Ўзбекистон | 20:57 / 29.01.2026
3075
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ва Эрдўған раислигида Анқарада олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ўтказилди

Томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Томонлар мазкур йиғилиш муборак Рамазон ойи ҳамда икки мамлакат ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганига 30 йил тўлиши арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини таъкидлади. Сиёсий мулоқот жадал ривожланаётгани, халқаро масалалар юзасидан томонларнинг позицияси ўхшаш экани мамнуният билан қайд этилди.

БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишилди.

Келгуси йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимдаги товарлар рўйхатини кенгайтириш орқали 5 миллиард долларга етказиш вазифаси белгилаб олинди.

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликнинг улкан салоҳияти қайд этилди. Йил охирига қадар Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан делегациялар ҳамкор ҳудудлар билан лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш мақсадида Туркияга ташриф буюради.

Қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, соғлиқни сақлаш ва тиббий туризм соҳаларида Туркиянинг илғор тажрибасини жорий этиш зарурлиги таъкидланди.

Туризм йўналишида алоқаларни ривожлантириш, театр фестиваллари ва маданият ҳафталикларини ўтказиш, тарихий фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш, маданий мерос объектларини ҳамкорликда тиклашга алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида шу йил баҳорда Бухорода тўртинчи Ректорлар форумини ўтказишга келишилди.

Шунингдек, Қўшма ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг кўп қиррали ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш якунида икки давлат ҳукуматларига қабул қилинган қарорларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғанга Ўзбекистонга ташриф билан келишни таклиф қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид