Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп Эронни урмоқчи, Украина Россия ва совуқ билан курашяпти – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 1 феврал, якшанба. Менимча, қишнинг энг қийин кунларидан ўтиб олдик. Ҳафта давомида ҳарорат -9 даражагача тушди, икки кунлаб минусдан кўтарилмаган ҳолатлар ҳам бўлди. Шимол давлати бўлмаган Ўзбекистон учун бу жиддий синов. Телефондаги маълумотлар адашмаётган бўлса, камида кейинги ўн кунда кескин совуқ бўлмаса керак.
Лекин ҳозирча хотиржамликка берилишга ҳаққимиз йўқ. Қиш барибир охирги ҳамласини қилиб олса керак. Ахир феврал, айниқса унинг охири ҳамла қилиш учун жуда қулай фурсат. Қуйида одатдагидек ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Аёз сулҳи
Икки ҳафта олдинги дайжестда Стив Уиткофф Трампга украинлар -19 даража совуқда иссиқлик ва светсиз қолгани ҳақида айтиб бермайди, дегандик. Лекин мистер Трамп барибир вазиятдан хабар топибди. Балки голф ўйинидан кейин чарчаб телевизор кўраётганида олдидан қаҳратонда иссиқликсиз қолган украинлар ҳақида лавҳа чиқиб қолган, балки журналистлар бу ҳақда жуда кўп сўрагани таъсир қилгандир.
Хуллас, Америка президенти Трамп украинлар бунақа аёзда иссиқликсиз қолиши инсофдан эмас, деди-да, Россия президенти Путинга қўнғироқ қилиб, совуқ кунлар ўтгунча Украина энергия объектларига зарба бермасликни сўради. Путин дарров рози бўлди. Кейин Трампнинг бу илтимоси Украина ва Россия ўртасида бир ҳафталик энерго объектларга зарба бермаслик бўйича сулҳга айланиб кетди.
Лекин сулҳ кучга кирганига қарамай, Украина барибир электр ва иссиқлик етишмаслигидан азият чекмоқда, Россия зарбалари бутун мамлакат энергия тизимини ишдан чиқариб бўлган. Ҳозир Украина фақат вақтинча чоралар билан одамларига энергия етказиб беряпти, марказлашган тизим издан чиққан, Россия ракетаси етиб бормаган энергия объектлари қолмаган ҳисоб.
Трамп Эронга зарба бермоқчи
Эронда намойишлар тинчиб кетди. Америка президенти Трамп намойишчиларга ёрдам йўлда, давом этаверинг, деди. Аммо Америка эронлик намойишчиларга ҳеч қандай ёрдам бермади. Расмий хабарларда ҳам минглаб одамлар ўлдирилгани тан олинди. Бу эса қурбонлар сони жуда кўп бўлганини англатади.
Трамп намойишлар тинчиган бир вақтда Эронга зарба бериш билан таҳдид қиляпти. АҚШнинг USS Abraham Lincoln (CVN-72) авиаташувчиси бошчилигидаги катта гуруҳи аллақачон Эрон яқинига жойлаштирилди. Бу гуруҳ Венесуэла соҳилларига юборилган гуруҳдан анча катта. Трамп «Эрон соҳилларига катта армада юборганини» айтди.
Америка президенти Теҳрон ядро келишувига рози бўлмаса, зарба берилиши билан таҳдид қилди. Олдинроқ Трамп «Эронда раҳбарият ўзгариши кераклигини» айтганди. Америка ҳозир Эрон энг кучсизланган ҳолатда деб билади ва шу сабаб таҳдидларни кучайтирмоқда.
Лекин Трамп Эроннинг айнан қаерига зарба бериши, қандай нишонларни кўзлаши аниқ эмас. Бундан ташқари, АҚШ Теҳрон билан ядро келишуви имзолашига Вашингтоннинг асосий иттифоқчиси Исроил қандай қараши ҳам номаълум. Обама даврида келишув имзоланишига исроилликлар қарши бўлган, Трамп биринчи муддатида келишувни бекор қилганди.
Олтин нархи ўйнади
Олтин боргани сари энг ишончли жамғармага айланиб, нархи рекордларни «уришда» давом этмоқда. Бир муддат қимматбаҳо металлнинг бир унцияси учун бозор 5600 долларгача таклиф қилди. Лекин 30 январ куни олтин нархида кескин пасайиш кузатилди. Онлайн савдолар вақтида қимматбаҳо металл нархи 10 фоиздан кўпроққа қулаб, бир унцияси учун нарх 5000 минг доллардан ҳам тушиб кетди. 2008 йилдаги бутунжаҳон инқирозидан буён бунақа кунлик тушиш қайд этилмаганди. Баъзи нашрлар 1980-йиллардан буён нархлар бир кунда бу даражада қуламаганини ёзмоқда.
Иқтисодчиларга кўра, бу нарх тушиши Доналд Трамп АҚШ Федерал захира тизими раҳбарлигига собиқ маслаҳатчиси Кевин Уорш номзодини илгари суриши билан боғлиқ.
