Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
G7'да кўтарилган масалалар ва Россия нефт саноатини нишонга олаётган Украина – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Исроил ҳарбий тактикасини танқид қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Ливандаги ҳарбий тактикасини оммавий равишда, камдан кам учрайдиган тарзда танқид қилди. У «жангариларни қидириш» учун бутун бошли турар жой биноларини бомбардимон қилиш шарт эмаслигини таъкидлади.
Сўнгги кунларда Трамп Исроилнинг Байрутга уюштирган ҳужумларидан норозилигини билдирганди. Унинг фикрича, Исроил «Ҳизбуллоҳ»га қарши «ҳаддан ташқари узоқ вақт»дан бери уруш олиб боряпти.
«Жуда кўп одам ҳалок бўлди. Ҳар сафар кимнидир қидираётганда турар жой биносини вайрон қилиш шарт эмас, чунки у ерда кўплаб одамлар яшайди ва уларнинг ҳаммаси ҳам «Ҳизбуллоҳ» эмас», деди Трамп Франциядаги G7 саммитида.
Трамп Нетаняҳу билан «ажойиб муносабатда» эканини айтди, бироқ шу билан бирга у Ливан масаласида «масъулиятлироқ» бўлиши кераклигини қўшимча қилди. «Бизсиз, Америка Қўшма Штатларисиз Исроил мавжуд бўлмас эди. Менсиз Исроил бўлмасди. Чунки бошқа ҳеч бир президент мен қилган ишларни қилишга тайёр эмас эди», деди Трамп.
Икки етакчи Исроилнинг Ливанда «Ҳизбуллоҳ»ни таъқиб қилишни чеклашдан бош тортгани сабабли бир неча бор тўқнаш келган. Чунки Ливанда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш Эроннинг асосий талабидир.
Трамп ушбу фикрларини билдиришидан кўп ўтмай, президентнинг оммавий чиқишларидан лавҳалар улашадиган расмий саҳифасида айнан шу сўзлар акс этган видео жойлаштирилди. Оқ уй президент Трампнинг Нетаняҳу билан мустаҳкам муносабатлари борлигини ва Исроил мудофаа кучлари «ажойиб ҳамкорлар» эканини таъкидлади.
Ҳозирча Исроил расмийлари Трампнинг сўзларига изоҳ бермади.
G7 саммитида Украина масаласи
АҚШ президенти Доналд Трамп сешанба куни президент Володимир Зеленский билан ўтказилган «жуда яхши» учрашувдан сўнг, Россия Украина билан тинчлик ўрнатиши кераклигини айтди.
Зеленский ва унинг европалик иттифоқчилари Францияда ўтаётган G7 саммитига Трампда таассурот қолдириш ва Украина вазиятни ўз фойдасига ўзгартирганини кўрсатиш умидида келишганди.
Саммитга Эрон билан дастлабки келишувни пеш қилган ҳолда келган Трамп эса Украинадаги можарони ҳам якунлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишини айтди. Бироқ Москвага босимни ошириш бўйича аниқ тафсилотларни деярли очиқламади.
«Қаранг, Россия келишувга эришиши керак. Мен қўлимдан келган барча ишни қиламан», деди Трамп журналистларга ва ҳар икки томондан ҳам жангда жуда кўп ёш йигитлар ҳалок бўлаётганини қўшимча қилди.
Трамп билан учрашувдан сўнг, Зеленский G7 етакчилари Россия урушда ғалаба қозонмаётгани ҳақида якдил фикрда эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Москвани музокаралар столига ўтиришга мажбурлаш учун Россия нефт экспорти, банк сектори ва ҳарбий ишлаб чиқаришини нишонга олувчи қўшимча санкциялар ҳам муҳокама қилинган.
Шунингдек, Зеленский душанба куни G7 саммитида Россия президенти Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилганини айтди. Бироқ Кремл расмийси Трамп ва Путин ўртасидаги телефон мулоқотида бу масала кўтарилмаганини билдирди.
Франциялик дипломатнинг сўзларига кўра, G7 етакчилари Киевни кўпроқ ҳаво мудофааси воситалари билан таъминлаш мажбуриятини олган. Бу Россия томонидан зарбалар кучайган бир пайтда Зеленский учун энг муҳим устувор вазифадир.
Сешанба куни саммит доирасида Эрон ёпиб қўйган Ҳўрмуз бўғозини хавфсиз қайта очиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Етакчилар ушбу сув йўлини айланиб ўтиш учун муқобил маршрутларни аниқлашга ҳаракат қилишди. Трампнинг сўзларига кўра, бўғоз жума куни «тўлиқ очиқ» бўлади.
Каъбанинг Кисваси алмаштирилди
Муқаддас Каъбанинг қора ипак ёпинчиғи — Кисва алмаштирилди. Маросим янги ҳижрий йил бошланишини англатувчи Муҳаррам ойининг биринчи кечаси — 16 июн куни ўтказилди.
Кисва ҳар йили Маккадаги Қирол Абдулазиз мажмуасида 10-11 ой давомида тайёрланади. Тайёр ёпинчиқнинг вазни тахминан 1 минг 415 кг. У икки қатламдан иборат: қора нақшли ипакдан тикилган ташқи қатлам ва оқ рангли пахтадан қилинган ички астар.
Кисвада Қуръони Каримнинг 30 та ояти ёзилади. Улар қарийб 200 килограммли тилла суви юритилган кумуш ва соф кумуш иплар ёрдамида матога тикилади.
Янги Кисва — йил давомида Масжидул Ҳаромда мустаҳкам туриши учун тахминан 100 та арқон ёрдамида Каъбага маҳкамланади. Кисвани ишлаб чиқаришга ҳар йили тахминан 6,5 миллион доллар сарфланади.
Кисва авваллари Зулҳижжа ойининг 9-куни, яъни ҳожилар Арафот тоғига чиққанида алмаштириларди. 2022 йилдан Ҳаж мавсумидаги юкламани енгиллатиш мақсадида Кисвани алмаштириш Ҳижрий йил бошига кўчирилган.
Ҳиндистонда Telegram вақтинча блокланди
Ҳиндистон ҳукумати саволлар сизиб чиқиши билан боғлиқ жанжал туфайли — умуммиллий тиббиёт коллежларига кириш имтиҳонини қайта ўтказиш арафасида Telegram мессенжеридан фойдаланишни блоклади.
Ҳукуматнинг маълум қилишича, Telegram платформасидан «абитуриентларни алдаш — фирибгарлик қилиш» учун фойдаланилган. Тақиқ имтиҳонларнинг эртаси куни — 22 июнгача амалда бўлади.
Ҳукумат юз минглаб одамларга таъсир қилиши муқаррар бўлган ушбу тақиқ туфайли «келиб чиққан ноқулайликлардан афсусда эканини» билдирди. Шунингдек, платформадан бундай ноқонуний контентларни олиб ташлаш ҳаракатлари натижа бермаганини маълум қилди.
Telegram асосчиси Павел Дуровнинг айтишича, бу чора — ҳақиқий айбдорларни эмас, балки Ҳиндистондаги 150 миллион оддий фойдаланувчиларни жазолайди. Савол-жавоблар сизиб чиқиши эса барибир бошқа иловаларга кўчиб ўтди.
Дуров Telegram вазиятни ўнглаш учун Ҳиндистондаги юзлаб фирибгар каналлар ўчириб ташлаганини билдирди.
Украина яна Россия нефт заводига зарба берди
Сешанба куни Украинанинг дрон ҳужуми Москва вилоятига энг йирик ёқилғи етказиб берувчи бўлган нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин келтириб чиқарди. Соҳадаги икки манба Reuters агентлигига завод ўз фаолиятини тўхтатганини маълум қилди.
Манбаларнинг таъкидлашича, «Газпром нефт»га қарашли заводга берилган зарба корхона қувватининг 53 фоизини таъминловчи бирламчи қайта ишлаш қурилмасига зарар етказган.
Гувоҳларнинг видеоёзувларида ҳужумдан кейин заводдан кучли олов ва қуюқ қора тутун кўтарилаётгани акс этган. Маҳаллий фавқулодда вазиятлар ёнғин ўчирилгани ва бу завод фаолиятига таъсир қилмаганини маълум қилди. Бироқ бу маълумот манбалар сўзларига зид келмоқда.
Москва мэри Сергей Собянин қўшимча тафсилотларни очиқламасдан, ҳудуддаги объектлардан бирига зарар етганини айтди.
Украинанинг дрон зарбалари етказаётган жиддий зарарни кўрсатувчи яна бир воқеа: «Татнефт» ўтган ҳафтада Татаристондаги заводига уюштирилган ҳужумдан сўнг, бутун мамлакат бўйлаб ўзининг ёқилғи қуйиш шохобчаларида харидлар учун чекловлар жорий этганди.
Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Украина 2026 йил бошидан буён Россиянинг урушни молиялаштиришдаги асосий манбалари — нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларини икки бараварга кўпайтирди. Ушбу стратегия Россия ички ёқилғи бозорини тобора қийин аҳволга солиб қўймоқда. Борган сари кўпроқ минтақаларда маҳаллий таъминот муаммолари ҳақида хабар берилмоқда.
Мавзуга оид
15:42 / 16.06.2026
АҚШ ва Россияда бомбардимончилар қулади, Швецияда муҳожирлар учун янги тартиб – кун дайжести
13:51 / 15.06.2026
АҚШ-Эрон дастлабки келишуви ва Британия қўлга олган Россия танкери – кун дайжести
14:40 / 12.06.2026
Трампнинг «ажойиб келишуви» ва Мексикада бошланган футбол байрами – кун дайжести
16:14 / 11.06.2026