Жаҳон | 20:03 / 29.01.2026
4475
3 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар сони 10 фоизга камайди, бунинг сабаблари айтилди

Россияда мигрантлар сони 2025 йилга нисбатан камайди. Сўнгги пайтларда чет элликлар учун мамлакатда ҳолатини қонунийлаштириш, жумладан, болаларни мактабларга жойлаштириш анча қийинлашди.

Фото: AP

Россияда мигрантлар сони бир йил ичида 10 фоизга камайди. 2026 йил бошида мамлакатда 5,7 миллион хорижлик бўлса, ўтган йил бошида уларнинг сони 6,3 миллионга яқин эди. Бундай маълумотларни ИИВ миграция хизмати таҳлилий бошқармаси бошлиғи Александр Пережогин Президент академияси Давлат бошқаруви олий мактабида (РАНХиГС) ташкил этилган «Россиянинг янги миграция сиёсати» конференциясида келтирди.

Россияда мигрантлар сони камайишининг асосий сабаблари орасида миграция қонунчилиги ва чет эллик болаларни таълим муассасаларига қабул қилиш талабларининг кучайтирилиши бор.

Агар илгари қонунларни бузган чет элликлар полиция эътиборига тушмагунча Россияда қолиши мумкин бўлса, ҳозир улар дарҳол назорат остидаги шахслар реестрига (РКЛ) тушиб қолади, бу эса автоматик равишда кейинги қонунийлаштириш ва молиявий хизматлардан фойдаланишга тўсқинлик қилади. Шу билан бирга, расмийлар янада олдинга силжишни режалаштирмоқда ва мигрантларни уюшган тарзда жалб қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бунда мигрант муайян иш берувчи билан шартнома тузади, махсус тизимда рўйхатдан ўтади ва қоидаларни бузган тақдирда Россияда қолиш имкониятидан маҳрум бўлади.

Шунингдек, ўтган йилдан бери Россияда чет элликларни «никоҳ орқали» қонунийлаштириш жараёни кучайтирилди. Энди улар Россия фуқароси билан икки йил бирга яшагандан кейингина мамлакатда вақтинча яшаш учун рухсатнома (ВНЖ) олиши мумкин.

Бу борада мигрантларнинг фарзандларини таълим муассасаларига қабул қилиш билан боғлиқ вазият ҳам муҳим аҳамиятга эга. 2025 йилда Россияда рус тилини билиш бўйича тестдан ўтмаган вояга етмаган хорижликларни мактаб ва коллежларга қабул қилиш тақиқланди. Шу билан бирга, ўз фарзандларини мажбурий умумий мактаб таълими билан таъминламаган ота-оналар мамлакатда қолиш рухсатномасидан маҳрум этилиши мумкин. Киритилган кўплаб тақиқлар оқибати - рақамларда. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилда Россияда мигрант болаларнинг сони ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан 25 фоизга камайган.

Шу билан бирга, ҳудудларда қурилиш, такси, етказиб бериш, умумий овқатланиш каби соҳаларда ишчи кучи танқислигига дуч келиб, мигрантлар сонининг камайиши салбий оқибатларга олиб келаётганини аллақачон пайқай бошлаган.

Россия Фанлар академияси Социология марказининг Демографик тадқиқотлар институти (ФНИИСС) ходими Виктория Леденеванинг сўзларига кўра, мигрантларнинг кетиши кўплаб лойиҳаларни секинлаштирган, аммо шу билан бирга иш ҳақининг ошиши кузатилган. «Шунга мос равишда маҳсулот таннархи ҳам ошди», деди эксперт Красноярск ўлкаси мисолида. Санкт-Петербургда, Леденеванинг сўзларига кўра, чекловлар жорий этилгандан сўнг такси, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, етказиб бериш каби хизматлар нархи ошган. Бундан ташқари, бир томондан, минтақавий чекловлар жорий этилганда бўш иш ўринлари кўпаяди, бошқа томондан, мигрантларнинг ноқонуний меҳнати кўпаяди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид