Ўзбекистон | 19:03
3848
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги ҳарбий қисмда шароитларни кўздан кечирди

Давлат раҳбари ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.

Президент, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмда ҳам бўлди.

Қайд қилинишича, мазкур қисмда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий бош қўмондон томонидан қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилган эди. Таъкидланишича, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда, миллий армиямиз замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда.

Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.

Миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизлигимизга мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.

Қуролли Кучлар салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлигини юксалтириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид