Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“У яхши ниятининг қурбони бўлди” — Дурдона Ҳакимова фожиаси ҳақида
Истанбулда 37 ёшли ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг ваҳшийларча ўлдирилиши Туркия жамоатчилигида норозилик намойишларига, ўзбек сегментида эса қурбонни айблашга сабаб бўлди. Марҳума билан кўп йиллар ҳамкорлик қилган Мурат Баскан эса бу гапларни ёлғон деб, тарқалаётган «ишқий муносабат» ҳақидаги иддаоларни кескин рад этди.
Истанбулда 37 ёшли ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади Шишли туманидаги чиқинди қутисидан топилди. Тергов маълумотларига кўра, асосий гумонланувчи Д.Т. марҳум билан яқин муносабатда бўлиб, улар ўртасида жанжал келиб чиққан ва Д.Т. уни тўрт марта пичоқ билан жароҳатлаган. Жасаддан қутулиш учун у танишидан ёрдам олган ва жасадни бўлакларга ажратиб, чиқинди қутиларига ташлаган. Терговда иштирок этаётган учинчи шахс — такси ҳайдовчиси ҳам гумонланувчилар ҳаракатларини билган ёки билмаганлиги аниқланмоқда.
Марҳумнинг ўлдирилиши Истанбул ва Анқарада норозилик намойишларига сабаб бўлди. Турк аёллари бир ўзбек аёлининг ҳаёти учун «Мигрант аёллар ёлғиз эмас», «Аёллар ҳаёти муҳим» деган шиорлар билан адолат ва қатъий жазо талаб қилиб кўчага чиқишди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу фожиани мигрант аёлларни ҳимоя қилишдаги тизимли бўшлиқлар билан изоҳлашди.
Аммо шу пайтда, ўзбек ижтимоий тармоқ сегментида мутлақо бошқа манзара кузатилди: жиноятчи эмас, қурбон муҳокама қилинди. Айримлар аёлнинг ўлимида унинг ўзини айблаб, зўравонликни оқлашга уринишди. Бу эса жамиятда ҳали ҳам жабрланувчини айблашга мойил онг устувор эканини яққол кўрсатди.
Туркияда Дурдона Ҳакимова билан 7 йилдан буён ҳамкорликда ишлаб келган Мурат Баскан исмли шахс ўз ижтимоий саҳифасида бу гаплар мутлақо ёлғон эканлигини айтди:
“Дурдонанинг ваҳшийларча ўлдирилиши ва одамларнинг унга нисбатан билиб-билмасдан айтаётган фикрлари сабаб мен дўстим, яқиним бўлган аёл ҳақида гапиришга мажбур бўлдим. У билан 7 йилдан бери дўст эдик. Дурдонанинг Эменўни Маржанда овчилик ва спорт анжомлари сотадиган фирмаси бор эди. 17-18 ёшли икки қизлари бор, Истанбулда лицейда ўқишади. Жуда мулойим, тарбияли инсон эди. У бундай ўлимга муносиб эмасди. Хабарни эшитишим билан унинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилдим, жавоб бермади. Кейин билдимки бу хабар рост.
Дурдонанинг қотиллари бўлган 2 нафар ўзбекистонликни унинг севгилиси дейишяпти, аммо ундай эмас. Биз Дурдона билан тижорат юзасидан Москва, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби давлатларда бўлдик. Шу жараёнларда Дурдонанинг ватандошлари билан танишдик, яъни қотиллар билан. Улар виза қоидаларини бузгани учун оиласи билан депорт бўлган экан. Қайтганимиздан кейин у менга ўша ватандошлари иш топиб беришни сўраётганини айтди ва улар Туркияга келишди. Дурдона уларга ижарага уй, қассоб танишлари билан гаплашиб иш топиб берди. Бу шарафсизлар уни ўлдиргандан кейин “биз севишардик, менга хиёнат қилгани учун ўлдирдим” деб қотилликдан ҳам баттар тубан иш қилишди. Асло у инсон севгилиси эмасди. Қотилнинг онаси орқали таниш эди улар, онаси ундан иш топиб беришни илтимос қилганди.
Дурдонанинг малак каби қалби бор эди. Қизларининг келажаги учун ҳалол меҳнат қилаётган эди. Ҳаётда ҳар нарсанинг чегараси бўлиши керак экан, у шундай аёл эдики, биров беш танга сўраса олти танга берарди. Биз бирга ҳамкорликда ишладик, бирор нарсага пул керак десам нимага деб сўраб ўтирмасди. Марҳаматнинг ҳам чегараси бўлиши керак экан, у яхши ниятининг қурбони бўлди”, дейди у.
Туркияда истиқомат қилувчи эркин журналист Ситора Алихонзода шундай ёзади: “Аёлларнинг бу даражада хор бўлиб, бевақт ва бешавқат ўлим топишида, уларга нисбатан зўравонликнинг тобора ортиб боришида ҳар сафар жабрланувчи, қурбон қолиб, жиноятчи, қотил эркакни «тушунадиган», оқлайдиган ва руҳлантирадиган жамоавий онгнинг ҳиссаси катта эканини тан олиш вақти аллақачон келган. Ҳатто кеч қолинган. Мен бугун шу мавзу билан боғлиқ хабарларни ўқиб туриб, турк миллатига мансуб интернет фойдаланувчисининг ёзганларига кўзим тушди. Унинг мулоҳазаларини ўзбекчага таржима қилишни лозим топдим. Зора, ўша ғафлатдаги зеҳниятларга бир ўзбек аёли учун ёзганлари етиб бориб, виждонини уйғотса.
Дурдона Ҳакимованинг ўлими бизга аёлларнинг, айниқса, муҳожир хотин-қизларнинг қанчалик ҳимоясиз қолдирилаётганининг навбатдаги исботидир.
Бу – сиз кўрмайдиган, эшитмайдиган, ҳимоя қилмайдиган ҳаётларнинг аянчли оқибатидир. Агар инсон жасади чиқиндиларга ташланиши мумкин бўлса, у ерда фақат бир қотил йўқ. У ерда масъулиятсизлик, бепарволик, сукут ва жамиятнинг кўр виждони бор.
Аёллар ҳамма жойда - кўчада, уйда, иш жойида зўравонлик ва таҳдид остида эканини айтганимизда энса қотирадиган, ўзимизни айблайдиган ёки вазиятни кўра била туриб, кар-соқовга айланиб оладиган ҳар ким бу тизимнинг бир қисми ҳисобланади. Биз энди бу тизимни қабул қилмаймиз.
Давлат, жамият ва қонун ўз вазифасини бажариши керак.
Агар Дурдона Ҳакимованинг исми унутилса, эртага бу сатрларга бошқа бир аёлнинг исми ёзилади. Биз бунга рози эмасмиз. Айбдорлар энг оғир жазога тортилиши шарт! Аёлларнинг яшаш ҳуқуқи савдолашув мавзуси бўлмасин. Биз бу жиноятни унутмаймиз. Унуттирмаймиз. Воз кечмаймиз!".
Истанбул ва Анқарадаги намойишлардан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари қатъий ёндошувни талаб қилмоқда: барча айбдорлар қонуний тартибда оғир жазога тортилсин, мигрант аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш тизимли чоралар орқали ривожлантирилсин.
Kun.uz маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхонаси мазкур ҳолатни назоратга олган. Консуллик томонидан Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан алоқа ўрнатилгани, ишнинг холис ва қонун доирасида кўриб чиқилиши юзасидан тегишли мурожаатлар қилингани маълум қилинди.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона марҳуманинг яқинларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масаласини ҳам кўриб чиқмоқда. Тергов жараёни ва суд ишлари бўйича қўшимча маълумотлар олиниши билан жамоатчиликка етказилиши айтилмоқда. Туркия қонунчилигига биноан қасддан одам ўлдириш энг оғир жиноят бўлиб, бундай шахсларга умрбод қамоқ жазоси тайинланади. Агар тергов давомида жиноятнинг ўта шафқатсиз усулда ва олдиндан режалаштирилгани исботланса, Туркия қонунчилигига кўра асосий гумонланувчиларга оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 268 мингга яқин ўзбекистонлик аёллар турли давлатларда меҳнат миграциясида бўлиб, уларнинг хавфсизлиги долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
19:19
Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Туркияда бўлади
19:20 / 27.01.2026
Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг ўлдирилиши оммавий намойишларга сабаб бўлди
13:25 / 25.01.2026
Туркияда ўзбекистонлик аёл ваҳшийларча ўлдирилди
12:28 / 24.01.2026