Ўзбекистон | 17:45
429
3 дақиқада ўқилади

Малакали юридик ёрдам: Конституция кафолатлаган ҳуқуқ ва замонавий муаммолар

Ўзбекистон Конституциясида инсон ҳуқуқлари олий қадрият деб белгиланган ва ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Лекин бугунги кунда қонунчиликда “малакали юридик ёрдам” тушунчасининг аниқ таърифи йўқлиги айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Фото: iStock

Масалан, кимлар ҳақиқатан ҳам малакали ёрдам кўрсатиши мумкинлиги, хизмат сифати қандай баҳоланиши ва масъулият қай тарзда белгиланиши каби масалалар очиқ қолмоқда. Амалда юридик ёрдам асосан адвокатлар томонидан кўрсатилади, чунки улар махсус мақомга, касбий билимга ва этика қоидаларига эга. Бироқ замонавий шароитда фақат адвокатлар билан чекланиб қолиш ҳам баҳсли масаласи ҳисобланади.

Айрим мутахассислар суд жараёнларида ва жиддий ҳуқуқий масалаларда фақат адвокатлар иштирок этиши лозим, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, бу сифат ва касбий стандартларни сақлашга хизмат қилади. Бошқалар эса юридик хизматлар бозори очиқ бўлиши, юқори малакали бўлган, аммо адвокат мақомига эга бўлмаган юристлар ҳам фуқароларга ёрдам кўрсата олиши кераклигини таъкидлайди. Чунки тўлиқ монополия баъзан хизмат нархининг ошишига ёки аҳолининг айрим қатламлари учун ҳуқуқий ёрдамга етиш имконияти чекланишига олиб келиши мумкин.

Шу ўринда “юридик ёрдам” ва “юридик хизмат” тушунчаларини фарқлаш муҳим. Юридик ёрдам – бу инсоннинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг қамровли фаолият бўлса, юридик хизмат кўпроқ муайян вазифаларни бажаришга қаратилган касбий хизмат шаклидир. Малакали юридик ёрдам деганда эса фақат натижа эмас, балки хизмат кўрсатувчининг билим даражаси, тажрибаси ва белгиланган стандартларга амал қилиши тушунилади.

Муаммонинг ечими сифатида қонунчиликда аниқ таърифларни белгилаш, хизмат сифати учун минимал стандартларни жорий этиш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи субъектлар доирасини аниқ тартибга солиш ҳамда давлат ҳисобидан кўрсатилган юридик ёрдамни баҳолаш тартибини жорий этиш муҳим.

Бунда, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи юристларга ҳам муайян талаблар асосида имконият бериш мумкин, аммо бу жараён назорат ва сертификатлаш механизмлари билан мустаҳкамланиши керак. Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун бепул юридик ёрдам тизимини янада кучайтириш ҳам долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, малакали юридик ёрдам – фақат муаммога учраган одамнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш эмас, балки жамиятда адолатни таъминлашнинг муҳим омилидир. Аниқ қоидалар, юқори сифат стандартлари ва адолатли рақобат муҳити шакллантирилса, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояга бўлган ишончи ортади ва ҳуқуқий давлат тамойиллари янада мустаҳкамланади.

Муҳаммад Абдурайимов,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид