Жаҳон | 14:49 / 28.02.2026
5027
9 дақиқада ўқилади

Эронга қарши АҚШ-Исроил операцияси, Кубага кўз тиккан Трамп ва Боливияда сочилган пуллар – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

АҚШ ва Исроил Эронга қарши операция бошлади

28 феврал тонгида Исроил Эрон ҳудудига зарбалар бериш бошланганини маълум қилди. Теҳрон ҳудудида бир нечта портлашлар кузатилди. Исроил Эроннинг қарши жавобини кутиб осмонини ёпди ва бутун мамлакат бўйлаб «умуммиллий фавқулодда ҳолат» жорий этилди.

Шундан сўнг АҚШ президенти Доналд Трамп АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши «катта жанговар операцияларни» бошлаганини тасдиқлади. У бу ҳақда Truth Socialʼда эълон қилинган саккиз дақиқалик видеомурожаат орқали маълум қилган.

«Бизнинг мақсадимиз — Эрон режимидан келаётган яқинлашиб турган таҳдидларни йўқ қилиш орқали Америка халқини ҳимоя қилишдир», деган президент Трамп.

Шунингдек, Трамп «Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслиги кераклиги»ни ва бунинг олдини олишини айтди.

«Биз уларнинг ракеталарини йўқ қиламиз ва ракета саноатини тўлиқ вайрон қиламиз. Биз уларнинг ҳарбий-денгиз кучларини йўқ қиламиз. Биз Эрон ядровий қуролга эга бўлмаслигини таъминлаймиз», деди Трамп.

Трамп Кубани «дўстона эгалламоқчи»

АҚШ президенти Доналд Трамп жума куни Кубани «дўстона эгаллаш» истиқболини тилга олди.

«Куба ҳукумати биз билан гаплашмоқда ва улар жуда катта муаммога дуч келишган», деди Трамп Техасга сафар қилиш учун Оқ уйни тарк этаётганида. «Уларда пул йўқ. Ҳозир уларда ҳеч нарса йўқ, лекин улар биз билан гаплашмоқда. Эҳтимол биз Кубани дўстона тарзда эгаллаб олармиз», деди у.

Трамп Кубани ўзгаришга муҳтож бўлган «инқироздаги миллат» деб таърифлади ва болалигидан бери ушбу мамлакатнинг муаммолари ҳақида эшитиб келаётганини қўшимча қилди.

«Уларда пул йўқ, нефт йўқ, озиқ-овқат йўқ. Бу ҳозир ҳақиқатда оғир аҳволдаги миллат ва улар бизнинг ёрдамимизни хоҳлашади». Унинг айтишича, давлат котиби Марко Рубио бу масала билан «жуда юқори даражада» шуғулланмоқда.

Куба ҳукумати эса АҚШ билан ҳеч қандай юқори даражадаги расмий музокаралар олиб бормаётганини маълум қилди.

Axios нашрининг хабар беришича, Рубио Куба собиқ етакчисининг набираси билан махфий музокаралар ўтказиб келмоқда. Хусусан, Рубионинг яқин маслаҳатчилари ушбу ҳафтада бўлган Кариб денгизи ҳамжамияти конференцияси доирасида Кастронинг набираси билан яна учрашган. Куба ҳукумати бундай учрашувлар ҳақидаги хабарларни эса рад қилмаган.

Куба атрофидаги фаоллик – АҚШ оролга деярли барча нефт етказиб беришни тўсиб қўйиши ва коммунистик ҳукуматга босимнинг кучайиши фонида юз бермоқда.

Кобул ва Исломобод ўртасида кескинлик

27 феврал куни Покистон йирик шаҳарларга зарба бериб, вазиятни «очиқ уруш» деб атаганидан сўнг Афғонистонни бошқараётган «Толибон» ҳаракати музокараларга тайёрлигини билдирди.

«Толибон» матбуот котибининг сўзларига кўра, Покистон Афғонистон пойтахти Кобул, «Толибон» раҳбарлари қароргоҳи ҳисобланган Қандаҳор ва бошқа шаҳарларга ҳужум қилган. Бу зарбалар Покистон — жангариларга бошпана бериш айблови билан Афғонистон ҳукуматини тўғридан тўғри нишонга олган илк ҳужумлардир. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Кобулда тез ёрдам машиналари ва қирувчи самолётлар овози эшитилган.

Покистон расмийлари ўз зарбалари натижасида 274 нафар «Толибон» расмийси ва жангариси ҳалок бўлганини даъво қилмоқда. Афғонистон томони эса 55 нафар покистонлик аскар ўлдирилганини билдирди. Бироқ бу рақамлар мустақил тасдиқланмаган.

Покистон ядровий қуролга эга ва ҳарбий салоҳият жиҳатидан анча устун бўлса-да, «Толибон» ўн йилликлар давомида АҚШ бошчилигидаги кучларга қарши курашда шаклланган партизан уруши тажрибасига эга.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш зўравонликнинг кучайишидан чуқур хавотир билдириб, томонларни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди. АҚШ Давлат департаменти эса ушбу можарода Покистоннинг ўзини ҳимоя қилиш позициясини қўллаб-қувватлади.

Афғонистон ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий жума куни Қатар вакиллари билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўтган йили икки давлат ўртасидаги урушни тўхтатишга ёрдам берган Қатар бу галги инқирозни ҳал қилишда ҳам воситачилик қилмоқда.

Исроилда ҳуманитар ташкилотлар фаолияти бўйича суд

Исроил Олий суди жума куни ўз ҳукуматининг Ғазо секторида фаолият юритаётган ўнлаб инсонпарварлик ташкилотлари ишини тўхтатиш ҳақидаги қарорини вақтинча чеклаб қўйди.

Исроил ўтган йил декабр ойида 37 та халқаро ташкилотга агар улар янги қоидаларга рози бўлмаса, Ғазо ва Ғарбий соҳилда ўз ишини 60 кун ичида тўхтатишни буюрганди.

Халқаро ташкилотлар эса Исроилнинг фаластинлик ходимлар исмларини очиқлашни талаб қилувчи янги қоидаларига қарши. Хусусан 17 та нодавлат нотижорат ташкилоти Исроил Олий судига мурожаат қилиб, ушбу қарор ҳуманитар соҳада «ҳалокатли оқибатларга» олиб келишидан огоҳлантирган ва уни тўхтатиб туришни сўраган.

Исроил Олий суди вақтинчалик тақиқ бўйича ажрим чиқарди. Бу эса ташкилотларнинг аризаси суд томонидан кўриб чиқилгунига қадар, уларга ўз фаолиятини давом эттириш имконини беради.

Ёрдам ташкилотлари ўз ходимлари ҳақидаги маълумотларни Исроилга тақдим этиш хавфсизликка таҳдид солишини таъкидламоқда. Чунки Ғазодаги уруш давомида юзлаб ҳуманитар ходимлар ҳалок бўлган ёки жароҳатланган.

Исроил ҳукумати эса бу рўйхатга олиш жараёни инсонпарварлик ёрдамларининг қуролли гуруҳлар қўлига ўтиб кетишининг олдини олиш учун зарурлигини айтмоқда.

Ёрдам ташкилотлари ҳамон «суд тақиқи Исроил ҳукумати томонидан қандай талқин қилинишини ва бу уларнинг ишлаш имкониятини қанчалик оширишини» кутмоқда. Чунки Ғазо ичидаги вазият ҳамон ҳалокатли бўлиб қолмоқда.

Боливияда самолёт ҳалокати

27 феврал куни Боливия пойтахти Ла-Пас яқинида банкнотларни ташиётган ҳарбий-юк самолёти учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, гавжум шоҳкўчага қулади. Ҳодиса оқибатида 15 киши ҳалок бўлган, камида 30 киши жароҳатланган.

Расмийлар ҳалок бўлганлар самолёт ичидагиларми ёки самолёт қулаган автомагистралда кетаётганлар эканига аниқлик киритмади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда C-130 Hercules транспорт самолёти тўхтагунча ўнлаб автомобилларга зарар етказгани акс этган. Самолёт бортида Боливия банкнотлари бўлган ва ҳалокат вақтида пуллар атрофга сочилиб кетган. Тармоқлардаги бошқа тасвирларда маҳаллий аҳолининг сочилган пулларни йиғиб олишга шошилаётгани, махсус кийимдаги полиция эса уларни тарқатишга уринаётганини кўриш мумкин.

Боливия мудофаа вазирлиги ҳалокатни тасдиқлади, бироқ ҳозирча қўшимча маълумот бергани йўқ.

Украина урушидаги африкаликлар

Гана ташқи ишлар вазири Самуэл Аблаква Киевга ташрифи чоғида Украинадаги урушда камида 55 нафар Гана фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди. Унинг айтишича, яна икки фуқароси ҳозирда ҳарбий асир сифатида ушлаб турилибди.

Вазир Гана ҳукумати «даркнет»даги ноқонуний ёллаш схемаларини йўқ қилиш ва ёшларни огоҳлантириш бўйича кампанияларни бошлашини айтди. «Бу бизнинг урушимиз эмас ва биз ёшларимизнинг бошқалар учун 'тирик қалқонʼ бўлишига йўл қўя олмаймиз», - деди у.

Украина расмийлари маълумотига кўра, 2022 йилдан буён жами 272 нафар ганалик ушбу можарога алдов йўли билан жалб қилинган бўлиши мумкин. Гана бу кўрсаткичларни «тушкун ва қўрқинчли» деб атади, лекин фуқароларнинг айнан қайси томон учун жанг қилганини очиқламади.

Бироқ Украина ташқи ишлар вазири чоршанба куни Африканинг 36 та давлатидан 1700 дан ортиқ киши Россия сафида жанг қилиш учун ёлланганини маълум қилганди. Африка давлатлари орасида энг кўп Кения, Камерун, Гана ва ЖАР фуқаролари Россия–Украина урушига жалб қилинган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид