Жамият | 12:51
779
9 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Болаларга ижтимоий тармоқни тақиқлаш керакми? Фойдаси ва йўқотишлар ҳақида фаоллар билан суҳбат

Ижтимоий тармоқларнинг болаларга таъсир доираси ортмоқда, бу уларнинг ҳаёт тарзи, хулқи ва атрофдагиларга бўлган муносабатига таъсир қилмай қолмаяпти. Аксарият давлатлар интернетдан фойдаланишни турли шаклларда чеклаш ҳақида аллақачон бош қотиришга киришган. Ўзбекистон учун бу масала қанчалик актуал? Болаларни тармоқлардан узоқлаштириш қанчалик самара беради, бунинг кутилган фойдадан ташқари салбий оқибатлари ҳам бўлиши мумкинми? Kun.uz экспертлар билан буни таҳлил қилди.

Яқиндан бошлаб Австралияда болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга тақиқ қўйилди. Ҳукуматнинг тақиқи кучга киргач, илк кундан 4,7 миллиондан ортиқ аккаунт ўчириб қўйилди, олиб ташланди ёки чекланди.

Шу кунларда Австралия ортидан Буюк Британия, Франция, Малайзия, Индонезия ҳамда қўшни давлат Қозоғистон ҳам айни амалиётни жорий этишни ўйлаб юрибди.

Хўш, Европанинг демократик ҳукуматлари нима сабаб бундай қарорга келишни бошлади? Тақиқни жиддий ўйлаб кўриш керакми? Унинг болаларга таъсири қандай баҳоланмоқда? Kun.uz айни саволлар атрофида Kun.uz студиясида суҳбат ўтказди. Унда файласуф Хуршид Йўлдошев, психиатр Гавҳар Тешабоева ҳамда педагог Зулфия Рашидова иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Демократик давлатда бирор нарса чекландими, катта эҳтимол билан бу бизга етарлича кучли сигнал” – файласуф

Хуршид Йўлдошевнинг дастлаб тушунтиришича, мамлакатлар хоҳ демократик, хоҳ автрократик бўлсин, иккисида ҳам человлар мавжуд. Аммо бу чеклов қабул қилиниши турлича.

Яъни авторитаризмда бир инсоннинг кайфияти билан қарорлар қабул қилиниб, эртаси куни у олиб ташланса, демократияда муайян бир тақиқ бир гуруҳ одамлар билан муҳокама қилинган ҳолда ўрнатилади. Файласф тармоқлар билан боғлиқ чеклов ўрнатилиши кўплаб мутахассислар таҳлилидан ўтгани сабаб уни жиддий қабул қилиш кераклигини айтмоқда.

Инсоннинг эркинлиги, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган ҳақ-ҳуқуқини маълум даражада чеклаш ҳақида даъво билан чиқсангиз, сизга жуда катта, кучли аргумент керак. Унинг учун сиз биринчи навбатда ўзингизнинг шерикларингиз, партиядошларингизни ишонтиришингиз керак. Кетидан бу ёқда рақиб, мухолифларни ишонтиришингиз, бутун аҳолини бу нарсага ишонтиришингиз керак. Бунинг учун нима керак? Бунинг учун сизда жуда катта далиллар, исботлар, аргументлар керак.

Шунинг учун агар бошқаларга нисбатан маълум даражада демократик давлатда бирор нарса чекландими, катта эҳтимол билан бу бизга етарлича кучли сигнал. Нимадир бўляпти, нимадир бўлаётган бўлиши эҳтимоли бор, деган нарса”, – дейди у.

Йўлдошев ҳар қандай чеклов унинг таъсири ўрганилгунга қадар амалда бўлганини эслатаркан, ижтимоий тармоқлардан аввалроқ Америка интернетдан ёш чеклови билан фойдаланиш ташаббусини илгари сурганини қайд этди. Унинг айтишича, тармоқларга оид чуқурроқ таҳлиллар кўпайиб қолгани сабаб айни амалиёт жиддий ўйлаб кўрилмоқда.

“98-йилда Америкада интернетдан фойдаланиш бўйича болаларга неча ёшни белгилаш муҳокама бўлган. У пайтда социал тармоқлар йўқ эди, шунчаки интернетнинг ўзи бор. Ўша пайтда 16 ёш деган таклиф бўлган. 16 ёшни белгилайлик, чунки у ерда манипуляцияга учраши бор, бошқаси бор, катталарнинг аудиторияси бор, бу нарсалардан болаларни асраш керак.

Кейин ҳар хил муҳокамалар бўлиб, уни 13 га туширишган. Шундан кейин Америкадаги бошқа тех-компаниялар шуни асос қилиб олишган. Ҳозир ҳам мана Google, YouTube, бошқа Facebookларда 13 ёш белгилаб қўйилган. Лекин социал тармоқлар бу қонун қабул қилинганидан анча кейин пайдо бўлишни бошлади. Қонун қабул қилинаётганда бунинг таъсири ҳисобга олинмаган. 13 ёшда белгилангандан кейин, янги муҳокамалар энди бошланди. 16 га кўтариш керак, 13 жуда ёш.

