Ўзбекистон | 07:41 / 22.02.2026
6881
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда учта автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди 

19 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Gentra Тошкент марказида жиддий ЙТҲга учради. Машина аввалига ўзи билан бир йўналишда кетаётган бошқа бир автомобиль билан тўқнашган, сўнгра бетон тўсиқ оша қарама-қарши йўналишга учиб ўтган. Оқибатда светофорни синдирган ва учинчи бир автомобилга бориб урилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Шанба куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Нукус кўчасида қора рангли Gentra қарама-қарши йўналишга чиқиб кетди. Машина жиддий шикастланган ва светофорни синдирган. Ҳодиса оқибатлари акс этган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Тошкент шаҳри йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига кўра, рул бошқарувида 19 ёшли ҳайдовчи бўлган. Ушбу автомобил Глинка кўчаси билан кесишма яқинида аввалига ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган Nexia 3 билан тўқнашган, сўнгра бетон тўсиқ оша учиб ўтиб, чорраҳада тўхтаб турган Cobalt’га бориб урилган.

Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам ходимлари Gentra ҳайдовчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишган.

Ушбу йўл-транспорт ҳаракатига қора Gentra юқори тезликда ҳаракатлангани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Гувоҳларнинг қайд этишича, кўчанинг ушбу қисмида тезликни ошириш ҳолатлари мунтазам равишда кузатилади.
 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид