Жаҳон | 08:32 / 31.01.2026
1485
4 дақиқада ўқилади

ЕИ Россиядан нефт ташиш учун зарур бўлган қатор хизматларни тақиқлаш ниятида

Европа компанияларига 20-санкциялар пакети доирасида РФдан нефт ташишга боғлиқ айрим хизматларни — масалан, суғурта ва нефт ташиш хизматларини кўрсатиш тақиқланиши мумкин, деб хабар беради Bloomberg. ЕИ санкциялар пакетини феврал ойи охиригача тасдиқламоқчи.

Фото: REUTERS

Европа Иттифоқи Россияга нисбатан навбатдаги — 20-санкциялар пакети доирасида Россия нефтига қўйилган нарх чегараси (price cap) бўйича чекловни Россия нефтини денгиз орқали ташиш учун зарур бўлган айрим хизматларни кўрсатишни тақиқлаш билан алмаштиришни истамоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги жума куни, 30 январда хабар қилди.

Bloomberg маълумотига кўра, Европа компанияларига суғурталаш ва нефт ташиш каби хизматларни кўрсатиш тақиқланиши мумкин.

ЕИ санкциялар пакетини феврал охиригача тасдиқлашни режалаштирмоқда. Тасдиқлаш учун иттифоқнинг барча аъзо давлатлари қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Bloomberg манбаларининг айтишича, айрим давлатлар аллақачон нарх чегарасини тақиқлар билан алмаштиришга қарши эканини билдирган.

1 февралдан ЕИ томонидан белгиланган Россия нефтига нисбатан нарх чегараси бир баррел учун 44,10 долларга туширилади.

Ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиладиган нарх белгилаш механизми шундай тузилганки, чегара қиймати Urals маркали нефтнинг ўртача бозор нархидан 15 фоиз паст даражада белгиланади.

Сўнгги кунларда, АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон ядровий дастури бўйича келишувга бормаса, унга қарши ҳарбий зарбалар бериш мумкинлиги ҳақидаги таҳдидлари фонида кўрсаткичлар бироз ошди.

Хабардор манбаларга кўра, Европа Иттифоқи Россиянинг айрим банклари ва нефт компаниялари, шунингдек, Россияга иттифоқ санкцияларини четлаб ўтишга ёрдам бераётган криптовалюта сервислари ва учинчи мамлакатлардаги молиявий ташкилотларга нисбатан ҳам қўшимча чекловлар жорий этишни режалаштирмоқда.

Шунингдек, санкциялар доирасига Россиянинг “соя флоти”га алоқадор қўшимча кемалар ҳам киритилиши мумкин.

Бундан ташқари, Брюссел санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш бўйича махсус инструментни илк бор қўллаши ва Қирғизистонга станоклар ҳамда муайян радио ускуналар экспортини тақиқлаши мумкин.

Таклиф этилаётган чоралар пакети айрим компанияларга нисбатан янги савдо чекловлари, шунингдек, Россияга қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган товарларга оид чекловларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Bloomberg манбаларига кўра, Россиядан айрим металл турлари импортини ҳам чеклаш режалаштирилмоқда.

Европа Иттифоқи ва “Катта еттилик” (G7) мамлакатлари Россиянинг Украинага қарши тўлиқ миқёсли қуролли босқини учун жорий қилинган санкциялар доирасида Россия нефти учун энг юқори нархни 2022 йил декабр ойида белгилаган эди. Аввалги чегара бир баррел учун 60 долларни ташкил қилган.

Учинчи давлатлар Россия нефтини фақат шундагина Ғарб компанияларининг хизматларидан (масалан, суғурта, ташиш ва ҳ.к.) фойдаланиб сотиб олиши мумкинки, бунда белгиланган нарх лимитига риоя қилиниши даркор.

Бу чоралар жорий этилгандан кейин нефт нархи амалда Владимир Путиннинг биринчи президентлик муддатидаги даражага — 2004 йилдаги 41,73 доллар/баррелга қайтди ва 2026 йил бюджетига киритилган 59 доллар/баррел даражасидан деярли 20 доллар паст бўлиб қолмоқда.

Reuters ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил январ–ноябр ойларида Россия федерал бюджети нефт-газ даромадларининг ҳар бешинчи рублини йўқотган, декабр ойида эса уларнинг пасайиши йиллик ҳисобда 49 фоизгача тезлашган.

Жорий йил бюджетига Молия вазирлиги 8,9 трлн рубл нефт-газ даромадларини киритган. Бироқ ҳозирги нархлар ва чегирмалар шароитида ҳақиқий тушумлар режадан 1,1–1,4 трлн рублга кам бўлиши мумкин, деб прогноз қилган эди иқтисодчи Дмитрий Полевой.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид