Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рубио: АҚШ ва Европа Киевга хавфсизлик кафолатларини келишиб олди
АҚШ давлат котиби Марко Рубио тинчликка эришиш жараёнидаги асосий талаблардан бири бўлган Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича АҚШ ва Европа давлатлари умумий келишувга келганини маълум қилди. Унинг айтишича, ҳал этилмаган ягона масала — Украина шарқидаги ҳудудлар ҳақидаги савол бўлиб қолмоқда.
Фото: J. Scott Applewhite/AP
Америка Қўшма Штатлари ва Европа мамлакатлари Украина учун хавфсизлик кафолатлари бўйича умумий келишувга эришган — бу кафолатлар тинчлик йўлидаги жараёндаги асосий талаблардан бири, деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио. У чоршанба, 28 январ куни Сенатдаги эшитувларда айтишича, бунда Европа қўшинларининг чекланган контингентини жойлаштириш (асосан Франция ва Британия ҳарбийлари) ва АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари назарда тутилмоқда.
Рубионинг таъкидлашича, европаликлар сўнгги ўн йилликларда мудофаа соҳасига етарлича сармоя киритмагани сабабли, Вашингтон қўллаб-қувватламас экан, бундай чораларни амалга ошира олмайди.
Унинг сўзларига кўра, ҳал этилмай турган ягона масала — Украина шарқидаги ҳудудлар ҳақидаги савол. “Мен биламан, бу масала бўйича ҳар икки томон қарашларини яқинлаштириш имкониятини аниқлаш учун фаол иш олиб борилмоқда. Бу — ҳали ўтиб бўлиниши керак бўлган кўприк”, — дея қўшимча қилди Марко Рубио ва бу масала “жуда мураккаб” бўлишини таъкидлади.
АҚШ давлат котиби шундай деди: 1 феврал куни Украина ва Россия делегациялари ўртасидаги музокараларда Вашингтон делегацияси ҳам бўлади, аммо эҳтимол, учрашувда АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳамда Трампнинг куёви Жаред Кушнер қатнашмайди.
Британиянинг Financial Times газетаси аввалроқ саккиз манбага таяниб хабар беришича, Трамп маъмурияти Украинага Вашингтон томонидан бериладиган хавфсизлик кафолатлари Киев тинчлик келишувига бориши-бормаслигига боғлиқ эканини билдирган, бу келишув эса эҳтимол Донбассни Россияга топширишни ўз ичига олиши мумкин. Икки манба аниқлаштиришича, агар Украина бу шартни бажарса, Вашингтон Киевга тинчлик даврида қўллаб-қувватлаш учун қўшимча қурол-яроғ етказиб беришни ҳам ваъда қилган.
Олий рада депутати Алексей Гончаренко ўз манбаларидан иқтибос келтириб, Оқ уй Россия ва Украина ўртасида 15 майгача тинчлик келишуви имзоланишини кутаётганини айтди: АҚШда айнан май ойи Киев билан Москва ўртасида келишувга эришиш учун норасмий “дедлайн” деб қаралаётгани, шундан кейин америкаликлар музокаралар жараёнидан чиқиб кетиши мумкинлиги билдирилган.
Ўтган дам олиш кунлари БАА пойтахти Абу-Дабида Россиянинг Украинага ҳужумини якунлаш масаласи бўйича РФ, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокидаги илк уч томонлама музокаралар бўлиб ўтган. Украина президенти Володимир Зеленский кейинчалик музокараларни ижобий баҳолади ва делегациялар 1 феврал куни яна учрашишини маълум қилди. Музокаралар бошланишидан озгина олдин Москва Украина армиясини бутун Донбассдан — шу жумладан аввал Россия назоратида бўлмаган ҳудудлардан ҳам — олиб чиқиш ҳақидаги ўзининг максимал талабини тасдиқлаган. Украина эса буни қатъий рад этмоқда.