Технология | 22:14 / 07.02.2026
639
2 дақиқада ўқилади

Дубайда ҳайдовчисиз таксилар фаолияти йўлга қўйилди

Ҳайдовчисиз таксилар реал вақт режимидаги маълумотлар, юқори аниқликдаги хариталар ва алгоритмларни бирлаштирган дастурий платформа асосида ҳаракатланади. Автомобил чорраҳалар, пиёдалар ва бошқа транспорт воситаларидан келиб чиқиб қарор қабул қила олади.

Фото: Baidu

Дубай йўллар ва транспорт бошқармаси RT6 ҳайдовчисиз таксилари фаолиятини йўлга қўйди.

Лойиҳага Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид Ол Мақтум старт берди.

Хитойнинг Baidu компаниясига қарашли Apollo Go сервиси томонидан ишлаб чиқарилган RT6 таксилари 40дан ортиқ замонавий датчиклар, жумладан, юқори аниқликдаги лидарлар, кўп диапазонли радарлар ва юқори ўлчамдаги камералар билан жиҳозланган.

Улар автомобилга атрофни мунтазам кузатиш ва таҳлил қилиш, тўсиқларни аниқлаш, йўлдаги вазиятни тахмин қилиш ва йўл ҳаракати шароитлари ўзгаришига мослашиш имконини беради.

Ҳайдовчисиз таксилар реал вақт режимидаги маълумотлар, юқори аниқликдаги хариталар ва алгоритмларни бирлаштирган дастурий платформа асосида ҳаракатланади. Автомобил мураккаб шаҳар муҳитида ҳаракатлана олади, чорраҳалар, пиёдалар ва бошқа транспорт воситаларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади.

Биринчи босқичда 100та ҳайдовчисиз машина фаолияти йўлга қўйилади, улар март ойидан йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Кейинроқ уларнинг сонини 1000тага етказиш кўзда тутилмоқда.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид