Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия махсус хизмати: РФнинг ҳарбий харажатлари эълон қилинганидан 66 фоизга юқори
Германия Федерал разведка хизмати (BND) маълумотларига кўра, Украинадаги уруш бошланганидан бери РФ ҳар йили ҳарбий харажатларини кескин оширган. 2025 йилда бу кўрсаткич тахминан 250 млрд еврога тенг бўлган — бу деярли бутун бюджетнинг ярми.
Фото: Ведомости
Германиянинг Федерал разведка хизмати (BND) таҳлилига кўра, сўнгги йилларда Россиянинг ҳарбий харажатлари расмий мудофаа бюджетига киритилган кўрсаткичдан 66 фоизгача юқори бўлган. Бунинг сабабларидан бири — Россияда “мудофаа харажатлари” талқини НАТОдаги шу тушунчадан сезиларли фарқ қилиши, деб ёзади 4 феврал, чоршанба куни dpa агентлиги BND таҳлилий ҳужжатига таяниб.
Хусусан, РФ Мудофаа вазирлигининг қурилиш лойиҳалари, армияга оид IT-лойиҳалар, шунингдек Украинага қарши уруш қатнашчилари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларига тўланадиган ижтимоий тўловлар мудофаа бюджетига эмас, давлат бюджети бошқа бўлимларига киритилган. Бундан ташқари, расмий Россия идоралари эълон қиладиган ҳарбий харажатлар ҳақидаги маълумотлар кўпинча бузиб кўрсатилган шаклда тақдим этилади ва қўшимча таҳлилни талаб қилади, деб тушунтиради Германия ташқи разведка хизмати.
BND, шунингдек, 2022 йилда Украинага қарши тўлиқ кўламли ҳужум бошланганидан бери Россия ҳарбий харажатларининг ҳар йили кескин ўсиб бораётганини қайд этган. Германия идораси баҳосига кўра, 2025 йилда бу кўрсаткич тахминан 250 млрд еврони ташкил этган — бу РФ бутун бюджетига нисбатан тахминан ярми, ҳамда Россия ЯИМнинг тахминан 10 фоизига тенг. Қайд этилишича, 2022 йилда Россиянинг ҳарбий харажатлари ЯИМ 6 фоизи, 2023 ва 2024 йилларда эса мос равишда 6,7 фоиз ва 8,5 фоиз бўлган.
Германия разведка идораси таҳлилига кўра, РФ мудофаа бюджети маблағларини фақат Украинага қарши урушни олиб боришга эмас, балки ҳарбий салоҳиятни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга ҳам йўналтирмоқда — айниқса НАТОнинг шарқий қаноти яқинида. “Бу рақамлар Россия томонидан Европа учун тобора ўсиб бораётган таҳдидни яққол кўрсатади”, — дейилади BND баёнотида.
Шу билан бирга, Берлиндаги Илм ва сиёсат фонди (SWP) маълумотларига кўра, Россия федерал бюджетининг ҳарбий моддалар бўйича харажатлари 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида рекорд даражага — 11,854 трлн рублга етган. 2023 йилга нисбатан РФ ҳарбий бюджети 95 фоизга, 2021 йил даражасига нисбатан эса 295 фоизга ошган, деб қайд этилади.
Мавзуга оид
12:26
2024 йилда Германияга янги мигрантлар оқими 12 фоизга камайди
10:55
Германияда мигрантларни тил курсларига қабул қилиш вақтинча тўхтатилди
10:29
Германия Австралия билан нодир ер металлари бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
14:27 / 04.02.2026