Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент ректорларни огоҳлантирди
Шавкат Мирзиёев ёшлар билан учрашувда битирувчиларни тадбиркор қилаётган олийгоҳларни ўрнак қилиб кўрсатди ва қатор саволларни ўртага ташлади: “Қолган ректорлар қаерга қараб ўтирибди? Нимага ойлик оляпти? Виждони бўлса, нимага 50 фоиз ойлигини кассага топширмайди? 4-5 йил ўқитиб, талабани ишли қилмаган ректорлар лавозимда ўтиришга ҳаққи борми-йўқми?”
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 24 феврал куни ёшлар билан учрашувда таълим муассасалари раҳбарларига мурожаат қилиб, ОТМ ректорлари битирувчиларни ишга жойлаштиришга, мактаб директорлари эса хорижий тил ва касбга ўргатишга масъул эканини таъкидлади.
Йиғилишнинг ушбу қисми акс этган видеони журналист Азиза Қурбонова Telegram-каналига жойлади.
“Республикада 157 та олийгоҳдан атиги 12 таси битирувчилар билан лойиҳа қилиб, банк кредити орқали 100 нафардан ортиқ талабани тадбиркор қилди. Қолган ректорлар қаерга қараб ўтирибди? Нимага ойлик оляпти? Нимага виждони бўлса, 50 фоиз ойлигини кассага топширмайди?
Яна бир марта ректорларни огоҳлантираман: 4-5 йил ўқитиб, талабани ишли қилмаган ректорлар лавозимда ўтиришга ҳаққи борми-йўқми, деган савол мени қийнайди. Мен ҳам кўп йил институтда ишлаганман. Нимага олийгоҳни битирган 100 фоиз бола ишли бўлмайди? Нимага мактабда 11 йил ўқиган бола битта тилни ўрганмайди? Нимага мактабда 11 йил ўқитган муаллим, директор битта касбга ўргатмайди?” – деган давлат раҳбари.
Маълумот учун, Ўзбекистон–2030 стратегиясида 9-синф битирувчиларини касбий таълим билан қамраб олишни 2025 йилдаги 29 фоиздан 2030 йилга бориб 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, бир йил давомида доимий иш ўрнига эга ОТМ битирувчиларининг улушини 65 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу кўрсаткич 2025 йилда 52 фоиз бўлгани қайд этилган.
Мавзуга оид
12:40
Мисрлик талабаларни Қорақалпоғистон ОТМга жалб этиш таклиф қилинди
09:05 / 22.02.2026
АҚШга навбатдаги ташриф, электромобил қувватлаш субсидияси ва талаба формаси – ҳафта дайжести
12:58 / 11.02.2026
Тошкентда ижарадаги уйда нарколаборатория ташкил қилган талаба қўлга олинди
13:38 / 29.01.2026