Хуллас, Федерал захира тизими амалда Америка марказий банки вазифасини бажаради. Трамп регуляторнинг ҳозирги раҳбари Жером Пауэллни ёмон кўради, уни ҳамманинг олдида аҳмоқ деб атаган. Президент регулятор асосий ставкани тушириши керак деб ҳисоблайди, Пауэлл рад этади. Қизиғи, Пауэллни бу лавозимга олдинги муддатида Трамп тайинлаган ва энди уни ишдан ололмаяпти, чунки бунга ваколати йўқ. Пауэллнинг ваколати май ойида тугайди ва фақат ўшандан кейин Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Кевин Уорш Федерал захира тизими раҳбари бўлиши мумкин.
Уорш Трамп каби асосий ставкани тушириш керак деб ҳисоблайди. Ваҳоланки у узоқ йиллар инфляцияга қарши курашувчи иқтисодчи сифатида танилган. Америкада асосий ставка пасайиши керак деб ўйлайдиган одам ставкани белгилайдиган молия ташкилотининг эҳтимолий раҳбари бўлиши долларни мустаҳкамлади. Оқибатда Америка валютасининг асосий рақобатчиси олтин нархи тушган. Ҳар ҳолда иқтисодчилар шундай тушунтиришмоқда.
Яъни олтиннинг қадри тушиб қолгани йўқ, шундоғам унинг нархи олдинги йиллардагидан анча баланд, охирги нарх тушиши шунчаки иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ. Америка президенти ана шунақа катта одам. Биргина фалон одамни фалон жойга ишга қўймоқчиман, деган гапи билан бутун дунёдаги нарх-навонинг оёғини осмондан қилиб юборади.
Америкадан аразлаган Европа
Доналд Трамп иккинчи муддатга киришганидан кейин АҚШнинг Европа Иттифоқига нисбатан ғалати сиёсат юритмоқда. Бир қараса, «ўзингни ўзинг ҳимоя қил», дейди, бир қараса, Америка қилмаган ишларни ҳам миннат қилади, «НАТОнинг Америкага ҳеч қандай фойдаси тегмаган», дейди. Ваҳоланки, алянснинг 5-моддаси фақат бир марта, айнан Америкага ҳужум қилишганда ишга тушиб, иттифоқчилар Американинг уруши учун қўшин юборган.
Европаликлар қараса, Трамп уларни жуда ерга уриб, камситишга киришди. Шунда улар ҳам Американинг жиғига тегадиган ишлар қила олишларини кўрсатмоқда.
Масалан, ҳафта давомида Британия бош вазири Кир Стармер иқтисодчилар ҳамроҳлигида Хитойга борди. Стармер Хитойни глобал майдондаги муҳим давлат деб атади ва томонлар савдо, хавфсизлик бўйича келишув имзолади. Икки томон ҳам ўзаро муносабатларда қайта тикланиш бошланганини билдирди.
Саккиз йил деганда илк марта Британия етакчиси Хитойга борди. Пекин бунга жавобан британияликлар учун 30 кунлик визасиз режим жорий этадиган бўлди. Британиянинг машҳур AstraZeneca фармацевтика компанияси Хитой иқтисодиётига 15 миллиард доллар инвестиция киритади, икки томон жуда кўп жиддий келишувлар имзолаган. Кир Стармерга сафар давомида 50 га яқин йирик бизнес раҳбарлари ҳам ҳамроҳлик қилган.
Аввалроқ Пекинга Канада бош вазири Марк Карни ҳам борган ва томонлар йирик келишувлар имзолаганди. Хусусан, Канада Хитой электрокарлари учун божни 100 фоиздан 6 фоизгача туширди, бунга жавобан Хитой Канада етиштирадиган колза уруғи учун божни 84 фоиздан 15 фоизга туширди. Доналд Трамп бунга жавобан Канадага 100 фоизлик бож билан таҳдид қилди.
Европа Иттифоқи ҳам Трампнинг таҳдидларига жим қараб тургани йўқ. Ҳафта давомида иттифоқ етакчилари Урсула фон дер Ляйен ва Антониу Кошта дунёдаги энг йирик икки бозордан бири Ҳиндистон билан савдо келишуви имзолади. Йигирма йилга яқин давом этган музокаралар Трампнинг иқтисодий таҳдидлари фонида келишувга айланиб кетди.
Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи божларни камайтириш, савдони эркинлаштириш бўйича келишиб олган. Масалан, Ҳиндистон Европада ишлаб чиқарилган автомобиллар учун 110 фоизлик божни 10 фоизгача туширишга рози бўлган. Европа томони келишув иттифоқнинг 27 давлати ва Ҳиндистон ўртасида тузилгани, келишув камида 2 миллиард одамга тааллуқли эканига урғу берган.
