Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Немисларнинг кўпчилиги Россиядан кейин АҚШни тинчликка энг катта таҳдид деб ҳисоблайди
Германия аҳолисининг 80 фоиздан ортиғи Россияни сайёрада тинчликка энг катта таҳдид солаётган давлат деб атаган, деб хабар қилди Алленсбахдаги Жамоатчилик фикрини ўрганиш институти. Иккинчи ўринда — АҚШ: немисларнинг 65 фоизи бу давлатни тилга олган.
Германия аҳолисининг қарийб учдан икки қисми (65 фоиз) АҚШни яқин йилларда сайёрада тинчликка энг катта таҳдид туғдирадиган давлат деб атаган. Бу ҳақда Алленсбахдаги Жамоатчилик фикрини ўрганиш институти (Institut für Demoskopie Allensbach) томонидан Стратегия ва олий раҳбарият маркази (Centrum für Strategie und Höhere Führung) буюртмасига кўра ўтказилган тадқиқот натижасида айтилади. Сўровнома 6–19 январ кунлари ўтказилган бўлиб, унда 16 ёшдан катта 1077 нафар Германия фуқароси қатнашган. Натижаларни сешанба, 10 феврал куни dpa агентлиги эълон қилди.
Таққослаш учун: худди шу саволга 2025 йилда Германияда яшовчиларнинг 46 фоизи, 2024 йилда эса 24 фоизи шундай жавоб берган. Шунингдек, янги сўровнома Германия аҳолисининг фақат 32 фоизи НАТОга аъзо Европа давлатига ҳужум бўлса, АҚШ ҳарбий ёрдам беради, деб ҳисоблашини кўрсатган. Бу фикрга 35 фоиз респондент ишонмайди, қолган 33 фоиз эса аниқ жавоб бермаган.
Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 81 фоизи яқин йилларда тинчликка энг катта таҳдид Россиядан келади, деб ҳисоблаган. Украинадаги кенг кўламли уруш бошланганидан бери Москвадан келадиган таҳдидни ҳар йили респондентларнинг 75–82 фоизи асосий деб атаб келган. Яна бир йирик давлат — Хитойни эса Германия аҳолисининг 46 фоизи тинчликка таҳдид деб баҳолаган.
Немислар мамлакат яқин йилларда урушга тортилишига ишонмайди: респондентларнинг 40 фоизи бундай сценарийни “кўпроқ эҳтимолдан йироқ” деб ҳисоблаган, 5 фоизи — “жуда эҳтимоли паст”, яна 24 фоиз эса аниқ жавоб бермаган. Германияда уруш “эҳтимол” бўлиши мумкин, деб ҳисоблаганлар ҳам жуда кам — 3 фоиз. “Эҳтимоли юқори” деганлар эса 28 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, респондентларнинг деярли ярми (49 фоиз) уруш бошланса, Германияни тарк этиш имкониятини кўриб чиқмаслигини айтган. Зарур бўлса, бундай вариантни ўрганишга тайёрлар 24 фоиз, яна 14 фоиз эса бу ҳақда олдиндан ўйлаб кўрганини билдирган. 13 фоиз респондент жавоб беришга қийналган.