Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ урушга тайёр, Путин кўпроқ туғилиш истамоқда – ҳафта дайжести
Ассалому алайкум, азизлар. Бугун 22 феврал, якшанба. Рамазон ойининг биринчи якшанбаси. Барча мусулмонларга Рамазон ойи кириб келгани муборак бўлсин. Бу ойда Қуръон нозил бўлган, иймон келтирган мусулмонлар учун рўза тутиш фарз қилинган ва рўза ислом динининг беш устунидан бири экани белгиланган.
Мусулмон инсон ҳаётидаги энг асосий вазифа нафси устидан ғолиб бўлишдир, чунки нафсини таслим этган инсон саодатга эришади, ёмонликдан йироқ бўлади. Рўза тутишдан мурод шунчаки еб-ичишдан тийилиш деб ўйлаш бу муқаддас, шарафли ибодатга нисбатан енгил қараш бўлади, менимча. Рамазон ойида мусулмон инсон барча ёмонликлардан йироқ бўлиши, ёмон одатларини тарк этиши, нафсини ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилиши керак бўлади. Барчамизга умримиз давомидаги энг асосий кураш – нафсимизга қарши жангда ғолиб бўлиш насиб этсин. Биз одатдагидек ҳафтанинг муҳим воқеаларини биргаликда эслаймиз.
Америка қўшин тўпламоқда
АҚШ Эрон яқинида катта қўшин тўпламоқда. Ҳафта давомида Яқин Шарққа қирувчи самолётларга ҳавода ёнилғи қуювчи ўнлаб Америка самолётлари учиб борди. Ҳозир Эронга зарба берадиган сувликларда лангар ташлаган авиаташувчиларга қўшимча 50 та қирувчи самолёт юборилгани айтилмоқда. Хуллас, Америка бутун ҳаво кучларини Эрон атрофида тўплаб, эҳтимолий операцияга тайёрланмоқда.
Агар Трамп ўтган йил ёзда бўлгани каби Эронга бир зарба бериб кетишни мақсад қилганида, бунчалик тайёрланиб ўтирмасди. Ҳозирги тайёргарлик Америка Эронда бутун бошли ҳарбий операция ўтказмоқчи эканини кўрсатади. Вашингтон охирги марта Яқин Шарқда 2003 йилда ҳозирги каби қўшин тўплаган ва ўшанда Ироққа бостириб кирганди.
Трамп Теҳронга икки ҳафта вақт берди, бу вақт ичида ядровий келишув имзоланмаса, Америка Эронга зарба бериши мумкин. Ҳозирги Америкадан ҳар нарсани кутса бўлади, Мадурони олиб қочишгач, энди уларнинг ҳар қандай таҳдидига жиддий қараш керак.
Мантиқсиз музокаралар
Женевада Россия, Украина ва АҚШ ўртасида навбатдаги музокаралар раунди ўтказилди. Кутилганидек, музокараларда ҳеч қандай натижа бўлмади. Россия доимгидек бутун Донбасс назоратини сўради, Украина эса Россия 12 йилдан бери ололмаётган Донбассдан қўшинини олиб чиқишни рад этди.
Америка томонидан кучсиз музокарачилар иштирок этаётгани ҳам натижа бўлмаётганининг сабабларидан бири, менимча. Бизнесменлар Уиткофф ва Кушнер афтидан томонларга фақат бизнес таклифлар бериб урушни тугатишни истамоқда. Океан ортидан келган бу музокарачилар Россия ва Украина пул талашиб урушмаётгани, бу уруш илдизи асрларга бориб тақалишини тушунмаётган кўринади. Ўртадаги нафрат шунчалик кучлики, ҳеч қандай пул ва бизнес таклифи билан бу урушни тугатиб бўлмайди.
Олий суд ва президент тортишуви
Америкада қизиқ тортишув авж олди. Доналд Трамп кўзига кўринган ҳамма давлатларга бож жорий этиб ташлагани эсингизда бўлса керак. Мамлакат Олий суди Трамп президентлик ваколатини ошириб юборган деб топиб, унинг божлар бўйича қарорларини бекор қилди. Суд қарорига кўра, Трамп фавқулодда ҳолатлар тўғрисида қонундан асоссиз фойдаланган.
Трамп суд қароридан хафа бўлиб, уни шармандалик деб атади. Ҳатто мамлакатдаги энг юқори ҳуқуқий ташкилот бўлмиш АҚШ Олий суди «қарорни чет эл таъсири остида қабул қилган» деди. Яъни Америка президенти Америка Олий судини бошқа давлат манфаати учун ишлашда, янада аниқроғи, бошқа давлатга сотилишда айблади. Эсингизда бўлса, Трамп 2018 йил Ҳелсинкидаги Путин билан учрашувда Америка разведкаси ва махсус хизматларининг айбловларига эмас, Путиннинг гапларига ишонишини айтиб, ҳатто республикачиларни қўлловчи FOX News ҳайратига сабабчи бўлганди. Олий судни чет эл таъсиридаги ташкилот дейиш разведкага ишонмасликдан ҳам жиддийроқ айблов.
Трамп Олий суд қарорини четлаб ўтишнинг бошқа йўлини топди. Энди у 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонунга асосланиб амалдаги тарифларга қўшимча 10 фоизлик глобал бож эълон қилди. Хуллас, аввал айтганимиздек, гўёки ҳуқуқ тизими президент ваколатларини чеклаши айтиладиган Америка бошқарувида ҳам фундаментал муаммолар борлиги кўринмоқда.
Қиролнинг укасини ушлашди
Дунёда қудратли оилалар кўп, фалонча оиланинг фалон миллиард, ҳатто баъзиларининг фалон триллион доллар пули бор, дейишади. Лекин чинакамига дунёдаги энг қудратли оила банкдаги пуллари билан мақтанмайди. Менимча, дунёда Англиядаги Виндзорлар оиласидан қудратлироқ оила бўлмаса керак. Ахир бу оила бир асрдан ортиқ вақт давомида бутун Британия сиёсатини назорат қилади, раҳбарларни танлайди, тасдиқлайди, керак бўлса алмаштиради.
Ва бу оилада ҳам барчаси рисоладагидек эмас: бир қараса, бўлажак қиролнинг хотини бегона эркак билан аварияда ўлади, бир қараса, оқ танли бўлмаган актрисага уйланган шаҳзода қироллик оиласидан чиқиб кетади. Ва мана, яна бир можаро: Эпштейн файлларида номи кўп марта тилга олинган, педофилнинг уйида жуда ноқулай ҳолатдаги расмлари тарқалган собиқ шаҳзода, ҳозирги Британия қироли Чарлз III нинг укаси Эндрю полиция томонидан қўлга олинган.
Унга мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови қўйилган. Полиция қиролнинг укасини қўйиб юборган, лекин унга нисбатан тергов бошланган. Собиқ шаҳзода катта эҳтимол айнан Эпштейн билан яқин бўлгани сабаб қўлга олинган. Чунки қурбонлардан бири Эндрю билан алоқа қилгани ҳақида айтган, педофилнинг уйидан Эндрюга оид рад қилиб бўлмас кадрлар чиққан.
Путин кўпроқ туғилиш истамоқда
Россия президенти Путин мамлакат бизнеси вакилларидан туғилишни ошириш тарғиботида фаол иштирок этишни талаб қилди. Унинг айтишича, бизнес катта, кўп болали оилаларни рағбатлантириши керак. Путин бу гапларни Стратегик ташаббуслар агентлиги йиғилишида айтди. Яъни туғилишни рағбатлантиришни амалда стратегик вазифа сифатида кўрсатди.
Путин бежизга бунақа демаяпти, Россияда охирги йилларда туғилиш билан боғлиқ муаммо кучайди. 2024 йил охирги 25 йил ичидаги энг паст туғилиш кўрсаткичи қайд этилган. Ўтган йил биринчи чорагида эса туғилиш XVIII-XIX аср чегарасидан бери кузатилмаган паст даражага тушган. Шундан кейин Ростат бу борада статистикани махфийлаштириб қўйди.
Маълумот учун, Россия 2022 йилдан буён қўшниси Украина ерларини эгаллаш учун катта уруш олиб бормоқда. Туғилишда фаол иштирок этиши керак бўлган юз минглаб ёш эркаклар ҳозир фронтда жанг қилмоқда, яна юз минглаб эркаклар фронтдан ўлик ёки ярадор бўлиб қайтган.