Америка президенти Трамп таҳдидлар орқали ҳаммани қўрқитиб айтганимни қилдираман деб ўйлаганди. Лекин ҳозир таҳдид замони эмаслиги кўриняпти: Американинг қўшниси Канада Американинг асосий рақобатчиси Хитой билан келишиб юрибди. Европа Иттифоқи эса Ҳиндистондай йирик бозорга эркин кириш имконини қўлга киритиш арафасида.
Аёз билан курашаётган Украина
Беш йилдан бери қўшниси Россияга қарши урушаётган Украина ҳар йили қишда аёз билан курашишга ҳам мажбур бўлмоқда. Айниқса бу йилги қиш улар учун жуда қийин кечяпти. Чунки фронтда ишлари юришмаётган Россия ракета зарбалари билан Украина энергия тизимини ишдан чиқарди.
Украинадаги энергетика тизими ишдан чиққани қўшни Молдовада ҳам электр билан боғлиқ вазиятни қийинлаштирган. Шанба куни Молдованинг кўп қисми «свет»сиз қолган. Украинада ҳам деярли бутун мамлакатда узилишлар кузатилган. Баъзи ерларда кунлаб электр бўлмаслиги мумкин.
Қаҳратонда қийналаётган Украина ва Молдовага Европа Иттифоқи доимгидек ёрдам қўлини чўзди. Иттифоқ икки давлатга тезкор ёрдам кўрсатиш учун 153 миллион евро ажратди. Иттифоқ Украинага қўшимча 947 та генератор юборади. Шунингдек, камбағал давлат бўлишига қарамай украин қочқинларни қабул қилаётган Молдовага қўшимча 8 миллион евро маблағ ажратилади.
Украинада ҳозир кўп қаватли уйлар пастида одамлар совуқдан ўлиб қолмаслиги учун махсус штаблар ташкил этилган. У ерда одамлар иссиқ овқат олиши, телефонларини қувватлаши, яқинларига телефон қилиши ва навбати билан иссиқ ўринда ухлаб олиши мумкин. Бунақа штабларни айниқса Киевда кўп учратиш мумкин. Украинада шу кунларда аёзли кунлар ҳукмрон. Камида бир ҳафта давомида ҳарорат минусдан кўтарилмаслиги, тунда ҳарорат -23 даражагача тушиши кутилмоқда.
Домодедово сотилди
Ҳафта давомида Россия иқтисодидаги реал ҳолатни акс эттирадиган савдо амалга оширилди. Москвадаги машҳур Домодедово аэропорти сотилди. Харидор ҳам бегона эмас, Россия пойтахтидаги бошқа бир каттароқ аэропорт Шереметеьво рақобатчисини сотиб олди.
Аукцион қизиқ ўтди. Домодедово 1,8 миллиард доллар бошланғич нарх билан сотувга қўйилди. Одатда савдо давомида нарх кўтарилиб боради, лекин Шереметеьво рақобатчисини 880 миллион долларга сотиб олди. Яъни Москвадаги улкан аэропорт бошланғич нархидан 1 миллиард доллар арзонига сотиб юборилди. Лекин яна бир томони бор. Энди харидор Домодедовонинг 1 миллиард доллар атрофидаги кредитини ҳам тўлаши керак бўлади.
Домодедово сотиб юборилишидан аввал уни миллийлаштиришга ҳам улгуришди. Яъни давлат амалда 880 миллион доллар ишлаб олди, қарзларни ҳам харидор тўлайди. Бир қарашда 1,8 миллиард доллар жуда катта пулдек туюлиши мумкин, лекин бутун бошли Москвадаги йирик аэропорт учун бу арзимаган пул.
Масалан, бу аэропорт 2011 йилда камида 5 миллиард долларга баҳоланган. Лекин ўшанда самолётлар Москвадан бутун дунёга, Европага, Америкага учган. Ғарбнинг қиммат авиакомпаниялари самолётлари ҳар дақиқада қўниб, катта пул тўлаган.
Ҳозир эса бу аэропортлар Россия шаҳарларига, Марказий Осиё, Хитой ва яна атрофдаги баъзи давлатларга учадиган манзилга айланиб қолди. Бой мижозлар йўқ – катта пуллар ҳам йўқ. Биргина мана шу савдо уруш Россияга нима берганини кўрсатиб қўйди. Омон бўлинг, азизлар. Айтганча, имконингиз бўлса, бошқа давлатларга парвоз қилиб қолинг. Домодедоводанми, Шереметеьводанми ёки Самарқандданми фарқи йўқ. Дунёда пул сарфлашга арзигулик энг яхши машғулот бу саёҳатдир.
Мавзуга оид
18:17 / 25.01.2026
Трамп «бир парча муз» орзусида – ҳафта дайжести
20:09 / 18.01.2026
Украинлар аёзда иссиқликсиз қолди, Трамп Эронга зарба бермади — ҳафта дайжести
16:48 / 11.01.2026
Техника асрида «ўрмон қонунлари» – ҳафта дайжести
22:05 / 28.12.2025