Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон спикери музокаралар шарти ҳақида гапирди

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқирнинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп «урушни бошлаши мумкин, бироқ унинг қандай якунланишини назорат қила олмайди». Шу билан бирга, у «фақат реал ва куч билан мажбурланмаган музокаралар бўлса» Теҳрон очиқ қолишини таъкидлади.

«Биз музокараларга тайёрмиз. Аммо бу Америка президенти истаётган мулоқот тури эканига ишонмаймиз», - деди Боқир CNNʼга берган интервюсида.

У Вашингтонни куч ишлатиш орқали дипломатияни издан чиқаришда айблади: АҚШ «Эрон билан музокараларнинг олтинчи раунди бўлиб ўтишидан икки кун олдин музокаралар столини бомбардимон қилди».

«Эрон халқининг иқтисодий манфаатлари кафолатланмагунча, ҳеч қандай музокара бўлмайди. Биз буйруқ бериб ўтиришни музокара деб ҳисобламаймиз», деди у.

Шунингдек, у ҳарбий босим остида олиб бориладиган музокаралар вазиятни янада кескинлаштиришидан огоҳлантирди.

«Агар Трамп Нобел тинчлик мукофотини хоҳласа, атрофидаги уруш тарафдорлари ва таслим бўлишни тарғиб қилувчилардан узоқлашиши керак», - дея қўшимча қилди Боқир.

Бу баёнотлар Трампнинг «улкан армада» Эронга йўл олаётгани ҳақидаги баёноти ва «музокара столига» чақирганидан кейин янгради.

Эрон расмийлари бунга уруш ва жавоб зарбалари ҳақидаги огоҳлантиришлар билан жавоб қайтармоқда. Шу билан бирга Теҳрон адолатли шартлар асосидагина музокараларга очиқ қолишини таъкидламоқда.

Россия–Украина уруши

Пайшанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп совуқ қиш об-ҳавоси сабаб Россия етакчиси Украина шаҳарларига бир ҳафта давомида ўқ узмасликка рози бўлганини айтди.

«Биз президент Путиндан бир ҳафта давомида ўқ отишни тўхтатишлари мумкинми, деб сўрадик. Чунки уларда ҳам биздагидек совуқ бўляпти. У бунга рози бўлди. Биз буни жуда юқори баҳоладик», деди Трамп Оқ уйдаги Овал кабинетда.