Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Хабар» агентлигига берган навбатдаги интервюсида мамлакат кучишлатар тузилмаларида амалга оширилиши мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида айтиб берди. 

Қуйида интервю матни тўлиқ келтирилади:

– Ассалому алайкум, Садир Нургожоевич. Бу сафар сиз билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг давлат институти сифатидаги роли ҳақида гаплашмоқчимиз.

Илгари шу соҳада раҳбарлик лавозимларида ишлаганлар ҳам, кучишлатар тизимларда ишлаганлар ҳам, оддий одамлар ҳам эслайди, иттифоқ даврида КГБ ходимларини юзидан таниганлар кам бўларди. Сўнгги пайтларда махсус хизматларга нисбатан танқидлар янграмоқда: гўёки, қўмита ходимлари ҳамма жойда ўз гувоҳномаларини силкитиб, чекист мақомини обрўсизлантирмоқда. Жамиятнинг махсус хизматларга нисбатан бундай баҳолари ҳақида хабардормисиз?

– Албатта, хабарим бор. Бу борада мен анчадан бери дўстимни бир неча бор огоҳлантирганман. «Дўстим, МХДҚнинг обрўсини кўтар. Нуфузи СССР давридаги КГБники билан бир хил бўлиши керак. Ҳолат МХДҚ ходимлари ўз гувоҳномаларини дуч келган жойда кўрсатадиган даражага етди. Бундай танқидий фикрлардан қутулиш керак» деганман. Мен бу ҳақда бир неча бор айтганман.

– Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг айрим ходимлари қонунни бузиш ва жиноят содир этишда гумонланиб қўлга олинаётганини кўряпмиз. Бу уларга ҳаддан зиёд ваколатлар берилгани учун рўй бермадими? Ахир, махсус хизмат деярли барча соҳаларга – қурилишдаги қонунбузарликлар ва бозордаги гўшт нархларидан тортиб, интим хизмат кўрсатувчи шахслар билан курашишгача аралаша бошлаганига гувоҳмиз.

– Ана шундай «интим хизматлар билан кураш» ҳақидаги видеолардан бири эълон қилинган куни уни чақирдим ва дедим: «Дўстим, бу соҳани ИИВга бер, бу уларнинг иши. Миллий хавфсизлик қўмитасининг даражасини туширма».

Коррупцияга аралашиб қолган ходимларга келсак, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу борадаги маълумотларни очиқлаб бўлмайди.

– Яқинда сиз Чегара хизмати ва Давлат қўриқлаш хизматини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таркибидан чиқардингиз. Қўмитада кутилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил сўзлаб бера оласизми? Идора энди қайси йўналишларда ишлайди? Иқтисодий жиноятларга ва коррупцияга қарши кураш функциялари уларда қоладими ёки бошқа органга ўтказиладими?