Энди мен психолог ёки психиатр сифатида бу нарсага муносабат билдирмайман. Лекин Жонатҳан Ҳаидтнинг "Беҳаловат авлод" китоби ўтган йили чиққан, жуда кўп шов-шув бўлди. Мана кеча ҳам кўрган бўлсангиз, Франция президенти ҳам шу ҳақида ёзди.

Ўтган йили Нетфлихъда “Adolescence”, яъни “Ўсмирлик” деган сериал жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳатто у сериални парламент аъзолари, ҳатто мактабларда кўрсатишди. Кейин мана кетма-кет бошланяпти бошқа давлатларда ҳам шу нарсани кўриб чиқиш ҳақида, чунки ростдан ҳам аҳамияти, таъсири ортган, оқибатлари ҳақида жиддий ўйлашяпти. Шунинг учун мен ўйлайманки, бунинг ҳам психологик, ҳам унинг ижтимоий оқибати бор”, – дейди у.

Чекловлар керак, лекин у оқилона бўлиши керак” – психиатр

Гавҳар Тешабоева эса 6 – 8 ёшли болаларда социал медиага қарамлик биринчи ўринга чиқиб қолётгани, уларда депрессия, хавотир, қўрқув ва суицидал фикрлар борлиги аниқланганига тўхталди. Шу сабабли Тешабоева чекловга ижобий қарашини билдирди.

Ҳозирги болаларда интернет қарамлиги ёки ижтимоий тармоқларга қарамлик шаклланиб бўлди. Биз шунчаки фойдаланувчилар ҳақида гапирмаяпмиз, ҳозирги болаларимиз асосан қарам шахслар. Қарамликнинг бир қоидаси бор-да. Масалан, қарам шахс — бу аддикт шахс дейилади — у катта бўлганда қарамлик шаклини ўзгартиради, холос. Масалан, кейинчалик нарковоситаларга, турли таблеткаларга қарамлик ёки яна бошқа бир қанақадир гуруҳлашиш, ассоциал гуруҳларга қўшилиш. Шу томонлама демак, чекловлар керак, лекин у оқилона бўлиши керак. Энди бунда барибир бир қанча омиллар: психологик, ижтимоий, маданий, иқтисодий, менталитетимизга хос бўлган омиллар ҳам ҳисобга олиниши керак, деб ҳисоблайман”, – дейди психиатр.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ҳам, уни тақиқлашни ҳам плюс-минуслари бор” – педагог

Зулфия Рашидова айнан таълим соҳасида ижтимоий тармоқларнинг оммалашишини пандемия даври билан боғлайди.

Болалар мактабга бормагандан кейин ҳамма улар билан ижтимоий тармоқлар орқали гаплашишга мажбур бўлдик. Масалан, Zoom’да дарс ўтдик, Google Classroom’лар очдик, Телеграмъда уй вазифалари қабул қилдик. Биз ўзимиз қайсидир маънода болаларни ўргатиб қўйдик. Ва ҳозиргача ҳар битта синфнинг, айтайлик, ўзининг Телеграм гуруҳлари бор, тўгаракларнинг Телеграм гуруҳлари бор. Яъни ўқитувчилар ўзи манфаатдор шунақа ижтимоий тармоқлардан болалар билан фойдаланишдан.

Ва шунингдек, айни ўша пайтда жудаям кўп онлайн, видео дарслар оммалашди. Бу бизга қайсидир маънода қўл келди, бизга ёрдам берди. Чунки масофадан туриб болани ўқитиш, уй вазифаларини қабул қилиш, у билан мулоқот қилиш учун зўр, қулай нарса таклиф қилди. Ва шу аснода ҳаммамизнинг ҳаётимизга кириб келди. Айтайлик, ўша пайтда мен учун ҳам, масалан, Зоомъда дарс ўтиш биринчи дастлабки тажриба бўлди. Google Cлассроом очиш, айтайлик, бошида қийин бўлди ва кейин жудаям қулайлигини тушуниб қолгандан кейин биз ўзимиз шундан фойдалана бошладик. Яъни, биринчидан, буни қулайлигини билиб қолгандан кейин энди орқага йўл йўқ.

Масалан, электрон журналларга ўтдик. Ҳозир, масалан, таълимда хоҳ табел баҳолари дейсизми, аттестат, диплом дейсизми, ҳамма нарса электрон шаклда олинади. Яъни биз ўзимиз боланинг қўлига телефон, компьютер бериб қўйдик”, – дейди у.

Рашидова таълимни гаджет, шунингдек, ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмаслигига, тақиқ бўлса-да, уни айланиб ўтиш ҳолатлари учрашини билдирди. “Яъни айтмоқчи бўлганим, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни болага рухсат берганимизнинг ўзига яраша плюс-минуслари бўлгани каби, тақиқлаш ҳам худди шунақа, ўзига яраша плюс-минуслари бор. Айтайлик, болалар ўзининг ҳуқуқлари камситилганини ҳис қилиши мумкин”, – дейди у.

Суҳбат давомида бу амалиёт қанчалик иш бериши мумкинлиги, тақиқлаш фонида қандай таъсирлар бўлиши ва Ўзбекистонга бу керакми ёки йўқ – шулар ҳам муҳокама қилинди. Тўлиқ видеони юқоридаги ҳаволи орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева

Мавзуга оид