Киев ҳамда унинг Европа ва АҚШдаги ҳамкорлари Россия Украина билан урушда келажакда тузилиши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш келишувига риоя қилишини таъминлашга қаратилган кўп даражали режани келишиб олган. Бу ҳақда сешанба, 3 феврал куни Financial Times ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Британия нашрига кўра, Москва ҳар қандай келажакдаги сулҳ келишувини яна бузса, бу Европа ва АҚШ томонидан мувофиқлаштирилган ҳарбий жавобга олиб келади. Нашр суҳбатдошларининг айтишича, бундай келишувлар 2025 йил декабрида Парижда ва 2026 йил январда Киевда украиналик, европалик ва америкалик амалдорлар иштирокида ўтган муҳокамаларда ишлаб чиқилган. Шу мавзуда Украина президенти Володимир Зеленский 2025 йил декабрида АҚШ президенти Доналд Трамп билан унинг Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда ҳам гапиргани айтилмоқда, деб ёзади FT.

Ушбу режага кўра, агар Россия ўт очишни тўхтатиш режимини бузса, 24 соат ичида дипломатик огоҳлантириш берилади ва “бу бузилишни тўхтатиш учун Украина армиясига керак бўладиган ҳар қандай ҳаракатлар” амалга оширилади.

Агар шундан кейин ҳам жанг ҳаракатлари давом этса, режанинг иккинчи босқичи ишга тушади: унда Киев тарафдорлари деб аталган “кўнгиллилар коалицияси” вазиятга аралашиши кўзда тутилган. Ушбу коалицияга ЕИнинг бир қатор аъзолари, шунингдек Буюк Британия, Норвегия, Исландия ва Туркия киради.

Агар сулҳ бузилиши кенг кўламли ҳужумга айланиб кетса, биринчи бузилишдан кейин 72 соат ичида ғарб кучлари, жумладан АҚШ армияси иштирокида мувофиқлаштирилган ҳарбий жавоб қайтарилиши назарда тутилган.

Шу билан бирга, журналистлар қайд этишича, келишувнинг кўп тафсилотлари ҳали ҳам ноаниқ. Энг аввало, хавфсизлик кафолатлари узоқ муддатли сулҳга боғланган, лекин унинг аниқ чегаралари ҳали тўлиқ белгилаб олинмаган.

Илгари Доналд Трамп Володимир Зеленскийга Украина учун НАТО шартномасининг 5-моддасидаги кафолатларга ўхшаш хавфсизлик кафолатларини таклиф қилгани айтилган: бу Россия томонидан янги эҳтимолий тажовуз бўлса, иттифоқчиларнинг жамоавий жавобини назарда тутади. Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Трамп бу кафолатларни 15 йилга таклиф қилган, аммо Украина 50 йилдек узоқроқ муддатни хоҳлайди.

Зеленский ўтган ҳафта маълум қилишича, АҚШ билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув Украина армияси сонини 800 минг нафаргача оширишни, уни ғарб қурол-яроғи билан таъминлашни ва Украина ҚК ҳарбий хизматчиларини ўқитишни назарда тутади. Financial Times ёзишича, Володимир Зеленский бундай келишувни Вашингтон билан 2026 йил 24 февралгача имзолашни истайди — айнан шу кунда Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганига тўрт йил тўлади. “Бу Киевга Москва билан музокараларда таъсир қилиш воситасини беради ва Трампнинг узоқ муддатли қўллаб-қувватлашини таъминлайди”, — деб таъкидланади мақолада.