Президент Ёл умрбод қамалди
Жанубий Кореянинг мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилган собиқ президенти Юн Сок Ёл эсингиздами? Сэул суди уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Собиқ президентга исёнга раҳбарлик қилиш айблови қўйилган. Махсус прокурорлар собиқ президентга нисбатан ўлим жазоси сўраганди, лекин суд умрбод қамоқ жазоси билан кифояланди. Жанубий Кореяда 1997 йилдан буён ҳеч ким суд ҳукми билан қатл қилинмаган. Суд ҳеч қандай асоссий ҳарбий ҳолат эълон қилиб, ҳарбийларни кўчага чиқарган президентнинг ҳаракатларини исён деб баҳолаган.
Президент Ёл 2024 йил декабрда полиция ва ҳарбийларга парламент биносини ўраб олишни буюрган, бу орқали депутатлар унинг фармонига қарши овоз беришига йўл қўймасликка уринганди. Президент Ёл ўзига нисбатан айбловни рад этган.
Кубада вазият оғир
Биласизми, мамлакат жойлашуви унинг ҳаёт тарзини белгиловчи энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Масалан, денгизга чиқа оладиган давлатлар учун маҳсулот сотиш, импорт, экспорт анча арзонга тушади, ривожланиш учун вариантлар ҳам кўп бўлади. Лекин мамлакат икки Америка қитъасининг ўртасида, юзлаб давлат кемалари сузадиган идеал денгиз йўлида жойлашиб ҳам қашшоқ яшаши мумкин.
Шу кунларда ана шундай ажойиб жойлашувга эга, лекин йиллар давомида қашшоқликда яшаб келаётган Кубада вазият янада қийинлашган. Трамп Мадурони олиб қочганидан кейин Венесуэла Кубага нефт етказиб беришни тўхтатди. Каракас Кубанинг энг асосий савдо ҳамкори эди.
Нефт импорти тўхтагани Кубадаги энергетик ва иқтисодий инқирозни кучайтирди. Етмаганига Трамп Кубага ёрдам берадиганларга таҳдид қилмоқда. Шунга қарамай, Испания ва Мексика каби давлатлар Кубага ёрдам юклари юборди. Испания БМТ орқали Кубага озиқ-овқат, тиббий маҳсулотлар юборди. Олдинроқ Мексика ҳарбий кемалар ёрдамида 800 тоннадан ортиқ ҳуманитар ёрдам юборганди.
Қўлингизда дунё харитаси бўлса, Кубанинг жойлашувини кўринг ва бунақа локацияда қандай қилиб қашшоқ яшаш мумкинлигини ақлингизга сиғдиришга ҳаракат қилинг. Ана шунақа азизлар, сиёсат билан қорин тўймайдигандек кўринади, лекин қандай сиёсат юритиш, айниқса тўғри иттифоқчи танлаш мамлакат ҳаётига шубҳасиз таъсир қилади.
Очлик ҳамон глобал муаммо
Бир қарашда жуда замонавий техника асрида яшаяпмиз, давлатлар коинотни эгаллаш, технологиялар бобида баҳслашмоқда, Марсга биринчи чиқиш учун пойга авжида. Лекин мана шу гўёки ултразамонавий асримизда ҳамон очлик миллионлаб одамларни қийнайдиган муаммо экани қанчалик аянчли.
Pew Research Center маълумотларига кўра, иқтисодий қийинчилик тобора жиддий глобал муаммога айланмоқда. Тадқиқотлар аҳолиси зич мамлакатларда бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини мустақил сотиб ололмайдиганлар сони кўп эканини кўрсатган.
Масалан, Индонезияда 82 миллион одам озиқ-овқат бўйича ёрдам олади. Ҳукумат озиқ-овқат муаммоси жиддийлашиб кетишининг олдини олиш учун турли хил субсидиялар беради, мактабларда овқатланиш бўйича дастурларга эътибор қаратади. Ҳар қанча ғалати бўлмасин, АҚШда ҳам 42 миллион одам бепул озиқ-овқат олиш дастурларидан фойдаланади.
Африка давлатларида вазият анча жиддий, қитъада тобора кўпроқ давлатлар оммавий овқат тарқатиш тизимига эҳтиёж сезмоқда. Бепул овқатланиш дастурларига эҳтиёж ортишига инфляция, қуролли тўқнашувлар, ижтимоий тенгсизлик каби омиллар сабаб бўлади.
Шу ўринда ҳар қанча аччиқ бўлмасин, ўзимизда гувоҳ бўлганим бир воқеани айтиб бермоқчиман. Рамазон ойи бошланганининг иккинчи кунида шаҳримиздаги асосий озиқ-овқат бозорида жуда катта тирбандлик олдидан чиқдим. У йўлдан кўп ўтаман, доим гавжум бўлади, лекин бунақа тирбандлик кўрмагандим. Тирбандлик охирида қарасам, одамлар йўлда тўхтаб, ҳатто машина тураргоҳларида туриб егулик сотишмоқда... Бозор жуда катта, ичи доим савдогар-у харидорлар билан шундоғам тўла, лекин Рамазон ойи бошланиши билан бозорга сиғмаган сотувчилар энди кўчаларда егулик сотишяпти. Яъни шу вақтгача ҳам ўша егуликлар сотилган, ҳозир ҳам исталган дўкондан топиш мумкин, лекин Рамазон ойида савдогарлар ва егуликлар бозорга сиғмай кўчаларга чиқиб кетяпти.
Албатта, тўкин-сочинликка нима етсин, бозорларимиз тўла бўлса яхши, лекин йўл бўйи бир саволга жавоб топа олмадим: Рамазон ойида бошқа ойларга нисбатан камроқ ейиш керак эмасми? Рамазонни байрам қилиш деганда, менимча, бизда бироз бошқача тушунча пайдо бўлган. Байрам аввало юракларда, руҳиятда бўлгани маъқул деб ўйлайман. Бозорда навбатда туриб егулик сотиб олиш эмас, умримиз давомида қилган гуноҳларимиз кечирилиши асосий байрам аслида.
Шаҳарларда катта-катта тўйхоналарда ифторлик қилишади. Тўйхоналар олди ифторга борганларнинг қимматбаҳо машиналари билан тўлади. Тўғриси, шундоғам қорнини тўқлай оладиган одамларни нега ифторга чақиришларини ҳеч қачон тушуна олмаганман. Азизлар, атрофимизда кечаси боласига нима едиришни билмайдиган, қозонига гўшт тушган кунни байрам деб биладиган оилалар кўп.
Бунақа оилалар ҳамма ерда топилади, чунки Худо ҳаммани ҳар хил яратган: кимнидир пул топишга уста қилиб, кимнидир соддароқ. Бир нарса аниқ, Худо инсонга кўп ризқ бердими, ўша инсон Худо берган ризқни муҳтожлар билан бўлишиши керак. Бойларни чақириб зиёфат бериш шарт эмас деб ўйлайман, улар қорнини ўзи тўйдириб олади.
Сўзимизни афсонавий актёр Чарли Чаплиннинг қизи Жералдинга ёзган хатидан иқтибос билан якунламоқчиман. Чаплин 76 ёшида Париждаги 21 ёшли қизига пул юбориш асносида унга хат ёзади: «Хатга қўшиб сенга чек дафтарча ҳам юборяпман, қанча хоҳласанг шунча ишлат, қизим. Лекин икки франк сарфлаганда, учинчи франк сеники эмаслигини унутма. У шунга муҳтож бўлган бегона бир одамга тегишли. Бундай бечорани топиш қийин эмас, атрофга қара, уларни ҳар қадамда учратасан». Омон бўлинг, азизлар. Ҳафталик дайжест кўрсатуви билан кейинги якшанбагача.
Мавзуга оид
01:00 / 16.02.2026
Адам «тирилди», Ким меросхўр танлади, Ғазога футбол қайтди – ҳафта дайжести
00:03 / 09.02.2026
Маск фронтни «музлатди», «Орешник» омборига «Фламинго» билан зарба – ҳафта дайжести
22:49 / 01.02.2026
Трамп Эронни урмоқчи, Украина Россия ва совуқ билан курашяпти – ҳафта дайжести
18:17 / 25.01.2026