Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент кўчаларига панжаралар қайтяпти. Улар хавфли бўлгани учун олиб ташланганди
Тошкент йўлларида пиёда ва ҳайдовчиларга хавф туғдиргани учун 7 йил аввал воз кечилган тўсиқлар яна қайтарилмоқда, харажати эса солиқ тўловчилар гарданига тушяпти. Шаҳарсозларга кўра, кўча ўртасига панжара ўрнатиш – кўришни ёмонлаштиради, ҳайдовчиларни тезроқ ҳайдашга рағбатлантиради, натижада йўлларда ўлимлар кўпаяди. Буни бир неча йил аввал тан олган расмийлар, энди сукут сақламоқда.
Тошкент шаҳрида йўллар ўртасидаги бетон тўсиқлар ва темир панжараларнинг аксарияти 2018 йилда олиб ташланган эди. Ўшанда ЙҲХБ ҳам, ҳокимлик ҳам бу тўсиқлар пиёдалар ва йўловчиларга хавф туғдираётганини тан олган эди.
Аммо орадан 7 йил ўтгач, негадир панжаралар қайтариладиган бўлди. Пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқов 2025 йил май ва июл ойларида имзолаган қарорлар билан кўчалар ўртасини панжара билан тўсишга 8,4 млрд сўм ажратган эди. Ўшанда шаҳарнинг айрим кўчалари ўртасида майда катакли, яшил рангли панжаралар пайдо бўлган эди.
Очиқ манбаларга кўра, 2025 йил 3 декабр куни бу борада тендер ўтказилган ва унда 6 млрд сўмлик таклиф билан “Qarshi Stroy Sentr” МЧЖ ғолиб деб топилган.
Куни кеча Мирзо Улуғбек кўчасидаги янги панжара ўрнатилганидан кейин бир ҳафта ўтиб олиб ташланди. Gazeta'нинг ёзишича, бунга панжаранинг пастлиги сабаб бўлган. Тез орада бу ерга бошқатдан, бу сафар баландроқ панжара ўрнатилиши кутиляпти.
Расмийлар юқорида айтилган барча ҳаракатлар замирида Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсади турганини айтади. Аммо Kun.uz билан суҳбатда бўлган фаоллар яна бир бор шаҳар кўчалари учун панжаралар нотўғри ечим эканини айтди.
“Бунинг ортидан ҳайдовчилар яна тез ҳайдашга уринади”
Урбанист Искандар Солиевга кўра, айни масала мутахассисларнинг доимий танқидий мавзуси бўлиб келган. Солиев расмийларни инсон табиатини инкор қилмасдан, уни тушунишга чақиради. Аҳоли зиж жойлашган, ҳамма қаергадир шошадиган шаҳар муҳитида одамлар кўчани осон ва тез кесиб ўтиш йўлларини излаши табиий, дейди у.
“Масалан, бозорлар ёнида ёки шаҳарларнинг кўп жойларида кўрганмиз: йўл ўртасига панжара қўйилган бўлса, қайсидир қовурғаларини синдиришади-да, ўшанинг орасидан кесиб ўтишаверади. Яъни пиёданинг йўлини қисқартириб, йўлини тўсиб қўйиш, бошқа йўллардан ўтказишга уриниш – шаҳар ичида яхши эмас. Бу тенденция ўтган йили Тошкентда бошланганидан кейин, асосан ҳалқа, кичик ҳалқа йўлида қилинган эди. Айнан светофор ёнидаги қисмларда, яъни светофор ёнидаги 50 ёки 100 метргача бўлган масофада, одамлар йўлни кесмасдан 50 метр жойда “зебра”дан кесиб ўтиши учун қилинганди ва бу бошқа шаҳарларда ҳам қилина бошланди. Андижонда энг биринчилардан бутун шаҳар йўлларини ўртасидан сеткалаб чиқишди ва шаҳарни умуман изоляцияга тушириб қўйди.
Панжара қилинса, ҳайдовчида қанақадир иллюзия пайдо бўлиши мумкин, яъни ҳозир йўлимдан ҳеч ким чиқмайди, озгина тезлигини оширсам бўлади. “Гоночный трек” (пойга йўли) бўлади-ку, сизнинг икки томонингизда панжара бор, ҳеч ким чиқмайди деган ишонч бўлади. Бунинг ортидан ҳайдовчилар яна тез ҳайдашга уринади. Бунақа нарса бўлади, албатта. Мақсад қўйиб, бу мақсадга эришишнинг ҳар хил йўллари бор-да. Лекин бу – энг самарасиз, ёмон ечимлардан бири”, – дейди Солиев.
“Панжарани қайси стандарт асосида қўйишяпти?”
Германияда фаолият юритаётган шаҳарсоз Ҳусан Муқимов 2015-2016 йилларда Тошкент давлат архитектура институтида дарс бергани, айнан шу йилларда тўсиқ, панжаралар ўрнатиш нафақат пойтахт, балки бошқа шаҳар ва вилоятларда ҳам авж олганини эслади.
“Ўшанда талабаларга ҳам айтганман: бу нарса шаҳар шароитига тўғри келмайди. Шаҳар архитектуравий қиёфасини бузади. Умумий шаҳарсозлик принциплари ёки умумий шаҳарнинг урбанистика жиҳатдан ривожланиш қиёфаларига тўғри келмайди. Норматив ҳужжатларимизда ҳам тўсиқ қўйишни кўрмаганман. Бўлган тақдирда ҳам, шаҳар ташқарисида – ҳаракат тезлиги юқори бўлган жойларда қўйилиши лозим.
Шаҳар ичида панжара трамвай йўлида бўлиши мумкин; унда ҳам баланд бўлмайди, жуда паст бўлади. Ёки ҳозир ўша БРТ (Шота Руставели кўчасида йўл ўртасидан автобуслар учун қилинган йўлак) атрофида панжара қўйган бўлса, уни ҳам тушунаман. Лекин трамвай ўтмаса, тезюрар ўша автобуслар ўтмаса, панжара қўйишдан мақсад нима?” – дейди Муқимов.
Мутахассис йўллардаги тўсиқ ва панжараларнинг хилма-хиллиги, ягона стандарт йўқлигига эътибор қаратди.
“Ҳозир қўйилаётган панжара қайси норматив асосида, қайси давлат стандарти бўйича лойиҳаланган ва қайси стандарт бўйича буни қўйишяпти? Қани ўша таҳлил қилинган, “биз мана бу илмий текшириш институтига бердик, улар ҳисоблаб чиқишди, одамнинг бўйи мана мунча экан, автомобил юраётган пайтда кўринадиган қисми мана мунча баландликда экан, шуни ҳисобга олган ҳолда биз мана бунақа илмий текшириш институтида мана шу параметрлар, ўлчамлар асосида ишлаб чиқдик”, деган нарса йўқ-да.
У панжарани ким чизиб берган? Қанақа тартиб асосида панжара чизилган? Бу ҳам бир масала. Шунинг учун биз норматив ҳужжатларимиздан ҳам чиқиб кетяпмиз”, дейди у.
“Бу – солиқ тўловчининг пулини совуриш”
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида мутахассис Носиржон Зокиров масаланинг бюджет билан боғлиқ жиҳатига урғу берди.
“Нимага олдин ўрнатилган нарса олиб ташланиб, яна қайтариляпти? Бундай ўйлаб кўрганда, бу – солиқ тўловчининг пулини совуриш-да. Чунки бир вақтлар ўрнатилган, ундан қандайдир самара бўлгандир, балки салбий томонлари ҳам бўлгандир. Шу панжараларни ўрнатиш натижасида пиёдалар билан боғлиқ ЙТҲ ўлими камайгандир. Лекин афсуски, 2024 ва 2025 йилларни таққослайдиган бўлсак, ўлим ҳолати бор-йўғи 11 нафар одамга камайибди. Бу катта кўрсаткич эмас. Жуда ҳам кам”, – дейди у.
Носиржон Зокиров масъулларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги масалаларида экспертлар билан маслаҳатлашмаётгани, бу эса жиддий муаммоларни келтириб чиқаришини қўшимча қилди.
Нима қилиш керак?
Искандар Солиев йўл ўртасидан тушадиган панжараларга алтернатив ечимлар аллақачон ишлаб чиқилганини, бундай тажрибалар самара беришини таъкидлади.
“Кимга айтманг, жамоат транспортига ўтказамиз деса, аввал инфратузилмани яратиб қўй, дейди. Яъни жамоат транспорти ҳам ҳозир зўр ҳаракат қилолмайди. Масалан, автобусни оладиган бўлсак, шаҳарда ҳозир Шота Руставелидан бошқа жойда зўр бўлиб ҳаракатланишини кўра олмаймиз. Чунки барибир кўп ҳайдовчилар А “полоса”га кириб кетади, ҳатто машинасини қолдириб кетади. Назорат бўлса, бу секин-секин ўрнига тушиб кетади, маданият ҳам шаклланади.
“Полоса”ни торайтириш, тезликни пасайтириш ҳам керак. “Полоса” торайтирилган сари одам ҳайдаганда, хоҳлайсизми-йўқми, қатордан чиқиб кетмаслик учун секинроқ ҳаракатланасиз. Бунинг ортидан бўш жой ажралади, яъни кўчанинг қисмидан фойдали бошқа функцияларга жой ажрата оламиз. Масалан, ўртада яшил оролча бўлсин. Олдин Тошкент кўчаларида харитага қарасангиз, шундай бўлган. 2004 йилдаги харитага қарасангиз ҳам кўрасиз: кўп кўчаларнинг ўртасида яшил ороллар бўлган, буфер зоналари бўлган”, – дейди Солиев.
Мутахассис расмийлардан статистик маълумотларни тўлақонли очиқлашни ҳам сўрамоқда. Бу билан кенг жамоатчилик ва мутахассисларда муаммонинг илдизига тезроқ етиб бориш, ҳар бир ҳудуд учун алоҳида ечимлар таклиф қилиш имконияти пайдо бўлади.
“Транспорт стратегияси ишлаб чиқилиши керак”
Ҳусан Муқимовга кўра, Тошкент шаҳрига профессионал транспорт стратегияси керак. Уни ишлаб чиқишда урбанистлар, архитекторлар, шаҳарсозлар ва бошқа мутахассислар иштирок этиши лозим.
“Зўр, дунё даражасидаги, Ўзбекистоннинг энг яхши мутахассислари билан бирга ишлаб, зўр транспорт стратегиясини ишлаб чиқиб, ўша транспорт стратегияси бўйича шаҳар транспорт инфратузилмаси, пиёдалар учун шароит қилишимиз керак. Она ёш боласи билан, “коляска”да, қария одам бемалол қўрқмасдан ҳаракатланиши, имконияти чекланган одамларнинг кўчага чиқишига имкон яратиш керак, мана шунақа нарсаларни биз стратегияда ўйлаб чиқишимиз керак.
Фақат велойўлак, шароит яратиш билан урбанистика бўлиб қолмайди. Биз қайси кўчанинг қатнов қисмини камайтириш, қайси кўчани ёпиш ёки қаерда янги кўча очиш мумкинлигини умумий шаҳарни анализ қилиб, стратегиясини ишлаб чиққанимизда кўра оласиз. Тўғри келган кўчани, йўлни ёпиб, мана бу кўчани гастрономик кўча қиламиз дейишга ҳам, масалан, қаршиман. Яъни сизда умумий анализ бўлиши керак”, – дейди Ҳусанов.
Носиржон Зокиров эса мактаб таълимида болаларга хавфсизлик қоидаларини чуқурроқ ўргатиш лозимлигини айтди.
“Биринчидан, дастур бўлиши керак. Дастур бўлмаса, ЙҲХ ходими мактабга бориб шундоқ бир-иккита йўл ҳаракатини тартибга солувчининг ишораларини ўтган билан, бола ўрганиб қолмайди. Уни чуқурроқ ўргатиш керак. Агар ўргатмасак, пойдевор яратмасак, кейин қийин бўлаверади”, – дейди у.
Kun.uz қатор саволларга жавоб олиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар ЙҲХББ матбуот хизмати билан боғланди, аммо расмийлардан жавоб бўлмади.
Мавзуга оид
08:33
ОАВ: ЙТҲдан кейин Адам Қодировнинг талоғи олиб ташланган
15:29 / 12.02.2026
Абдулла Қодирий кўчасида ЙТҲ: Mercedes тўсиққа урилди
10:38 / 12.02.2026
Тошкентдаги “Dna motors” автосалони мансабдорлари қамоққа олинди
23:28 / 11.02.2026