Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германиянинг Марказий Осиёга босими, Хитой кемасини мусодара қилган Япония ва Украинага $35 млрд ёрдам – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Марказий Осиёга Украинани танлаш айтилди
Марказий Осиё давлатлари Россияга қарши санкцияларга риоя этишда Европа Иттифоқини қўллаб-қувватлаши, шунингдек, Украина томонини танлаши керак. Бу ҳақда Германия ташқи ишлар вазири Йохан Вадефул Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ТИВ раҳбарлари билан учрашув олдидан баёнот берди.
Вадефулнинг айтишича, Европа Иттифоқи Россиянинг «ҳарбий машинасини» тийиб туриш мақсадида кенг кўламли санкциялар жорий этган. Бироқ Марказий Осиё мамлакатлари «Россияга Европа чекловларини четлаб ўтишга имкон бермоқда».
«Бугун аниқ айтмоқчиман: бу санкцияларни айланиб ўтишга уринишлар Россиянинг босқинчилик урушини қўллаб-қувватлайди. Бу эса Европа Иттифоқи хавфсизлик манфаатларига бевосита таҳдид солади», - деди Вадефул.
Яқинда Россия босқинининг 4 йиллиги муносабати билан унга қарши Европа Иттифоқи 20-санкциялар пакетини қабул қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, 2027 йилдан Европа Иттифоқи Россия газини етказиб беришга тўлиқ тақиқ қўйган. 2027 йил охирига бориб эса Россия нефтини босқичма-босқич импорт қилиш тўхтатилиши режалаштирилмоқда.
Бангладешда Миллий партия ҳокимиятга келди
Жума куни Бангладешда якунланган умумий сайловларда Миллий Партия ҳал қилувчи кўпчилик овозни қўлга киритди.
Мамлакатда илк ҳақиқий рақобатли сайлов сифатида баҳоланган овоз беришнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра BNP ва унинг иттифоқчилари 299 ўриндан камида 212 тасини қўлга киритган. Мухолифатдаги «Жамаат-Ислами» ва унинг иттифоқчилари эса парламентда 70 ўринни қўлга киритди.
«Гарчи катта фарқ билан ғалаба қозонган бўлсак-да, ҳеч қандай тантанали юриш ёки митинг ташкил этилмайди», - дейилади партия баёнотида. Партия етакчиси Тариқ Раҳмоннинг бош вазир сифатида қасамёд қилиши кутилмоқда.
Расмийлар маълум қилишича, қоғоз бюллетенларни қўлда санаш пайшанба куни участкалар ёпилгач бошланган ва жума куни камида пешингача давом этади.
Унинг асосий рақиби бўлган исломий партия етакчиси мағлубиятни тан олди. Улар шунчаки «мухолифат сиёсати» билан шуғулланмаслигини, балки ижобий сиёсат юритишини маълум қилди.
Маҳаллий ОАВларга кўра, сайлов билан бир вақтда ўтказилган конституциявий ислоҳотлар бўйича овоз беришда 2 миллиондан ортиқ сайловчи «ҳа», 850 мингдан ортиғи эса «йўқ» деган. Бироқ якуний натижа бўйича ҳозирча расмий маълумот берилмади.
Швейцария аҳоли сонини чекламоқчи
Швейцария ҳукумати мамлакат аҳолиси сонини 10 миллион билан чеклаш масаласини ҳал этиш учун референдум ўтказади. Бу ўнг қанот Швейцария Халқ партияси илгари сурган режа бўлиб, иммиграцияни чеклашни назарда тутади. Ташаббус тарафдорлари умумхалқ овозига қўйиш учун етарли миқдорда имзо тўплаган. Овоз бериш 14 июн куни бўлиб ўтади.
Маълумотларга кўра, 2025 йил учинчи чораги охирига келиб Швейцария аҳолиси 9,1 миллион кишини ташкил этган.
Сўнгги йилларда аҳолининг қарийб 30 фоизини хорижда туғилганлар ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти Европа Иттифоқи мамлакатларидан келган ва айримлари Швейцария фуқаролигини олган.
Таклифга кўра, Швейцариянинг доимий резидент аҳолиси, яъни ҳам Швейцария фуқаролари, ҳам яшаш рухсатномасига эга чет элликлар — 2050 йилгача 10 миллиондан ошмаслиги қонун билан мустаҳкамланади.
Агар аҳолининг сони ундан олдин 9,5 миллионга етиб қолса, ҳукумат уни чеклаш учун чоралар кўради. Бунга бошпана бериш сиёсати, оила бирлашуви, яшаш рухсатномалари берилиши ҳамда халқаро келишувларни қайта кўриб чиқиш кириши мумкин.
Ташаббус тарафдорларига кўра, бу ғоя атроф-муҳит, табиий ресурслар, инфратузилмани — аҳолининг ўсиши натижасида юзага келадиган босимдан асрайди.
Лекин Швейцария кўпинча шифохоналар, меҳмонхоналар, қурилиш майдончалари ва университетларда хорижий ишчи кучига таянади. Миграция ва одамларнинг эркин ҳаракатланишига қўйиладиган ҳар қандай чекловлар мавжуд халқаро мажбуриятларни бузади.
Ўнг қанот партияси Алпнинг бой мамлакатида олдиндан миграцияни чеклашга уриниб келган. Лекин олдинги референдумларда кўпчилик сайловчилар бундай таклифларни рад этган.
Украинага 35 миллиард доллар ёрдам
Гренландия инқирозидан сўнг НАТО иттифоқчилари Украинани яна кун тартиби марказига қайтарди.
Брюсселдаги икки кунлик учрашувларда Европа ва НАТОга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари асосан Киевнинг жанг майдонидаги эҳтиёжлари ва келажакдаги хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилди.
Америка қуролларини харид қилиш механизми доирасида Нидерландия, Буюк Британия, Норвегия ва Швеция каби иттифоқчилар Украина учун ҳаво мудофааси тизимлари сотиб олишга юзлаб миллион евро ажратишини эълон қилди.
Иттифоқчилар 2026 йилда Украинага 35 миллиард доллар ҳарбий ёрдам ажратиш мажбуриятини эълон қилди. Бу рақамни Буюк Британия ва Германия мудофаа вазирлари тилга олди, Украина томони ҳам тасдиқлади.
Йиғилишда Украинанинг янги мудофаа вазири Михаил Федоров ҳам илк марта расмий чиқиш қилди. У Украинани фақат ёрдам олувчи ёки ҳимоя қилувчи сифатида эмас, балки НАТОга тайёр синалган инновациялар олиб келувчи манба сифатида ҳам тилга олди.
Япония Хитой балиқчилик кемасини мусодара қилди
Япония тўхташ буйруғига бўйсунмай қочишга уринган Хитой балиқ овлаш кемасини мусодара қилди. Бу ҳодиса Пекин билан тарангликни янада кучайтириши мумкин.
Мамлакат балиқчилик агентлиги хабарига кўра, кема пайшанба куни Нагасаки префектураси яқинида, Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасида тўхтатилган ва унинг капитани ҳибсга олинган.
«Балиқчилик инспектори кема капитанига текширув учун тўхташни буюрди, бироқ кема бу талабни бажармади ва қочиб кетди», - дейилади баёнотда.
Агентлик маълумотига кўра, бортда 11 киши бўлган, жумладан, 47 ёшли Хитой фуқароси бўлган капитан ҳам бор. Мусодара қилинган кема юқори қувватга эга «тўр билан ов қилувчи кема» сифатида тасвирланмоқда.
Бу 2022 йилдан буён агентлик томонидан Хитой балиқчи кемаси мусодара қилинаётган илк ҳолатдир. Хитой ҳозирча Япония баёнотига муносабат билдирмаган.
Пайшанба кунги ҳодиса икки давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтда юз берди. Япония бош вазири Санаэ Такаичи ноябрда Пекин Тайванни куч билан эгаллашга уринса, ҳарбий аралашувга тайёр бўлишини айтиб, Хитойни ғазаблантирган эди.
Хитой эса Тайван билан «қайта бирлашув» деб атайдиган мақсадга эришиш учун куч ишлатишни истисно қилмайди.
2025 йил охирида дипломатик зиддият кучайгач, Пекин Такаичидан баёнотларини қайтариб олишни талаб қилган ва Япония «олов билан ўйнашмаслиги» кераклигини айтганди.
Сурия президентига 5 та суиқасд
Ўтган йили Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръага бешта суиқасдга уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда БМТ бош котибининг ИШИД таҳдиди ҳақидаги 22 ҳисоботида гап боради. Ҳужжат БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланган.
Ҳисоботда қайд этилишича, Аш-Шаръа асосий нишон сифатида кўрилган. Шунингдек, Сурия ички ишлар вазири Анас Ҳаттоб ва ташқи ишлар вазири Асад аш-Шайбони ҳам устувор мақсадлар қаторига киритилган.
Президентга қарши икки суиқасд режаси Ҳалаб ва Дара шаҳарларида амалга оширилган. Уларни ИШИД тузилмаси сифатида фаолият юритаётган гуруҳ уюштирган.
Расмийларга кўра, ИШИДнинг тахминан 3 минг нафар жангариси фаол бўлиб қолмоқда, уларнинг аксарияти Сурияда жойлашган. Ҳужумлар асосан хавфсизлик кучларига, Сурия ва АҚШ биргаликда бошчилик қилаётган коалиция кучларига қарши содир этилган.
Асад режими қулаганидан сўнг, ҳокимиятга келган Аҳмад аш-Шаръа бошчилигидаги ҳукумат Туркия ва АҚШ билан иттифоқчиликни танлаган. Хусусан, Сурия ўтган йил ноябр ойида расман ИШИДга қарши коалицияга қўшилганди.
Мавзуга оид
15:16 / 12.02.2026
Рафаҳда навбат кутаётган беморлар, Бангладешда муҳим сайлов ва Трамп–Нетаняҳу учрашуви – кун дайжести
14:50 / 11.02.2026
Дўстини ишдан олган Жапаров, Эронга босимни ошираётган Трамп ва Канада мактабидаги отишма – кун дайжести
15:18 / 10.02.2026
Россия танкерини қўлга олган АҚШ, Кубада ёқилғи танқислиги ва Арманистонга келган Вэнс – кун дайжести
16:57 / 09.02.2026