Жаҳон | 17:45
953
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистон МХДҚ собиқ раҳбари Ташиевнинг иши махфийлаштирилиб, судга юборилди

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) собиқ раҳбари ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Фото: 24.kg

Қирғизистон Бош прокуратураси Қамчибек Ташиевга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича айблов далолатномасини тасдиқлади. Kaktus.media хабарига кўра, бу ҳақда адвокат Икромидин Айтқулов ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.

Ҳимоячининг сўзларига кўра, Ташиев ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ва мансаб мавқеини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Иш мазмунан кўриб чиқиш учун Бишкекнинг Первомайский туман судига юборилган. Иш бўйича жами саккиз нафар айбланувчи, жумладан, Ташиевнинг ўзи ҳам бор.

Адвокатнинг таъкидлашича, иш материаллари махфийлаштирилган, суд мажлислари ёпиқ тарзда ўтказилади, тергов ва суд маълумотларини ошкор этиш тақиқланади.

Аввалроқ, Ташиев ишнинг бошқа иштирокчилари, собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ва парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Турғунбек ўғли билан бирга ИИВ Тергов бош бошқармасига бир неча соат давом этган сўроқ учун чақирилгани хабар қилинганди.

Сўроқдан сўнг Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари ўзининг айбсизлигини эълон қилиб, «қонун олдида пок» эканини ва ўзини ҳуқуқий майдонда ҳимоя қилиш ниятида эканини айтди.

Кейинчалик Ташиев ва бошқаларнинг қайта сўроқ қилингани, шунингдек, собиқ МХДҚ раҳбарига ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаш ёки ушлаб туриш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича айбловлар қўйилгани маълум бўлди.

Расмий органлар Қамчибек Ташиев иши бўйича маълумотларни ошкор қилмаяпти.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, тергов «75 одам хати» билан боғлиқ. Февраль ойида 75 киши президент Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш раиси номига муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга чақирувчи мурожаат йўллагани маълум бўлди. Шундан сўнг, Қамчибек Ташиев МХДҚ раҳбари ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари лавозимларидан озод этилди; Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси қайта ташкил этилди; бир қатор юқори мартабали амалдорлар лавозимидан маҳрум этилди; Нурланбек Турғунбек ўғли парламент спикери ваколатларини зиммасидан соқит қилди ва депутатлик мандатини топширди; Қурманқул Зулушев ҳам депутатлик мандатини топширди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид