзлари танлайди», деди Авиви. У мазкур иншоот «катта, тартибли лагер» бўлиши, юз минглаб одамни сиғдира олиши ва шахсни аниқлаш, жумладан, юзни таниш тизимлари жорий этилиши мумкинлигини айтди.
Авивининг айтишича, агар Ҳамас қуролини топширишдан бош тортса, Исроил армияси янги ҳужумга ҳозирлик кўрмоқда. Бу Ғазонинг энг йирик шаҳри — Ғазо шаҳрига ҳужумларни қайта бошлашни ҳам ўз ичига олиши мумкин.
Қирғизистон Россияга қарши ЕОИИга даъво киритди
Қирғизистон ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи судига Россияга қарши даъво аризаси киритди. Расмийлар Россияни қирғизистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини бузишда айбламоқда.
Қирғизистон Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раиси Азамат Мукановнинг айтишича, Россиянинг ҳаракатлари ЕОИИ доирасида мигрантлар ижтимоий таъминоти тўғрисидаги битимга зид келади.
Гап Россия расмийлари ишлаш учун келган хорижликларнинг оила аъзоларига мажбурий, бепул тиббий суғурта полисларини бермаётгани ҳақида кетмоқда.
«Тиббий суғурта меҳнат мигрантларининг оила аъзоларига ҳам татбиқ этилиши керак. Бу масала РФ ҳукумат раиси ўринбосари Алексей Оверчукнинг ташрифи чоғида ҳам муҳокама қилинган», - деди Муканов. Унинг қўшимча қилишича, халқаро суд Қирғизистоннинг даъвосини аллақачон кўриб чиқмоқда, қарор икки ҳафта ичида чиқарилади.
Аввалроқ Россия расмийлари меҳнат мигрантларига тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўзгартирганди. Унга кўра, хорижий фуқароларнинг бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи Россияда беш йил давомида қонуний ишлаганидан кейингина пайдо бўлишини билдирган. Мигрантларга нисбатан сиёсатнинг кескинлашуви ва уларни босқинчилик урушига жалб қилишлар фонида 2024 йилдан буён минглаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари Россияни тарк этмоқда.
Эрдўған ва Аш-Шаръанинг «юриши»
27 январ куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШ етакчиси Доналд Трамп билан телефон орқали Сурия ва Ғазо бўйича сўнгги вазиятни муҳокама қилган.
Эрдўғаннинг айтишича, Туркия АҚШ билан ўзаро муносабатларни барча йўналишларда ривожлантириш йўлида давом этади. Туркия қўшни Сурияда сулҳ ва интеграция бўйича келишувнинг тўлиқ амалга оширилишига катта аҳамият беришини ва бу жараён яқиндан кузатилаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Эрдўған Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши самарали натижаларга эришишига ҳам умид билдирди.
Шу куни Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа ҳам Доналд Трампдан «узоқ давом этган» телефон қўнғироғини қабул қилган.
Anadolu'га кўра, Трамп «Сурия халқининг ягона ва кучли давлат барпо этиш борасидаги интилишларини» қўллаб-қувватлашини билдирган, курдлар билан сулҳ келишувини олқишлаб, уни «можарога барҳам бериш йўлидаги муҳим қадам» деб атади.
Аввалроқ Трамп журналистларга Сурия президенти билан бўлган суҳбатини «жуда аъло» деб баҳолаган эди. Унинг айтишича, Сурия ва ушбу минтақа билан боғлиқ барча масалалар «жуда-жуда яхши томонга ҳал бўлмоқда».
Испания мигрантлар мақомини қонунийлаштирмоқчи
Испания ҳукумати ҳужжатсиз мигрантларнинг мақомини қонунийлаштириш режасини эълон қилди. Мазкур чорадан камида ярим миллион киши фойда кўриши кутилмоқда.
Қонунийлаштириш имконияти жиноий жавобгарликка тортилмаган ва 2025 йил 31 декабргача камида беш ой Испанияда яшаганини исботлай оладиган хорижий фуқароларга тақдим этилади.
«Испания учун бу тарихий кун», - деди ижтимоий таъминот ва миграция вазири Элма Саиз.
Мазкур чора доирасида мурожаатчиларга дастлаб бир йиллик яшаш рухсатномаси берилади, кейинчалик у узайтирилиши мумкин.
Сўнгги йилларда Испанияга мигрантлар оқими кескин ошди, асосан Лотин Америкаси давлатларидан. Маълумотларга кўра, Испаниядаги ҳужжатсиз мигрантлар сони 2017 йилдаги 107 минг нафардан 2025 йилда 837 минг кишигача, яъни саккиз баробар кўпайган.
Бош вазир Педро Санчес мигрантларни Испания учун «бойлик, тараққиёт ва фаровонлик манбаи» деб атаб, уларнинг ижтимоий таъминот тизимига қўшаётган ҳиссасини қайд этди. Мазкур чора қироллик фармони орқали тасдиқланади, яъни парламент маъқуллаши талаб этилмайди.
Шу билан бирга ўта ўнг қанот партиялар ушбу ташаббус «миллий ўзликка зарба» эканини айтиб, уни тўхтатиш мақсадида Олий судга мурожаат қилмоқчи.
Қозоғистон болаларнинг интернетдаги фаолиятини чекламоқчи
Қозоғистонда болалар ва ўсмирларни ижтимоий тармоқлардан ҳимоя қилиш мақсадида янги чекловлар жорий этилиши мумкин. Қозоғистон таълим вазири Жулдиз Сулейменова болаларни ҳуқуққа хилоф контентдан ҳимоя қилиш масаласи очиқ эканини, у жамоатчилик, ота-оналар, педагоглар ва ОАВ билан ҳам муҳокама қилинишини айтди.
Вазирга кўра, ҳозирда қуйидаги чоралар ўрганилмоқда:
- болалар учун SIM-карталарни рўйхатдан ўтказиш — киришни назорат қилиш учун биринчи қадам;
- 14 ёшгача бўлган болалар фойдаланадиган контентни мониторинг қилиш — ҳуқуққа хилоф материалларни кўриш ва блоклаш учун;
- мактабларда медиасаводхонликни ўқитиш — болаларга интернет ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланишни тушунтириш учун.
Жулдиз Сулейменова ташаббус ҳозирча муҳокама босқичида эканини, якуний қарорлар ҳали қабул қилинмаганини таъкидлади.
Мавзуга оид
15:44 / 27.01.2026
Ғазодан қайтарилган охирги жасад, Ҳиндистон–Европа савдо келишуви ва Яқин Шарққа келган «Abraham Lincoln» авиаташувчиси – кун дайжести
14:53 / 26.01.2026
Кучли бўрон остидаги АҚШ, Хитой армиясида «тозалаш» ва рекордларни ураётган олтин – кун дайжести
15:40 / 24.01.2026
БААда муҳокама қилинаётган Украина ерлари, Эрон томон йўл олган флот ва Покистондаги тўйда теракт – кун дайжести
14:59 / 23.01.2026