Иқтисодиёт | 07:23
1405
3 дақиқада ўқилади

Жаҳон миқёсида мис захиралари: Ер қаърида қанча мис бор?

Инсоният тарихи давомида ер қаъридан тахминан 700 миллион тонна мис қазиб олинган. АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, бу миқдор томони тахминан 430 метр бўлган кубни тўлдиришга етади.

Фото: Pixabay

Статистика шуни кўрсатадики, аниқланган мис конлари — яъни аллақачон топилган, аммо ҳали ўзлаштирилмаган конлар тахминан 2,1 миллиард тонна металлни ўз ичига олади. Агар бунга аллақачон қазиб олинган мис қўшилса, маълум (яъни ҳозирча аниқ ҳисобланадиган) миснинг умумий ҳажми тахминан 2,8 миллиард метрик тоннага етади.

Лекин энг таъсирлиси — қуйидагилар:

геологлар баҳолашича, ҳали очилмаган конларда ер остида чуқур жойлашган қўшимча 3,5 миллиард тонна мис бўлиши мумкин;
жами ҳисобда, Ердаги миснинг умумий массаси — қазиб олингани, маълум захиралар ва ҳали топилмагани — тахминан 6,3 миллиард тоннани ташкил этиши мумкин. Бундай ҳажм ҳар бир томони деярли 890 метр бўлган куб ҳосил қилган бўлар эди.

Бошқача айтганда, ҳозиргача сайёра миқёсидаги тахминий мис захирасининг атиги тахминан 11 фоизи қазиб олинган, холос.

Фото: World Visualized

Миснинг бу қадар муҳим бўлиш сабаби шундаки, у ҳамма нарса учун асосий материал ҳисобланади: электр симлари ва сув қувури тизимларидан тортиб, қайта тикланувчи энергия манбалари ва электромобиллар учун аккумуляторларгача. Унинг юқори ўтказувчанлиги, узоқ хизмат қилиши ва қайта ишланиш имконияти мисни замонавий инфратузилма учун алмаштириб бўлмас ресурсга айлантиради.

Шунинг учун ҳам охирги йилларда мисга бўлган талаб кескин ўсди. Электрификация, “яшил” энергия, электромобиллар, ҳатто сунъий интеллект инфратузилмаси билан боғлиқ технологиялар ҳам кўп жиҳатдан мисга таянади.

Саноат (тармоқ) ҳисоботларига кўра, тоза энергетикага ўтиш жараёни тезлашгани сайин, яқин ўн йилликда жаҳонда мисга бўлган талаб сезиларли даражада ошиши мумкин.

Миснинг улкан захиралари ҳали ҳам очилмаган бўлса-да, аниқланган конларнинг катта қисми бир нечта мамлакатларда жамланган: Чили мис захиралари ва қазиб олиш бўйича жаҳон етакчиси бўлиб қолмоқда — бу ерда дунёдаги энг йирик конлардан баъзилари жойлашган. Ундан кейин Перу ва Австралия келади: уларда жаҳон бозорларини таъминлаб келаётган кенг мис конлари мавжуд. Шунингдек, маълум мис захиралари энг катта бўлган давлатлар қаторида Россия ва Конго Демократик Республикаси ҳам бор.

Миснинг жаҳон иқтисодиётидаги ҳал қилувчи ролига қарамай, сўнгги геология разведка ишлари янги йирик конларни топишда қийинчиликка дуч келмоқда. S&P Global таҳлилига кўра, 1990–2023 йиллар оралиғида ўлчам бўйича қатъий мезонларга жавоб берадиган 239 та мис кони аниқланган бўлиб, уларнинг умумий ҳажми тахминан 1,315 миллиард тоннага тенг. Бироқ сўнгги йилларда янги топилмалар сони камайиб бормоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид