Жаҳон | 10:04
1142
4 дақиқада ўқилади

Сурия ҳокимияти ва курдлар кенг қамровли келишув тузди

Ҳукумат билан эришилган келишувга кўра, курдлар бошчилигидаги “Сурия демократик кучлари” фронт чизиғини тўлиқ тарк этади. Хавфсизлик кучлари Суриянинг шимолий-шарқидаги шаҳарларга киритилгандан сўнг интеграция жараёни бошланади.

Фото: Ghaith Alsayed/AP Photo/picture alliance

Курдлар бошчилигидаги “Сурия демократик кучлари” (SDF) жума куни, 30 январда Сурия ҳукумати билан ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий ҳамда маъмурий органларни давлат тузилмаларига босқичма-босқич интеграция қилиш бўйича кенг қамровли келишувга эришилганини маълум қилди. Сурия ҳукумати ҳам шу куни битим тузилганини тасдиқлади.

Бу баёнот яқиндаги тўқнашувлардан кейин янгради: улар жараёнида ҳукумат қўшинлари SDF ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Суриянинг шимолий-шарқида назорат қилиб келган ҳудуднинг катта қисмини эгаллаб олган эди.

Тузилган келишувга кўра, “Сурия демократик кучлари” тўқнашув чизиғидан олиб чиқилади, Сурия Ички ишлар вазирлигига бўйсунувчи хавфсизлик кучлари эса Ал-Ҳасака ва Ал-Қамишли шаҳарларига киритилади. Шундан кейин курд кучлари билан ҳукумат кучларини интеграция қилиш жараёни бошланиши керак.

Кутилганидек, бу жараён шимолий-шарқий ҳудудда SDF'нинг учта бригадасидан иборат янги ҳарбий тузилма ташкил этилишини, шунингдек, SDF'нинг яна битта бригадаси ҳукумат таркибига киритилишини назарда тутади — у Ҳалаб вилоятида ҳукумат бригадаси таркибига қўшилади.

АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва Сурия бўйича махсус вакил Томас Баррак мамлакат ҳокимияти ва курдлар ўртасидаги келишувни “Суриянинг миллий ярашув, бирлик ва барқарор устуворликка эришиш йўлидаги фундаментал ҳамда тарихий босқич” деб атади.

Ҳужжатда айтилишича, келишувнинг мақсади — Сурия ҳудудларини бирлаштириш ва минтақада тўлиқ интеграцияга эришиш, бу манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқали амалга оширилади. Шунингдек, ҳужжат курд халқи учун “фуқаролик ва таълим ҳуқуқлари”ни кўзда тутади ҳамда “кўчирилган шахсларнинг ўз ҳудудларига қайтиши”ни кафолатлайди.

Янги Сурия ҳокимиятининг давлат тузилмаларига “кудрлар ҳукуматидаги муассасалар ва уларнинг ходимлари” ҳам интеграция қилиниши кераклиги қайд этилган.

Келишувга мувофиқ, Дамашққа мамлакатнинг шимолий-шарқий ҳудудидаги турмалар, нефт ва газ конлари ўтади. Илгари Сурия қўшинлари мамлакатдаги энг йирик нефт кони — “Омар”ни назоратга олган ва Фирот дарёсидаги стратегик аҳамиятга эга Табқа тўғонини эгаллаб олган эди.

Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шаръа 18 январ куни курдларнинг “Сурия демократик кучлари” билан ўт очишни тўхтатиш режими бўйича келишув имзоланганини эълон қилди. Суриянинг SANA агентлиги хабар беришича, мазкур ҳужжат ҳукумат кучлари билан SDF ўртасида “барча фронтларда ва барча тўқнашув нуқталарида ўт очишни тўлиқ ва дарҳол тўхтатиш”ни назарда тутган.

Ҳалаб атрофидаги жанглар 6 январдан бери давом этган. Томонлар бир-бирини зўравонликни кучайтиришда айблаган. Ҳалаб губернатори Азам ал-Ғарибнинг айтишича, 10 январга келиб асосан курдлар яшайдиган маҳаллалардан тахминан 155 минг аҳоли шаҳарнинг бошқа туманларига ёки қишлоқ жойларга қочиб кетган.

2025 йил октябр ойида Сурияда Башар Асад ағдарилгандан кейин илк бор парламент сайловлари ўтказилди. Улар тўғридан тўғри бўлмади — овоз беришда сайловчилар коллегияси аъзолари иштирок этди. Бундан ташқари, “хавфсизлик сабаблари” билан мамлакатнинг 14 вилоятидан 3 тасида сайловлар ўтказилмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид