Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маск Ойда электромагнит катапулта қурмоқчи
SpaceX асосчиси Илон Маск яқинда сотиб олинган xAI компанияси ходимларига Ойда сунъий интеллект (СИ) учун маълумотларни қайта ишлаш маркази вазифасини бажарадиган сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш заводи қуриш нияти борлигини билдирди. Бундан ташқари, у Ой юзасига ушбу аппаратларни космосга «отиб чиқарадиган» катапулта ўрнатиш ғоясини ҳам илгари сурди.
Фото: SpaceX
«Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, икки–уч йил ичида СИ учун ҳисоблаш қувватларини таъминлашнинг энг арзон усули — уларни космосда жойлаштириш бўлади», — деди Маск.
xAI ходимларининг умумий йиғилишида (унинг видеоси X ижтимоий тармоғида эълон қилинган) Маск бу фикрни яна тасдиқлади. Унинг айтишича, яқин истиқболда асосий устувор вазифа — сунъий йўлдошларни Ердан учириш бўлиб қолади. Аммо янги ўта оғир Starship ракета тизими келажакда бошқа осмон жисмларида ҳам фаолият юритиш имконини беради. Starship Ойга жуда катта ҳажмдаги юкларни етказа олади, бу эса илмий ва ишлаб чиқариш мақсадларида доимий инфратузилма яратиш имконини очади.
Маск режасига кўра, Ойдаги заводлар маҳаллий ресурслардан фойдаланиб сунъий йўлдошлар ишлаб чиқаради ва кейин уларни электромагнит тезлатиш мажмуаси ёрдамида космосга учиради.
Маск Ойда шундай mass driver деб аталадиган қурилмалардан — яъни электромагнит релсотронлардан фойдаланиш ғоясини илгари сурган биринчи инсон эмас. У 1974 йилда бу концепцияни таклиф қилган космик визионер Жерард О’Нилл изидан бормоқда. О’Нилл, масалан, Ойдан қазиб олинган бейсбол тўпи катталигидаги руда бўлакларини космосга учиришни таклиф қилган. Орбитада бу хомашёдан космик колониялар ва қуёш электр станциялари қуришда фойдаланиш мумкин бўларди.
О’Нилл бу ғоя устида Массачусетс технология институтида ҳамкасби Генри Колм ва талабалар гуруҳи билан ишлаб, катапултанинг биринчи прототипини яратган. Кейинчалик Космик тадқиқотлар институти грантлари ёрдамида янада такомиллаштирилган моделлар ишлаб чиқилди. Улар узунлиги атиги 160 метр бўлган қурилма ҳам юкни Ой юзасидан космосга чиқара олишини кўрсатди.
О’Нилл, Колм ва талабалар лаборатория намунасини намойиш қилди, уларнинг ҳисоб-китобларига кўра уни бир неча километрли ишчи тизимгача кенгайтириш мумкин. Бундай тизим Ер–Ой тизимининг Лагранж нуқталаридан бирига йилига 600 000 тоннагача юк етказиб беришга қодир бўлар эди.
Сўнгги йилларда Ойда электромагнит учириш тизимлари истиқболини General Atomics Electromagnetic Systems мутахассиси Роберт Питеркин ҳам қўллаб-қувватлади. У 2023 йилда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг Илмий тадқиқотлар бошқармаси (AFOSR)га «Миллий хавфсизлик ва иқтисодий ўсиш манфаатлари учун ресурсларни ўзлаштириш мақсадида Ойда электромагнит учириш» номли маъруза тақдим этган.
Питеркиннинг таъкидлашича, Ой юзасига 100 тоннагача юк етказа оладиган Starship бундай дастурнинг асосий элементига айланади. SpaceX ва NASA аллақачон Ой базасини барпо этиш режаларини ишлаб чиқмоқда ва унинг жойлашуви ишончли электромагнит учириш тизимини жойлаштириш имкониятидан келиб чиқиб танланиши керак, деб ҳисоблайди у.
Маърузада таъкидланишича, Ой кремний, титан, алюминий ва темир каби фойдали ресурсларга бой. Айниқса, сув қазиб олиш имконияти катта аҳамиятга эга.
«Яқин келажакда Ой иқтисодиёти маҳаллий ресурслардан фойдаланиб, Ой орбитасидаги космик аппаратларни таъмирлаш, ёнилғи қуйиш ва таъминот ишларини Ердан материал ташишдан кўра арзонроқ амалга ошира олади», — деб хулоса қилди Питеркин.
Шу тариқа, Маскнинг сунъий йўлдошлар учун «Ой катапултаси» ғояси фантазиядан кўра, космик технологиялар жадал ривожланаётган бир пайтда яна долзарб бўлиб бораётган эски концепциянинг замонавий талқинидир.
Мавзуга оид
07:46 / 12.02.2026
Космосдаги биринчи мегаполис: SpaceX амалий босқичга ўтмоқда
18:57 / 09.02.2026
Илон Маск энди Марс эмас, Ойда шаҳар яратиш устувор эканини айтди
18:16 / 05.02.2026
Тожикистон аҳолиси учун Starlink сунъий йўлдош интернети ишга туширилди
22:14 / 04.02.2026