Жаҳон | 11:55 / 09.02.2026
2039
3 дақиқада ўқилади

Россия бир ҳафтада Украинага 2000 та дрон ва 116 та ракета учирди

Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилишича, Россия бир ҳафта ичида Украинага 116 та турли хил ракета, 1200 та бошқариладиган авиабомба ва 2000 тадан ортиқ дрон қўллаб ҳужум қилган. У жаҳон ҳамжамиятини Киевни ҳаво мудофааси ва қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлашга чақирди.

Фото: Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати

Россия Украинага қарши ҳужумлар учун ўтган ҳафта давомида турли хил 116 та ракетани, шунингдек 1200 та бошқариладиган авиацион бомбани ва 2000 тадан ортиқ ҳужумкор дронни ишлатган. Бу статистикани Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни, 8 февралда, Telegram'да келтирди.

“Деярли ҳар куни улар (РФ ҚК — таҳр.) энергетикага, логистика инфратузилмасига, турар жойларга зарба беради. Ва бу тинчлик йўлида дипломатик иш давом этаётган пайтда ҳам содир бўляпти”, — дея изоҳ берди Украина раҳбари келтирилган рақамларга.

Шу билан бирга, Володимир Зеленский жаҳон ҳамжамиятини Россия агрессиясига жавоб қайтаришга чақирди. “Буни тўхтатиш — Украинани, бизнинг ҳимоямизни реал қўллаб-қувватлаш орқали мумкин. ҲҲМ тизимлари учун ракеталар, ҳар куни бу агрессияни тўсиб келаётган жангчиларимиз учун қурол керак. Дипломатия иш бериши учун эса Россияга доимий босим зарур. Улар учун бу урушнинг нархи шунчалик юқори бўлиши керакки, уруш РФ учун қабул қилинарли бўлмай қолсин”, — деб ёзди у.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари эрталаб эълон қилган маълумотга кўра, 8 февралга ўтар кечаси Россия Украинага 101 та дрон билан ҳужум қилган, шулардан тахминан 70 таси Shahed турида бўлган. Дронлар Россия ҳудудидан — Курск, Орёл, Брянск, Приморско-Ахтарск ва Шаталово йўналишларидан учирилган.

Украина ҳаво мудофааси воситалари мамлакатнинг шимол, жануб ва шарқ ҳудудларида турли турдаги 69 та Россия дронини уриб туширган ёки (электрон воситалар орқали) ишдан чиқарган. “13 та нуқтада 32 та ҳужумкор дроннинг урилгани (нишонга теккани) қайд этилди, шунингдек 1 та нуқтада парчаларнинг тушиши кузатилди”, — дейилади Ҳаво кучлари хабарида.

Бир кун олдин, 7 февралда, Украина энергетика компанияси ДТЭК мамлакатда энергия таъминоти бўйича критик вазият юзага келганини маълум қилди. Бу ҳолат Россиянинг муҳим энергетика инфратузилмаси объектларига давом этаётган зарбалари билан боғлиқ. Ушбу хабарга кўра, айниқса оғир вазият Киевда: у ерда сутка давомида электр энергияси фақат 1,5–2 соатга бериляпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид