Жаҳон | 07:19
2699
3 дақиқада ўқилади

Империя чегарасига етган палла: Траян замонидаги Рим

Антик тарихга қизиқувчилар учун Рим империяси харитаси жуда қизиқ туюлади. Унда Рим империяси тарихида ҳеч қачон бундан каттароқ бўлмаган ҳудудий кўлам — император Траяннинг улкан шарқий юришларидан кейинги даврдаги энг юқори нуқта акс эттирилган. Бу урушлар давомида у Дакияни, Арманистонни, Месопотамияни, Оссурияни забт этди ва Парфия пойтахти Ктесифон (ҳозирги Ироқ ҳудуди)ни эгаллади.

Фото: Shutterstock

Тарихчилар Траянни Римнинг энг яхши императорларидан бири деб билади, шунингдек уни Рим тарихидаги энг буюк қўмондонлар сафида ҳам тилга олади. Бироқ амалда у эришган қудрат чўққиси узоққа чўзилмади. Траян Испаниядаги Италика шаҳрида, ҳозирги Севиля яқинида туғилган. У ҳарбий бўлиб, армияда карера қилди ва ўта салоҳиятли ҳамда юксак ҳурматга сазовор қўмондон сифатида ном қозонди. Фарзандсиз император Нерва уни фарзандликка олди ва ўз вориси этиб тайинлади, Нерва 98 йилда (милодий) вафот этгач Траян тахтга чиқди.

Император бўлганидан сўнг Траян ҳам фуқаролик лойиҳалари, ҳам ҳарбий экспансияси билан шуҳрат қозонди. У йўллар, бандаргоҳлар қурдирди, Римда Траян форумини барпо эттирди — айни пайтда эса узоқ ўлкаларни қатъият билан бўйсундириб борди.

Фото: Visual Capitalist

Тарих шуни кўрсатадики, ҳар қандай империя ўсишнинг муайян чегараларига — маданий, географик, логистик ва маъмурий тўсиқларга бориб тақалади, бу тўсиқлар унинг тинимсиз кенгайишига йўл қўймайди. Траян ана шу чекка чегараларга жуда яқин келди ва охир-оқибат “синиш нуқтаси” билан тўқнашди.

Дакияни (ҳозирги Руминия) забт этиш, эҳтимол, унинг энг улкан ҳарбий ютуғи бўлиб, Рим ҳукмронлигини минтақада қарийб икки асрга таъминлади. Шарқий юришлар эса анча беқарор чиқди. Парфия билан урушлар — ўша даврдаги Ўрта Ер денгизи маконидаги иккинчи супердавлатга қарши тўқнашувлар Арманистон, Месопотамия ва Оссурияда тезкор кенгайишга олиб келди. Бироқ бу улкан қўшимча ҳудудлар ниҳоятда нозик ва ҳимоясиз эди: таъминот йўллари ҳаддан ташқари узайиб кетган, заиф ва қимматга тушувчи бўлиб қолди. Яҳудияда ҳамда бутун яҳудий диаспораси бўйлаб — Ливия, Миср ва Кипрда кенг кўламли қўзғолонлар авж олди, Парфия подшоҳлиги эса рамзий мағлубиятларга қарамай, ўз қудратини сақлаб қолди.

Ортга назар ташланса, бу харита фақат Римнинг энг катта зафарини эмас, балки империя ўз имкониятлари доирасидан чиқиб кетган онни ҳам муҳрлаб қўйганини кўриш мумкин. Ҳудудни забт этиш ва уни ушлаб туриш — мутлақо бошқа тартибдаги вазифалар. Қўшинлар бир неча фронт бўйлаб пароканда бўлиб кетгач, Траяннинг янги мулклари тезда барқарорлигини йўқота бошлади.

Шу билан бирга, олтмиш ёшдан ошган императорнинг соғлиғи ҳам жиддий ёмонлашиб борган. Римга қайтиш йўлида у Киликияга (ҳозирги Жанубий Туркия ҳудудида) тўхтади ва ўша ерда вафот этди.

Унинг вориси Адриан дарҳол англади: империя ўз чегараларига етган, эндиликда унга янада кенгайиш эмас, балки мустаҳкамланиш ва консолидация керак. У Британияда Адриан деворини (Вал Адриана) қурдирди ва Траяннинг шарқдаги забтларининг катта қисмидан воз кечиб, давлатни барқарорлаштиришга эътибор қаратди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид