Жаҳон | 17:02
2317
1 дақиқада ўқилади

Россия генералига суиқасд қилишда гумонланган шахс Дубайда қўлга олинди – ОАВ

6 феврал куни Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати мамлакат мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берганди. Хабарга кўра, номаълум шахс Волоколамское шосседаги уйда Алексеевга қарата бир неча бор ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган.

Фото: ИЗВЕСТИЯ

Россия мудофаа вазирлиги генерал-лейтенанти Владимир Алексеевга суиқасд қилишда гумонланаётган шахс қўлга олинди, деб хабар берди РЕН ТВ.

«Известия» манбаси ҳам генералга ўқ узган шахс ушланганини тасдиқлади.

Shot маълумотига кўра, ёлланма қотил ҳамда унинг шериги Дубайдан Москвага олиб келинмоқда.

Шунингдек, ТАССнинг ёзишича, генерал-лейтенант оғир ўтган жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳушига келган.

6 феврал куни Россия Тергов қўмитаси матбуот хизмати генерал-лейтенант Владимир Алексеевнинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани ҳақида хабар берганди.

Тергов қўмитасига кўра, номаълум шахс Волоколамское шосседаги уйда Алексеевга қарата бир неча бор ўқ узган ва воқеа жойидан яширинган.

Алексеев Бош штаб Бош разведка бошқармаси бошлиғи, Украина ва АҚШ билан учтомонлама музокараларда Россия делегациясига раҳбарлик қилаётган адмирал Игор Костюковнинг биринчи ўринбосари ҳисобланади. 2017 йилда унга Россия Қаҳрамони унвони берилган.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид