Технология | 23:24 / 14.02.2026
581
2 дақиқада ўқилади

Пентагон дронларни электромагнит импулс ёрдамида ишдан чиқариш йўлини топди

Фото: Courtesy of RTX

АҚШнинг Аризона штатидаги Юма полигонида ўтказилган машғулотлар давомида дронларни  электромагнит импулс ёрдамида ишдан чиқарадиган дрон муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Анъанавий ҳаво мудофаа тизимлари ҳар бири юз минглаб доллар турадиган ракеталарга таянади ва битта ракета фақат битта нишонни йўқ қилади. Кўпсонли дронлар ҳужуми ҳатто энг замонавий батареяларнинг ҳам ракета захирасини тугатиб қўйиши мумкин. Бундай дронларни тайёрлаш эса атиги бир неча минг долларга тушади.

Raytheon компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Coyote Block 3 дрони таҳдидни аниқлаб, зарба бериш ҳақида қарор қабул қилади ва нишонларни ҳаводаёқ нейтраллаштиради.

Coyote дастлаб электр двигателли разведка дрони бўлган. Block 2 версияси эса тўқнашув ёки портлаш орқали душман дронларини йўқ қилади. Ҳозирги Block 3 модификацияси олдинги версиянинг турбореактив двигатели ва учиш хусусиятларини сақлаб қолган, аммо жанговар қисм ўрнига энергетик қурол ўрнатилган. Янги дрон нишонни портлатиш ўрнига унинг электроникасини ишдан чиқаради. Шунингдек, жанговар вазифадан сўнг уни тўр ёрдамида тутиш, таъмирлаш ва қайта парвозга тайёрлаш мумкин.

Дроннинг ихчамлиги унга нишонга яқин масофага бориш имконини беради. У оғирлиги 600 килограммгача бўлган, юқори баландлик ва тезликда ҳаракатланаётган дронларни ҳам йўқ қила олади. 

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид